O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Чинқириқ

Чинқириқ
31,969 views
31 March 2024 - 3:07

Хозиргина Шайтони лаиннинг чинқириғини эшитдим.

Унинг бир ёмон одати бор: ғафлатда ётганингда таппа босади, ҳеч нарсага улгурмай қоласан.

Секин-аста кўл бўйигами, ўрмон ичигами, дала даштгами, хилватроқ бир ерга авраб олиб боради ва кўз очиб юмгунча қабристонда пайдо бўлиб қоласан. Бунда ҳам бир рамз бор,деб ўйлаб қолдим.

Нега айнан қабристонга олиб боради?

Одамнинг жаннатда комол топишини истамаган Иблис ер юзида ҳам камол топишини истамайди.

Бир китоб ўқиётгандим, ичидаги моҳият мени ларзага солди. Худони яна ҳам яқиндан танигандай ҳис қилдим ўзимни.

Ўқишдан тўхтаб, мулоҳаза қила туриб, кўзим кетиб ухлаб қолибман.

Хаёлимда ҳар хил ўйлар кезиб юрибди, лекин бу хаёлнинг ичидан бирорта нарсани илғаб бўлмайди.

Бир нохушликни сезиб ётибман, ўша нохушлик нима эканлигини аниқроқ сезган заҳотим у бош томонимдан бостириб келди, чидаб бўлмас даражадаги чинқириғига дош бера олмай, алахсирай бошладим. Нималар дедим, эсимда йўқ, лекин узуқ-юлуқ кўп гапирдим.

Мана шу узуқ-юлуқ сўзларни кимдир ёзиб олиб, бир ерга жамласа, ғайб оламига даҳлдор бирор сир маълум бўлар, балки.

Чинқириқ чидаб бўлмас, даражага етди, Шайтон мен билан нималарнидир қаттиқ тортишаётганга ўхшарди.

Мен чидолмадим жаҳлим чиқди!
Нақ уч марта!
Мен Исо Пағамбарман!
Мен Исо Пағамбарман!
Мен Исо Пағамбарман! -деб ҳайқириб юбордим.
Нега бундай дедим, билмайман.

Нега у мен билан тортишяпти, қандай келиб қолди ахир, бош томонимда Қуръондан бир парча китоб бор эди-ку,

Қани у, мана, мана, мана! У китобни маҳкам бағримга босаман: чинқириқ баттар кучайиб боради, мен яна дош беролмайман, китобни итга ўхшаб ғажишга тушаман, тишим ўтмайди.

Ва нихоят, уч марта:
Астағфируллоҳ!
Астағфируллоҳ!
Астағфируллоҳ!-
дейман.

Тилим эмас, рухим такрорлайди ва нихоят, чинқириқ тинади.

Кейинги манзара.

Бир одам узун бўлиб уфққача саф тортган одамларга бир нималар деб ваъз ўқийди, бир нималарга даъват қилади, лекин нималигини аниқ айтмайди, қаерга бориш кераклигини айтса ҳам нима учун бориш кераклигини айтмайди.

Охири тоқатим тоқ бўлди, у айтаётган иш бўлмаслигига ақлим етди.

Кейин ўйлай бошладим: менинг дунёнинг қаерига, нима учун келишим, нималар қилишим, нималар қилмаслигим аниқ ёзиб қўйилган. Шунча пайтгача ўзимни эркинлик деб алдаб келган эканман, аслида эркинлигимни ҳам Худо бошқарарди-ку у ўз бандаларига жаннатни ваъда қилган.

Агар ўз ваъдасига заррача шубха бўлганида, Одамзодни ер юзига юбормаган бўларди.

Мутлоқ эркинликка чиққан жамийки маҳлуқ Шайтонга айланади.

Йўқ! Хаттоки Шайтонга айланиб ҳам мутлоқ эркинликка чиқиб бўлмайди!

Худодан устун куч топилмагунича – бу сўзларим учун қалбимни қотириб қўйма, эй Худо!

Яна аллақандай даҳшатли ўйлар шиддат билан хаёлимдан ўтди, хозир унинг унсурларини эслай оламан холос.

Оламон ичида бир одам менинг ўйларимни эшитиб тургандай, менга тикилиб қарайди, ўйларим хеч тўхтамайди, бунча тикилмаса; кўз ўнгимда унинг ёқимсиз турқи ўзгариб бормоқда эди. Кисқа лахзаларда унинг юзи дунёдаги жамийки қуёш қизариб ботаётган уфқгача саф тортган Шайтон қулларининг юз тузилишига бирма- бир кириб чиқди. Юзлар мутлоқ бир-бирига ўхшамаса ҳам, лекин бир ноаниқ ёқимсиз тасвирни ифодаларди.

Азал абад Худо хақидаги шиддатли ўйларим мени қанчалик ҳайратга солса, бу Шайтоннинг хаммасидан хабардорлиги мени шунчалик даҳшатга соларди.

Ла илаҳа иллаллоҳ Мухаммадур росулуллоҳ!
Ла илаҳа иллаллоҳ Мухаммадур росулуллоҳ!
Ла илаҳа иллаллоҳ Мухаммадур росулухлоҳ! -дедим.

Худо ўз итининг менга ташланиб қолишига қандай йўл берган бўлса, яна шундай занжиридан тутиб қолди.

Миродил Жўраев