O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ШОИРНИНГ КАФОЛАТЛАНГАН ТАХТИ

ШОИРНИНГ КАФОЛАТЛАНГАН ТАХТИ
46,142 views
14 August 2023 - 14:37

Ўзбек адабиётида 70-йиллар авлоди, деган ғаройиб бир авлод бор. Бу авлод феълда, атворда, ижодда тамоман бир-бирига ўхшамаслиги билан ҳамма учун қизиқарли бўлган авлод. Сайқал топган авлод. Шу қадар сайқал топган эдики, сайқалланиш ортидан бири четга, бири netга, яна бири гўрга, яна бири эса уйга, саройга ва қолганлари аллақаёқларга учиб кетган.
Лекин адабиётнинг белбоғини маҳкам боғлаган авлод ана шу авлод. Шак-шубҳасиз! Уларсиз, адабиёт бир неча асрларни ҳатлаб, учиб ўтиб кетган бўлар эди. Худога шукурки, улар бор. Адабиёт ўқувчиларининг ҳиссий ақлини, ҳиссий тафаккурини, идрогини оқлаб, тозалаб беришган. Рефлекс тушунчасини яхши биласиз. Бу тирик организмнинг ташқи таъсирларга асаб тизими назорати остида билдирадиган реакцияси. Бу авлод ана шундай Адабиёт рефлексини пайдо қилди.
Кейинчалик уларга шаклда, шамойилда, пўримликда тақлид қилгичлар пайдо бўлди. Бироқ адабий тақлидни, руҳий тақлидни ҳеч ким қойиллата олгани йўқ. Ва, баъзи шоирлар айтмоқчи бу авлод яқин кунлар адабиёти тарихида ягоналигича қолди.
Усмон Азим ана шу авлод шоири. 70 – йиллар дастурхонидан туз тотган шоир. Унинг шеърларида қадийм турк даштларининг, Энасой сувларининг, саҳро юрагининг нафаси бор. Ичингизга тўлиб кетган нафасингизни “куҳ”лаб қўйиб юборишдай бир енгилликни туясиз у шеърлардан.
Усмон Азимнинг йиғи ҳақидаги шеърларида ҳам йиғлоқилик йўқ. Қалбни ич-ичидан жимирлатади, томирларингизни бир-бир ёқиб – куйдириб боради. Тўлқинланаётган денгиз ўртасида мавжларни тутиб бўлмайди, бироқ ҳадсиз бир ҳузурни туясиз, руҳга етган оромни сўз билан ифодалаш мумкин бўлмай қолади. Усмон Азим шеърлари ана шундай: электр токи ургандаги жимирни шеърларни ўқиш давомида руҳимизда ушлаб туради, давомли жимирлар силсиласида қолиб кетамиз.
***
Ногоҳ салқин келди август сўнгида,
Ёмғир ёғиб ўтди бугун эрталаб.
Эрталаб — сабрнинг кўзи ўнгида –
Мен сенинг исмингни айтдим эркалаб.
Ногоҳон ўзгариш этдими таъсир,
Ё салқин хотиранг етди – билмадим:
Кўнглимни эрталаб этмадим таҳрир —
Эркалаб исмингни айтдим. Йиғладим.
Тушиндим — тақдиринг ишин юритган
Беюрак ройишлар ҳақлидир, ҳақли.
Ўйладим: — Албатта, мени унитган! —
Албатта, бахтлидир! Албатта, бахтли!
Асли бу мунг нечун? Тақдир ҳал бўлган.
Умрдан неча кун қолди? Билмадим.
Сенсиз ўлмоғимга қисматим кўнган…
Барибир йиғладим.
Ёнимиздаги буюкларни ҳамиша ҳам ҳис қилавермаймиз. Уларга ҳамиша ҳам муносиб ўрин топиб беролмаймиз. Бироқ улар учун кафолатланган битта ўрин бор: бу – китобхоннинг юрагидаги ўриндир. Китобхон юрагидаги тахтдир. Буни бирорта ўзгарган ҳокимиятлар, тахтпарастлар тортиб ололмайди, тузумлар ҳал қилиб бермайди. Бунга соф санъат билан эришилади. Бугун Усион Азим шеърияти ҳақида тўла ишонч билан шу гапни айтишимиз мумкин.
70-йиллар авлоди шоир айтмоқчи “дунёнинг тўрт томонига сочилиб кетган”лигини юқорида келтирдик. Собиқ президент Каримов даврида қоралаш машинаси давом этаркан, буям ушбу авлод вакилларини бир-бир элакдан ўтказди. Мана устоз Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобига кўз ташлаймиз:
«Марказий ТВ га чақириб қолишди, бордим,-дейди Иброҳим Ҳаққул,- У ерда Хуршид Даврон,Аҳмад Аъзам ва мен ўтирибмиз. Каримовдан «Муҳаммад Солиҳнинг дўстлари уни портлашларда айблаб қораласинлар» деган буйруқ келган. Ҳаммамиз саросимадамиз.Нима қилишимизни билмаяпмиз. Шу пайт Усмон Азим келиб қолди. Унга ҳам нима учун чақиришганини айтишди.
Усмон: «Солиҳнинг ҳақиқатан ҳам бу ишга бош-қош бўлганлиги ҳақида далил-ҳужжат беринглар, биз гапирайлик. Ундай ҳужжат бўлмаса, мен гапирмайман», деди. Мен ҳам бу гапга қўшилдим. Қолганлар ҳам ҳеч нарса деёлмади ва биз бир уятдан қутулиб қолдик».
Бу каби фактлар шоир шахси ҳақида янаям очиқроқ фикрлашга дастак беради. “Бир авлод дўст дегани мана бундай бўлибди”, деганингизни билмай қоласиз. Мана шу каби “ялт” этган лаҳзаларда шоирнинг ичи, таши, ўйлари, қарашлари ҳаммаси оппа-ойдин кўринади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳуркмай яшаса бўларкан!

“Шоир ўзгармасдир. Унинг тили, услуби ўзгариши мумкин, бироқ ижод моҳияти ўзгармайди”, деб ёзади А.Блок. Ҳа, аниқ иштибоҳ. Йиллар ўтиши мумкин, бироқ Усмон Азим шеъриятидаги муҳаббатга лиммо – лим ҳаёт гармонияси, бахт гармонияси, безовталик гармонияси ўзгармайди.
Шоир ижро этган рол боқий қолади. Унинг образига чанг қўнар, ёмғир ёғар, ҳатто қор ёғар, бироқ бу ШОИР образини ўчира олмайди!
Улуғ Усмон Азимнинг туғилган куни бутун миллат аҳлига муборак бўлсин!

Гўзал БЕГИМ
14 август 2023 йил