O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Таниқли журналист Шароф Убайдуллаев 80 ёшда

Таниқли журналист Шароф Убайдуллаев 80 ёшда
1,794 views
17 January 2023 - 13:44

Таниқли журналист, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаев 80 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан Шароф Убайдуллаевни табаррук ёш билан қутлаган ҳолда “Адабиёт газетаси”да чоп қилинган журналистнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган туркум мақолалардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Шароф ака билан нафақат туз, балки анча-мунча заҳар ютишга ҳам тўғри келган. “Гулистон” журналининг илк сонида босилган ва нашрнинг биринчи мукофотини олишга сабаб бўлган “Ота-она розими?” сарлавҳали мақоласида муаллиф никоҳ шаҳодатномасида “Отаона бу никоҳга розими?” деган савол бошқа барча саволлардан муҳимроқ, деган масалани кўндаланг қўяди. “Оқим”га қарши туриш Шароф аканинг ўзига хос “касали”. Мисол, 70-йилларда машиналарда тонна-тонналаб пахта терган “қаҳрамон”лар қўзиқориндай бодраб кетишди. Сурхондарёда Шоймардон Қудратов, Наманганда Мелиқўзи Умурзоқов, Сирдарёда Жавод Кўчиевларнинг кўксида қаҳрамонлик “олтин юлдуз”лари порлади. Бу юксак мукофотлар қудратли Сиёсий бюро тасдиғидан, чиғириғидан ўтишини кекса авлод яхши эслайди. Ваҳоланки ҳатто шундай юксак минбарларга ҳам бизнинг қайсар Шароф акамизнинг калла қўйиши чўт бўлмаган.

Шароф ака Жиззахдан чиққан янги қаҳрамон Аҳмаджон Валиев каби “пуфак қаҳрамон”лар тимсолида бир мавсумда машинада минг тонна пахта териш ҳақидаги “расмий хабар”ни ғирт ёлғонга, ўзларини сохта қаҳрамонга чиқаради. Муаллифнинг “Минг тоннначилик кўзбўямачилик” деб номланган мақоласи ту ташаббуснинг бошида турган Шароф Рашидов назарига тушади. Ва миллат отаси бу хатоликни мардона тан олади, алалхусус “минг тонначилик” борасидаги шов-шувларга расман чек қўйилади.

Кейинчалик журналистнинг бошқа “Бир тўй фожиаси” мақоласи юзасидан эса Марказқўм ҳатто махсус қарор ҳам қабул қилади. Ўша йиллардаги юксак мулозимлар О.У.Салимов ва А.О.Тўраевларнинг тасдиғича мақола муаллифи Шароф Убайдуллаев билан шахсан Шароф Рашидов суҳбатлашади. Натижада Марказқўмга янги мулозим Шароф Убайдуллаев ишга олинади.

Марказқўмнинг етти йиллик мактаби, Шароф Рашидов тарбиясидан кейин навқирон қаламкаш Шароф Убайдуллаев ўша йилларда 1.5 миллион ададда чиқадиган “Тошкент оқшоми” “Вечерний Ташкент”, уларнинг иловаси “Ташкентская неделя” газеталарининг бош муҳаррири лавозимига тайинланиб яна жанговар журналистик фронтга қайтади.

80-йиллар ўрталарида “Рашидовчилик”ка қарши қўзғалган “қирғинбарот жанглар”дан пешонада бир неча “ғурра”лар орттирган қаҳрамонимиз ноҳақликка қурбон бўлади. Ўзбекистонни забт этишга отланган Анишев, Усатов, Бутурлин каби собиқ “Иттифоқ десантчи”ларига қарши қўзғалган “миллий озодлик” ғазаби қўзғалган, ошкоралик эпкини эсган йилларда Шроф Убайдуллаевнинг олдига тушадиган ва “Муқбил тошотар” бўлмаган. Аждарҳосифат генераллар Олег Гайданов (Бош прокурор ўринбосари) ва Дидоренко (Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари)ларининг босқинчилик ва зўравонликка асосланган фаолиятлари ҳақидаги “Осмонни ким суяб турибди?”, афғон- чилар фожиасига бағишланган “Афғон ни- доси”, “Ўзбеклар иши”га қарши “Ҳукм устидан ҳукм” фельетон ва публицистик мақолалари билан журналист Шроф Убайдуллаев “оқим”га қарши гоҳ қулоч очиб сузди, гоҳ уммонда чўка- ёзди, қирғоқдан-қирғоққа урилиб, узоқ йиллар жамоатчилик кўзидан йироқлашгандай ҳам бўлди…

Журналист учун фазилатми бу ёки қусурми, айтолмайман, лекин ўз сўзини айтиш, ҳақиқат жарчилиги муаллифга ҳамиша ҳам шон-шараф ва мукофот келтиравермаган бўлсада, Шароф Убайдуллаев ҳар сафар адолатга асосланган қалами билан даврага чиққанига аминман. У 90-йиллар бошида аввал марказий Комитетда, кейинчалик Президент девонида масъул лаво- зимларда ишлади. “Ўзбекистон овози” газетасига бош муҳаррирлик қилди.

Шароф ака билан заҳар-заққум ют- ган кунларимиз ҳеч ёдимдан чиқмайди. Оиламиз бошида қора булутлар қуюқлашган оғир кунларда илгари атро- фимизни чирмовиқдай ўраган “жона- жон дўстларимиз – биродарларимиз” ичида мени ва Ҳалимахонни сотмаган, аксинча, бизни оқлаш учун ўз азиз бошини кундага қўйишдан қайтмаган ягона инсон – Шароф Убайдуллаев бўлган деб айта оламан.

Убайдуллаев матбуот уммонида неча бор “чўкиб”, неча бор юзага чиққанининг саноғини айтиш қийин, лекин у ҳар бир янги мақола юзасидан “ўлиб-тирилгани” – ҳақ ran. Муаллифнинг ўзи каби довюрак ва жанговар “Ада- биёт” газетамизда эътиборингизга кўп ҳавола этилган унинг мақолалари қай жанр қолипига мос тушишини мутахассислар аниқ билар, лекин у Шавкат Мирзиёев йўл очган янги- ланаётган Ўзбекистон сиёсатига мос ва хослигига шубҳа йўқ. Ўзбекистон Президенти томонидан халқ билан мулоқот ўрнатиш ва халқни рози қилиш – ҳар қандай идора ва ташкилот учун биринчи навбатда давлат ва давлат мулозимлари учун асосий дастуриламал қилиб белгиланган бир пайтда айрим корчалон му- лозимларнинг ярамас иш услубини у яна бир мақоласида ҳужжат – тадқиқот асосида фош қилади. Шундай мақолаларни ўқиганда беихтиёр “Яшасин оддий халқ ҳақида қайғурадиган журналистлар, яшасин матбуот!” дегингиз ке- лади. Шароф Убайдуллаев ўзбек журналистикасининг дарғаси эканлиги шубҳасиздир.”

МАВЛОН УМУРЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг собиқ

Давлат маслаҳатчиси, иқтисод фанлари доктори

Манба: Адабиёт газетаси