O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ЎЗИМИЗГА ЯРАША

ЎЗИМИЗГА ЯРАША
7,531 views
03 August 2024 - 1:51

Бирлашмаймиз! Қилмишимиз ўзимизга яраша.
Шунинг учун турмушимиз ўзимизга яраша.

Бағрикенглик қилолмадик, кечиримлик бўлолмадик,
Гина сақлаб юришимиз ўзимизга яраша.

Пода каби подобонга қолиб кетган кунимиз
«Қуллуқ» қилиб туришимиз ўзимизга яраша.

Бўйсунмадик Ҳақ ҳукмига, хато кетди йўлимиз,
Тўғри йўлни кўришимиз ўзимизга яраша.

«Подшоҳ-Тангри соясидир» деган ҳадис бор, аммо
Бу ҳадисни билишимиз ўзимизга яраша.

Авж олмоқда кундан кунга фитна, исён ва нифоқ
Оқибатсиз «шўр»ишимиз ўзимизга яраша.

1-маъно- «шўр» иш, 2-маъноси «шўриш»-исён,ғалаён.
27 июль 2013-йил.

ЗЎРОВОННИНГ ФАЛСАФАСИ

Халқ нима бўлибди менинг олдимда
Подага менгзаган бир оломон-да.
Маддоҳлик қилишгач мудом ёнимда
Ўзимнинг зўрлигим тан оламанда.

Ким у миллат учун қайғураётган
Наҳот қолган бўлса яна бирор зот.
Ё озод бўлдими қамоқда ётган
Ҳурликни истаган бирор ўжар зот?

Ё қайтиб келдими қувғинда юрган
Эркпараст девона ўзга ном билан?
Қачон бу мазлум юрт озодлик кўрган-
Озодлик келгайдир фақат қон билан.

Ҳали мен тирикман-айтганим айтган
Деганим дегандир бу макон аро.
Битта мен эмаску қасамдан қайтган,
Ёлғон қасамларга тўла-ку дунё!

04.10.2013 й

ЧОҒЛАНИШ

Яшагинг келади ҳалол, мардона
Имон гулханида юракни ёқиб.
Неча йилдир билмам, юрагим йиғлар,
Мотам либос кийган Ватанга боқиб.

Сен шоир бўлдингми? Ёлғон дунёга
Сулувни севгандек маҳлиё бўлдинг.
Сўқирдек алданиб ёлғон, рўёга
Неча йил шодлигу бахтга кўмилдинг.

Шеърлар битдинг тоза ҳурликдан сўйлаб
«Истиқлол офтоби порлади» – дея.
«Ободу озод» Эл бахтини куйлаб
Маддоҳлик ҳам қилдинг баъзан ножўя.

Нечун сезмай қолдинг Ватанни хўрлаб
Зўрлаётган «зўрлар» чиқди қайданам?
Миллатни севмаган бу қалби кўрлар
Озод овозларни буғди қайтадан.

Ҳуррият, озодлик деган пок сўзлар
Бирма-бир айланди сохта шиорга.
Шундан руҳинг эзғин, юрагинг бўзлар
Шундан ачинасан она диёрга.

Бас, етар, пайтимас йиғлоқиликнинг
Эл учун чоғлангин буюк курашга!
Эрта Эл кўзига қандай қарайсан,
Бугун ярамасанг ҳолин сўрашга?!

Халққа айтадиган ҳар битта сўзинг
Юрагинг қўрида топсин обу тоб.
Сени «шоир» дея атаган элнинг
Юрак дардларига малҳам, шифо топ!

Майли, ёлғон дунё сендан олсин ўч,
Жонингга ачинма-жон сабил қолсин!
Майли, жангда енгил ёким зафар қуч,
Келажак овозлар сендан куч олсин!

УЛУС АҲВОЛИ

Бунча ўртанмасанг ўзингни қийнаб
Улус аҳволидан куйиб-ёнмасанг.
Яшасанг бўлмасми нафсингни сийлаб
Бунча ҳам исёнкор, саркаш бўлмасанг?

Яшасанг бўлмасми сурурга тўлиб,
Ўзингча шодмону, ўзингча масрур?
Не обрў топарсан сен қалқон бўлиб,
Фақат сенда борми номус, ор, ғурур?

Сен сира ишонма сўзомол халққа,
Улар қалтис чоғда сўзидан кечар.
Кеча Алмисоқда сўз бериб Ҳаққа,
Бугун шайтон берган томоқни ичар.
2013 йил

Ҳасанбой Ғойиб “Армуғон” китобидан. 2014 йилда чоп этилган.