Ўзбекистонда 2015 йилда президент сайловлари ўтиши керак. Расмий доираларда бу борада ҳеч ким оғиз очмайди, аммо сиёсий фаоллар, айниқса, четдаги мухолифат ўз фикрини билдира бошлаган.
Давлат раҳбарининг хизмат муддати етти йилдан беш йилга туширилган. 2014 йил охирида ўтиши лозим бўлган сайлов 2015 йилнинг биринчи чорагига кўчирилган.
Булардан мақсад нима? Президент Каримов нимани кўзлаяпти?
Аввалги сайловларда номзод сифатида рўйхатдан ўтолмаган ҳуқуқ ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли 2015 йилда мухолифатдаги “Эрк” партияси номидан қатнашмоқчи.
“2009 йилда президентлик учун номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади, деган қарор чиқди. Бу билан мустақил ташаббус гуруҳлари томонидан сайловда қатнашиш имконияти йўққа чиқди. Мен шу нуқтаи назар билан ҳам “Эрк“ партиясига кирдим“, дейди Тожибой ўғли.
“Эрк” низомига кўра, ҳар бир аъзо ўз номзодини сайловда кўрсатиш ҳуқуқига эга. Айни пайтда партиянинг мамлакатдаги фаолияти ҳам жонлана бошлаган, дейди суҳбатдош.
“Партиянинг ички низомига кўра ҳам бир неча киши ўз номзодини кўрсатиши мумкин. Номзодлар босқичма-босқич чиқишади, албатта қўллаб-қувватланса, кейинги босқичга чиқилади, шунга умид қилмоқдаман. Қўллаб-қувватлансам, сайловда қатнашмоқчиман. Партия низомига ҳамма амал қилади. Бу партия раиси Муҳаммад Солиҳда ҳам бирон эътироз уйғотмайди“, дейди фаол.
Унинг таъкидлашича, “Эрк” партияси ноқонуний деган гап асоссиз. Партия лидери Муҳаммад Солиҳ 1991 йилдаги президент сайловида Ислом Каримовнинг рақиби сифатида қатнашган ва бу ҳаракатнинг бир неча аъзолари Олий Мажлисга сайланган.
“Эрк” демократик партияси 1990 йилда қонуний рўйхатдан ўтган… Бугун ҳам долзарб қолаётган мухолиф партия“, дейди Тожибой ўғли.
Айтиш жоизки, бугун бу партия Ўзбекистон ҳукумати томонидан тан олинмайди ва Муҳаммад Солиҳга “террорист” ва “халқ душмани” деган тамғалар қўйилган.
Ислом Каримов қайта сайланишга ҳаракат қиладими?
Бу ҳозирча ноаниқ. Буни фақат сайлов олдидан билишимиз мумкин.
“Биринчидан, Ислом Каримовнинг ёши ўтиб қолди. Иккинчидан, ҳали у ўз номзодини қўядими-йўқми номаълум, қолаверса 2015 йилгача ҳам ўзгаришлар бўлиб қолиши мумкин. Хуллас, бу сафарги сайловларда мухолифат фаол қатнашади“, дея ишонч билдиради Абдулла Тожибой ўғли.
Ўзбекистон конституциясига биноан бир шахс икки муддатдан ортиқ президентлик қилиши мумкин эмас. Бироқ Ислом Каримов 23 йилдирки президентликда қолмоқда.
Абдулла Тожибой ўғли, сиёсий фаол.
Бу вақт оралиғида мамлактдаги мухолиф партиялар йўқотилди, лидерликка интилганлар қамоққа олинди ёки мамлакатдан қувилди. Амалдаги сиёсатни саволга тутиш конституцион тузумга таҳдид солиш билан баробар кўрилади.
Мухолиф партиялар ва мустақил номзодларга ҳеч қандай рухсат йўқ.
2015 йилги сайловларда ҳам шундай бўлиши мумкин. Аммо хориждаги мухолифатчилар орасида жонланиш кузатилади.
Абдулла Тожибой ўғли оппозициядан ўз номзодини қўйишини очиқ айтаётган дастлабки арбоб.
“Албатта тўсқинлар бўлади, лекин барибир мухолифат сайловда ўз ўрини топишга уринади, чунки бу сайлов аввалгиларидан истисно“, дейди Абдулла Тожибой ўғли.
Яқинда “Эрк” партиясининг Сурхондарё вилоят бўлими анжуманида қурултой ўтказиш масаласи муҳокама қилинган.