O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Швецияда яшаётган журналист Қудрат Бобожон Туркияга киритилмади

Швецияда яшаётган журналист Қудрат Бобожон Туркияга киритилмади
18,678 views
21 October 2023 - 22:17

19 октябрь куни Швецияда яшаётган ўзбекистонлик журналист Қудрат Бобожон Туркияга киритилмаган.

Қудрат Бобожон бош муҳаррири бўлган “Элтуз” нашрининг хабар беришича, Истанбул аэропорти чегара хизмати ходимлари журналистга Туркияга кириши тақиқланганини айтишган.

Қудрат Бобожон чегарачилар унга журналистик фаолияти боис тақиқ қўйилганига ишора қилганликларини айтган.

58 яшар журналист Туркияга Ўзбекистонда қолган яқинлари билан кўришиш учун боргани айтилмоқда.

Бундан аввалги ҳолатларда бўлгани каби Қудрат Бобожонга нима сабабдан Туркияга кириши тақиқланганига оид расмий ҳужжат тақдим қилинмаган.

Аввалроқ Канадада яшаётган журналист Улуғбек Ашур ҳам айни шаклда Туркияга киритилмаган эди.

Ҳар икки журналист 2005 йил майида Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилишидан кўп ўтмай Ўзбекистонни тарк этган.

Туркия ёки Ўзбекистон расмийлари айрим ўзбек журналист ва фаолларининг нима учун мамлакатга киришига тақиқ қўйилгани юзасидан ҳеч қачон изоҳ беришмаган.

Хориждаги ўзбекистонликларнинг ўзлари бу каби тақиқлар ўзбек томонининг сўрови асосида қўлланаётганига ишонишади.

Уларга кўра, Ислом Каримов бошқаруви даврида режимга мухолиф фикрдаги инсонларни хорижда ҳам таъқиб этиш амалиёти Шавкат Мирзиёев даврида ҳам сақланиб қолмоқда.

Каримов давридагидан фарқли Мирзиёев ҳукумати Туркия билан яқин алоқаларни ўрнатган, жумладан, икки давлат махсус хизматлари яқиндан ҳамкорлик қилади деб ишонилади.

Манба: ozodlik.org