O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Аббосхон Хаджаев: ”Мени исталган жиноятда айблаб ҳукм ўқишингизни сўраймнан. Фақат … ”

Аббосхон Хаджаев: ”Мени исталган жиноятда айблаб ҳукм ўқишингизни сўраймнан. Фақат … ”
199 views
22 April 2018 - 16:25

АББОСХОН ХАДЖАЕВ: Ҳурматли судья, модомики, мени қамаш учун кўрсатма бўлган экан, илтимосим, мени исталган жиноятда айблаб ҳукм ўқишингизни сўраймнан. Фақат наркотикада эмас. Гиёҳвандлик менинг шаънимга тўғри келмайди….

2018 йилнинг 20 апрел куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судида судья Мирзоҳид Абидов раислигида Аббосхон Хаджаевга оид навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Судда дастлабки терговга оид видеотасвирлар намойиши бўлиб ўтди. Тергов видеотасвирлари алоҳида бир мавзу. Бу борада кейинроқ батафсил тўхталиб ўтамиз.

Айни дамда суддаги энг муҳим жиҳатларга эътиборингизни қаратишни истардик. Тошкент шаҳар Ички ишлар Бошқармаси жиноят қидирув бўлими тезкор гуруҳ вакили Юсуфхон 2017 йилнинг 13 сентябрь куни Аббосхон Хаджаевни Тюзикова дача кафесига қўнғироқ орқали чақиради. Ўзи кутиб олади ва еб-ичиб ўтиришади. Мазкур кафедан чиқиб кетаётган Аббосхон тезкор гуруҳ вакиллари томонидан қўлга олинади. Мана 8 ойдирки дастлаб тергов ишлари, айни дамда эса суд мажлислари давом этмоқда. 20 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисининг эътиборга молик томони шундаки, мазкур суд мажлисида Аббосхон Хаджаевнинг адвокатлари томонидан киритилган илтимосномага асосан судья Мирзоҳид Абидов Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текширув ўтказиш борасида суд ажримини чиқарган ва ажрим Ички ишлар вазирлигига юборилган эди. Орадан бир ярим ой вақт ўтиб, Судга Ички ишлар вазирлигидан эмас, аксинча, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилганлигига оид бир варақ қоғоз келди.

Мазкур хатда айтилишича, биргина участка нозиридан тушунтириш хати олиш ортидан хизмат текширувига якун ясаган ва шу аснода судга “хизмат текшируви”нинг хулосалари ҳақида хабар берган. Гап шундаки, суд холислик нуқтаи назаридан хизмат текшируви ўтказиш борасида ажрим чиқарган ва мазкур ажримни ички ишлар вазирлигига тақдим этган эди. “Ит, итга буюрар” деганларидек, Ички ишлар вазирлиги ажримни ижро қилишлик учун, яъни ўз фаолиятлари юзасидан хизмат текшируви ўтказишларини сўраб яна қайтиб Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига юбориб қўя қолган. Маълумки, адвокатларнинг эътирози Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимларига бўлган. Шундай экан Ички ишлар вазирлигининг қўйни қайта бўрига топшириши, ўз фаолияти юзасидан хизмат текшируви ўтказишларини Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига юклаши ўринлимикин? Айни масала судда адвокатларнинг эътирозига сабаб бўлди…

Айнан Ички ишлар ходимлари томонидан чўнтагига наркотик модда солиб қўйилиши ортидан айбсиз айбдор бўлаётганини айтаётган судланувчи Аббосхон Хаджаев суд мажлисида жумладан шундай деди: “Ҳурмтали прокурор, Ҳурмтали судья, балки мени қамаш керакми, мени қамоқда ўтиришим шунчалар шартми, сизга тепадан ана шундай кўрсатма келганми, у ҳолда мени сал кам 9 ойдирки тергов хибисхонасида сақламасдан, тезроқ менга ҳукм ўқишларингизни сўрардим. Самарасиз кутишдан кимга қандай наф? Фақат биргина илтимосим шундан иборатки, тўғри, мен илгари ёмон бола эдим, буни ўзим ҳам тан оламан, шу сабаб ўтириб ҳам чиқдим. 33 ёшимга қадар уйланмай келгандим. Бировнинг боласини бахтсиз қилиб қўйишдан қўрққандим… 33 ёшимда ота-онамнинг қистови билан оила қурдим. Ҳозирги пайтда дунёга келиб, 9 ойлик бўлиб қолган фарзандимни ҳам кўриш бахтидан бенасибман. Ҳурмтали судья, мени тушунинг, мен уйланганимдан кейин эски ишларимни мутлақо давом эттирган эмасман. Бирорта бир ноқонуний ишга қўл урмаганман. Оила мен учун муқаддас. Героин моддасини, наркотик моддаларини истеъмол қилиш ва ёки пуллаш мен учун эмас. Мен ҳеч қачон оиламда, хонадонимда наркотик модда сақлаган эмасман, сақламайман ҳам… Наркотик модда истеъмол қилганлар билан муросасиз одамман . Ҳурмтали прокурор, ҳурматли судь ҳайьати! Модомики, мени қамаш учун тепадан кўрсатма бўлган экан, сиз ҳам боши берк кўчага кириб қолиб, қийналиб юрманг, майли, кўп чўзиб ўтирмасдан, кўзни чирт юмиб, менга ҳукмингизни ўқинг, фақат ягона сўровим, мени наркотик модда сақлаш ва сотиш айблови билан ёпмаслигингизни сўрайман. Модомики, мен ўзим қилмаган “жиноят”им учун ўтиришим, қамалишим керак экан, мени исталган бошқа бир айблов билан айблашингизни, исталган жиноятни бўйнимга қўйиб, қамаш ҳақида ҳукм чиқаришингизни илтимос қиламан, фақат наркотик модда масаласида эмас. Мен ғурурли боламан. Наркотика айблови менинг шаънимга тўғри келмайди… Илтимос сизлардан” деди Аббосхон Хаджаев ва судланувчининг овози титраб, кўзларига ёш қалқиди.

Кейинги суд мажлиси 24 апрель кунига тайинланди.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист