КАЛЛАКЛАНМАГАН ЖАСОРАТ
(Тенгқурларимга мурожаат)
Ҳафта бурун, маслакдошим Жонтемир ўзининг саҳифасида “Шоир жиноятчи, шеър ўқиш жиноят эмас!” дея чиқиш қиларкан бугун камина шу сарлавҳани бироз таҳрир қилмоқни маъқул кўраман.
Шеърхонлик – жиноят, ШОИР – жиноятчи эмас!
Такрор айтаман: қонунларимизда шеър ўқиш, ёзиш ёхуд шеърият гулҳани атрофида руҳиятни иситиб суҳбат уюштирадиганлар учун жазо белгиланмаган. Шунга қарамай бир неча ойдирки камина атрофимдагиларнинг хотиржамлиги бузилмаслиги учун “ҳаддимни билиб” сукут сақлаб келдим. Яъни ўзимга қарши ҳаракатга келган кучга нисбатан реакцияга кирмаган эдим. Мени сўроқ қилганларнинг тилидан қайсики дўстнинг номини эшитган бўлсам, ўша куниёқ у одам билан боғланиб, вазиятни тушунтирдим. Уларнинг ҳар биридан “Фейзбукка кириб мени блоклаб қўйинг” деб илтимос қилдим. Чунки бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг мессенжерим очиб, ўрганиб чиқилганига ишонч ҳосил қилган эдим. Бу ҳам бўлса шунчаки, эҳтиёт шарт учун. Аслида, жуда хотиржам одамман. Ахир кимдан, нимадан қўрқишим керак?! Ранжиганим, бир гал қўнғироқда маслакдошнинг: “Нега мендан кўп хавотир оляпсиз? Ҳар гал қўнғироқ қилганда “Сизни ҳеч қаерга чақиртиришмаяптими?”- деб сўраяпсиз. Ростини айтинг, “қулоқ” эмасмиз?! ” деган гапи бўлди. Ишончим комилки, у бу гапни ҳазил тариқасида, дўстона бир кайфият билан, тегишиб айтди. Барибир, дўстнинг дўстона муносабати ҳам бир неча кун ҳамиятимга тегиб юрди.
Гапни индаллодан бошламаганим учун маъзур тутгайсизлар. Мен каби ёш ижодкорлар билан ҳукуматнинг эҳтиёт кучлари қизиқиб қолганликларининг марказида мен турибман. Эҳтимол Жонтемир ва номини очиқламаганим (аммо мендан кейин вилоят ички ишлар идорасига чақиртирилиб сўроқ қилинди) шоир укамиз ҳам бордир. Мен қилган айб, эҳтимол “жиноят” ўз саҳифамда “Эрк” партияси лидери, мухолифатдаги шоир Муҳаммад Солиҳнинг 1987 йилда ёзилган (!!!) икки шеърини жойлаштирганимда экан. Мен у шеърларни саҳифамда пост қилиб жойлар эканман, шеърлар остида изоҳ қолдириб, жумладан: “Мустақилликка эришилмаган сензурали бир даврда, бундай шеърларни ёзишлик қаҳрамонликдир!” деган эканман. Камина билан биринчи марта сўроқ ўтказиларкан, “Сизнингча, Муҳаммад Солиҳ яхши шоирми?”- деган саволга: “Муҳаммад Солиҳни шеърлари орқали танир эдим. Кейинроқ у билан фейсбукда бир-неча бор (тағин чуқурроқ киришилган сўроқлардан кейин) беш-олти марта адабиёт хусусида суҳбатлашганмиз. Мен яхши шеърнинг таъмини биладиган бир адабиётчи дейлик, шоир сифатида Муҳаммад Солиҳни ўзбек шеъриятидаги улкан фигура деб биламан. Замонавий ўзбек шеъриятини Муҳаммад Солиҳ шеърларисиз тасаввур қилаолмайман. Айни ҳозир, шу ерда ўтириб ўз ҳимоям учун шоир ижодини камситиб, ерга уриб гапириш керак бўлса мен жазоланишга тайёрман!”- деган эдим.
Бир гал президент: ” Мухолифат ичкарида шаклланиши керак”- деган эди. Агар юртбоши “ичкарида” деганда икки дарё орасидаги Азиз юртни назарда тутган бўлсалар, унда мен юқоридаги мурожаатим ортидан яна сўроқ қилинмаслигим, ҳеч қаерга чақиртирилмаслигим лозим! Пировардида бошқа дўстлар ҳам!
ХОТИМА
Юрагига ШЕЪР эккан инсондан қўрқоқликни изламанг. Сокинликни сотқинлик деб хаёл қилманг. Хомтама бўлганингиз қолади. Такрорки зинҳор, юраклардаги шеърият меҳрини юлиб олишга интилманг, манфур қўлларингизни чўза кўрманг! Ер ва осмоннинг жимлигидан қўрқинг. Эртага қайси ному-нишон билан тарихга айланажаксиз?! Кўпроқ шу ҳақда хаёл суринг…
Раҳмиддин АБРАЕВ,
шоир
2020
Редакциядан: Шу мақолани ёзгандан сўнг(2020 йилда)шоир Раҳмиддин АБРАЕВ қамоққа олинди ва ҳали ҳам озод қилингани йўқ.
Шуми Швкат Мирзиёевнинг “реформаси”?