O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон тобора кўп одамларни президентни интернетда ҳақорат қилгани учун қамаяпти – Human Rights Watch

Ўзбекистон тобора кўп одамларни президентни интернетда ҳақорат қилгани учун қамаяпти – Human Rights Watch
21,575 views
02 June 2024 - 13:14

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилотига кўра, Ўзбекистонда тобора кўп одамлар “президентни интернетда ҳақорат қилгани учун” қамоққа ташланмоқда.

Ташкилот чиқарган баёнотда президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилганликда айбдор деб топилиб охирги бир йил ичида 5 йилгача қамоқ жазоларига ҳукм қилинган Ўткирбек Собиров, Дилшод Искандаров, Д. Турсунов, Ситора Бозорова, Бунёджон Бобониёзов, яна бир исмсиз шахс, ҳамда аввалроқ мажбуран руҳий шифохонага ётқизилган Валижон Калоновлар иши ёритилган.

Аммо, ташкилотга кўра, бу айб билан судланганлар сони аслида юқори.

Ўзбекистон ҳукумати президентни ва унинг оиласини танқид қилган фуқароларни зўравонлик содир этмаган бўлса ҳам қамашни тўхтатиши ва бу қонунни бекор қилиши керак, дейди ташкилот.

“Ўзбекистонда одамлар жазоланишдан қўрқмасдан президент ва бошқа амалдорларни танқид қилишга қодир бўлишлари керак. Ҳукумат зудлик билан “президентни онлайн ҳақоратлаш” деган жиноятни бекор қилиши ва бу жиноят билан қамалган шахсларни озод қилиши керак”, – деб ёзади ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Виллямсон.

Қамоқ жазосига тортилганларга кўра Ўзбекистон Жиноят кодексининг 153-моддаси, 3-банди билан суд иши очилган. Уч йил аввал янгиланган бу бандда президентни телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетдан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Human Rights Watch қуйидаги ишларни санаб ўтган:

27 ёшли Ўткирбек Собиров 2023 йил январида Қўқондаги газ ва электр тақчиллигидан норози бўлиб Телеграм гуруҳида ёзган шарҳлари учун шу йилнинг майида 2 йилу 3 ойлик қамоқ жазосига ҳукм этилган. У “президентни интернетда ҳақоратлаш”, “Ўзбекистондаги конституцион тузумни ағдаришга уриниш” ва “оммавий ғалаёнларга чақириш”да айбдор деб топилган. У ўз Телеграм шарҳларида давлат сиёсатини танқид қилган, президент истеъфо беришга чақирган ва Қўқондаги газ-электр тақчиллигига қарши намойишларга ундаган.

19 ёшли Дилшод Искандаров 2023 йилнинг октябрида “президентни интернетда ҳақоратлаш”да айбдор топилиб 2,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Давлат тайинлаган экспертлар Искандаровнинг Инстаграмдаги президент оиласи видеоси остида битта шарҳ билан президент оиласини сўкканини “ҳақоратлаш ва обрўсизлантириш” дея таснифлашган. Ҳукмда айтилишича, у шарҳини сўнг ўчириб ташлаган ва ўзига қарши жиноий иш очилганини эшитгач, ўз ихтиёри билан Россиядан Ўзбекистонга қайтган.

27 ёшли Д. Турсунов 2024 йил мартида Наманган шаҳар судида “президентни интернетда ҳақоратлаш” айби билан 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Ҳукмга кўра, Фейсбукда “Муҳаммад Санжар” профили остида у Ўзбекистон президентининг Москвадаги Ғалаба куни парадига ташрифига “Сотқин бир умрлик ҳокимлиги учун [Россиядан] оқ фотиҳа олишга келди”, дея фикр қолдирган.

Прокурорларга кўра, Турсунов “Эшак Каъбани икки марта эмас, юз марта айланса ҳам эшак бўлиб қолади!” деган шарҳи билан Президент Мирзиёевни ҳақорат қилган. Турсунов Ўзбекистондан 2016 йилда чиқиб кетганида ОВИР чиқиш визасига эга бўлмагани учун “чегарани ноқонуний кесиб ўтиш”да ҳам айбдор топилган. Бу виза 2019 йида бекор қилинганди. Турсунов 2023 йил декабрида ватанга қайтганида ҳибсга олинган.

