O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

АЛЬБИНОСЛАР

АЛЬБИНОСЛАР
14,801 views
15 July 2024 - 9:40

(Дўстларимга бағишлайман)

Бошқаларга ўхшамас асло
Теримиз, кўзларимиз,
Қош-у киприкларимиз ранги
Қуёшга тик қаролмаймиз улар сингари
Улғайган чоғда ҳам
Фарқ қилмаймиз дунёнинг соф ва ожиз гўдакларидан,
Қуёшнинг озурда болаларимиз.
Одамзотнинг борки кулфатида бизни айблагайлар –
Қачонки етилса бир исён,
Қачонки ҳаддидан ошса бир зулм,
Қачонки бир қурбонлик эҳтиёжи туғилса,
Бизга қадалгайдир ҳадафлар,
Найзалар бизга тўғриланар,
Камонлар тортилар биз томон.
Биз бўлсак
Аниқ кўролмаймиз овчилар юзини,
Ҳужум қай томондан бўлишини чамалай олмаймиз ҳатто:
Шу боис гўдакларнинг кўзларидай
Маъсум кўзларимизни ярим очганча
Кутамиз, сўнг лаҳзани жим кутамиз…
Зотан, бизлар туғилишдаёқ
Ўлимни бўйнига олганлармиз
Ҳаётга жон-жаҳдимиз билан
Тармашиб олмаймиз бошқалардай
Уни озод этажакмиз
“Қўйиб юбор” деган заҳоти!
Одамлар биздан нафратланар,
Биз одамларни қаттиқ севамиз.
Одамлар биздан жирканишар,
Биз қаттиқ интиламиз уларга.
Бир-бировга жўр бўлганча
Қайта-қайта ўтинамиз одамлардан:
– Гўдакларни чавақламанг!
Қизчаларни зўрламанг!
Шаҳарларни ёқманг!
Раҳмингиз келсин ҳар шом
Шаҳид Ғазо рангида ботаётган Шафаққа …
Даҳл қилманг мазҳабларга, эътиқодларга…
Яхшиси, бизни танланг қурбонлик учун
Овчи йўлланг ортимиздан Африка шаманларидай
Зотан, бизлар одам эмас –
Альбинослармиз!

Гулноз Мўминова