24 ёшли Ситора Бозорова 2024 йил бошида қатор жиноятлар, хусусан “президентни интернетда ҳақоратлаш”да айбдор топилиб, 5 йилу 2 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Тергов ҳужжатларига кўра, 2022 йил майида Бозорова ўз Фейсбук саҳифасида иккита сурат, жумладан Президент Мирзиёев сурати ёнаётгани акс этган видеони жойлаган ва “оиланг ёниб кетсин” деб ёзган. Яна бир ёнаётган сурат “жалаб” сўзлари туширилган Саида Мирзиёеванинг сурати бўлган.

39 ёшли Бунёджон Бозоров 2023 йилнинг октябрида Фейсбукдаги комменти учун Самарқанд судининг тил экспертлари хулосаси билан президентни интернетда ҳақоратлаш ва конституцион тузумни ағдаришга уринишда айбдор топилиб 5 йилу 1 ойлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

28 ёшли Собир Нормаматов 2024 йилнинг апрелида Инстаграмда Президент Мирзиёевнинг учта видеоси ва Саида Мирзиёеванинг бир видеоси остида сўкингани учун 2 йилу 6 ойлик мажбурий меҳнат жазосига ҳукм этилган. У Президент Мирзиёевга нисбатан “масхарабоз” ва “иккиюзламачи” сўзларини қўллаган бўлган.

40 ёшли қашқадарёлик [исм-шарифи номаълум] шахс ҳам 2022 йил февралида айни айблар билан 4 йилу 6 ойга қамоққа олинган. Аммо, суд ҳужжатларида бу айбловларга нима асос бўлгани кўрсатилмаган.

Блогер Собиржон Бобониёзов 2022 йил февралида Телеграмдаги видео ва аудио ёзувларида президентни ҳақоратлашда айбдор топилиб 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Валижон Калонов, жиззахлик блогер ва ҳукумат танқидчиси – бу жиноятда айбдор топилгани маълум бўлган биринчи шахс. У 2021 йилги президентлик сайловлари арафасида президент танқид қилган ва сайловни бойкот қилишга чақирган. Шу йилнинг декабрида Жиззах суди у жиноий жавобгарликка нолойиқ деб топиб мажбурий руҳий муолажага йўллаган. Ташкилотга кўра, икки ярим йилдан бери Калоновни мажбурий психиатрик тутқунликдан озод этишмаяпти.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, жамоатчилик арбобларини танқид қилишни жиноийлаштирадиган қонунлар халқаро қонунга зид ва баъзи изҳорларнинг ҳақорат дея топилиши қамоқ жазоси у ёқда турсин, жиноий иш учун ҳам етарли асос эмас.

“Президент ва бошқа амалдорларга қарши “ҳақорат” жиноятининг мавжуд бўлиши адлия тизимини ҳукуматнинг ўзини ҳафа қилган ҳар қандай шахсдан ўч олиш йўлидаги қуролига айлантиради”, – дейилади баёнотда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар низомига мувофиқликда, қуйидагини белгилаб қўйган: “Обрўсизлантириш учун қамоққа ташлаш ҳеч қачон тўғри жазо эмас ва барча жамоатчилик арбоблари қонунан танқидга олинишга очиқ бўлиши керак”.

Ташкилотга кўра, 2020 йилда Президент Мирзиёев туҳматни жиноятлар рўйхатидан олиб ташлашни ваъда қилган, аммо ҳануз бу ваъдасини бажармади. Унинг ўрнига 2021 йил мартида Ўзбекистон туҳматдан ҳам кенгроқ, “президентни интернетда ҳақоратлаш” бандини ишга киритди.

“Бу “президентни ҳақоратлаш” кейслари Президент Мирзиёевнинг ислоҳот ваъдаларини мазах қилади. Бу унинг ўзидан аввалги қаттиққўл президент Ислом Каримов норозилик ва танқидни ўчиришга қарши қўллаган усулларни қўллаш истаги борлигини намойиш қилади. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган мамлакатда бундан айблар билан одамларни қамоққа ташлаш тажрибасига мутлақо ўрин йўқ”, – дея хулоса қилади жаноб Виллямсон.

Манба: bbc.com/uzbek