O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Абдулла Ўтаевга нима бўлган?!

1992 йил 15 декабрда Исломга қарши ҳужумнинг дебочаси сифатида, Абдуллажон Ўтаев, Каримов жаллодлари томонидан ўғирлаб кетилди.

Абдулла Ўтаевга нима бўлган?!
206 views
01 January 2013 - 12:43
abdulla_utayev

Абдулла Ўтаев

Бундан 20 йил аввал, яъни 1992 йил 15 декабрда Исломга қарши ҳужумнинг дебочаси сифатида, Абдуллажон Ўтаев, Каримов жаллодлари томонидан ўғирлаб кетилди. Унинг тирик ёки ўликлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Абдуллажоннинг ўғирлаб кетилиш воқеасини ёритишдан олдин, барчага тушунарли бўлиши учун, ўша вақтдаги ички ва ташқи сиёсий жараёнларга қисқача назар ташлаб ўтишни лозим топдик. Техник сабабларга кўра, мақола кечроқ оммага етказилишига қарамай, кеч бўлса-да ҳеч бўлмай қолмасин деган фикрга келдик.
1982 йилда, КПСС ва СССР давлатини 18 йилдан ортиқ бошқарган Л.И.Брежневдан кейин давлат тепасига келган Ю.В.Андроповнинг 11 ойлик бошқарув тизими даврида мамлакат ва халқ ҳаётида бошлаган туб ўзгаришлар деярли барча соҳада интизомни яхшилаш масаласига қаратилди. Чунки, Л.И Брежневнинг кейинги 10 йиллик башқаруви даврида ажириқ каби илдиз отиб, палак ёзиб мамлакат хаётини қамраб олган КОРРУПЦИЯнинг негизини асосан, бошбошдоқлик ва жойлардаги маъсулиятсизлик ва интизомни бўшашиб кетиши деб қаралди. Cовет жамияти хаётига кириб олган салбий ҳолатлардан бири бўлмиш интизомсизликни тугатишга қаратилган Ю.В. Андроповнинг бу режасини амалга ошишининг олдини олиш мақсадида, жойлардаги катта-кичик жиноятчи амалдорлар, бу фармонни фақат пастки қатламдаги оддий ҳодимлар ва ишчи-хизматчиларга нисбатан қўллаб, умумхалқ орасида аввало қуйи ва ўрта қатламдаги амалдорларга нисбатан норозиликларни пайдо бўлабошлашига сабаб бўлиш билан бир қаторда, корхоналарда ошна-оғайнигарчилик, порахўрлик, қўшиб ёзишлар ва адолатпарвар, аммо амалдорлар учун кераксиз бош оғриғи деб кўрилган ҳодимларга нисбатан тазйиқларни янада авж олишига олиб келди.
Шу билан бир пайтда, барча соҳаларда – КПСС ички тизимларидан тортиб, илм-фан, маориф, ҳатто маҳалла каби структураларда молиявий, иқтисодий, техникавий, маънавий, моддий текширувлар ўтказилиши жадал суръатлар билан амалга оширила бошлади.
Натижада Юрий Андропов бошлаган бу амалий иш оқибатлари, аввало, ўз сохаси – КГБ (ДХК) ва КПСС, МВД (ИИВ), ҳамда давлат миқёсидаги барча юқори лавозимдаги жиноятчилардан тозалаш лозимлигини кўрсатди ва энг юксак чўққига кўтарилиб, чуқур илдиз отиб улгурган “Ўзбеклар иши”, кейинчалик, “Пахта иши” деб ном олган, Новосибирск, Киев, Ленинград, Клин каби шаҳарлардаги “академиклар иши”, Москвадаги “Елиссев” магазини билан боғлик жиноий ишлар сув юзига қалқиб чиққан ифлос ахлатдек, халққа намоён бўлади ва бу уюшган жиноий тўдаларнинг ҳокимиятда юқори шохсупаларни эгаллаган талайгина амалдорлардан ташкил топган намояндалари қамоққа олинадилар.
Бу қама-қамалар (ҳa, айнан жиноятчиларни, ҳозиргидек оддий мусулмонларни ёки мухолифат намояндалари ва баъзи табдиркорларни эмас!!!) эса алал оқибат, КПСС Политбюросининг навбатдаги сессиясига олиб чиқилгач, қамоққа олинган бир қисм жиноий подалардагиларнинг, ҳали панада қолган шериклари, ўз нафсини қурбони бўлиш ва ўзларига қарши халқ норозилигини олдини олиш мақсадида, Марказий прокуратура номидан жойларда оддий омма намояндаларига (қоровул, фаррош, деҳқон, сотувчи, теримчи, сувчи в ҳ.к.) нисбатан қама-қама ишини кучайтирадилар. Масалан, ўша пайтда юқорида келтирилган уюшган жиноий иш бўйича, Ўзбекистонда расмий маълумотларга қараганда – КПССнинг 26-съездида юқори минбардан туриб расмий келтирилган ҳисобот бўйича, 67та энг юкори лавозимдаги жиноятчилар (Р.Абдуллаева, Худойбердиев) қамоққа олинган бўлиб, Марказдан келган терговчилар номидан (Гдлян, Иванов) 20 мингдан ортиқ оддий халқ вакиллари қамоққа ташланган эдилар (уларни кейинги тақдири ҳозиргача номаълум қолмоқда, аммо асосий жиноятчилар чиқиб кетишга улгурганлар, хатто ҳозирда мавжуд ноқонуний ҳокимият тизимида ҳам фаолият олиб борганлари бўлди).
Бу жиноий подалар, нафақат халқни азоблабгина қолмай, хатто уларни башарасини, яъни жиноятларини халққа ошкор қилган Ю.Андропов ва унга суяна бошлаган баъзи жойлардаги шахсларни ҳам йўқотиш йўлларини излайдилар. Натижада Ю.Андроповнинг бундай катта жинойи гуруҳга қарши 11 ойлик олиб борган кураш самараси, унинг сирли равишда “вафот” этиши билан тугалланади ва унинг ўрнига “ошини ошаб, ёшини яшаб” бўлган, орқасидан суяб, минбарга олиб чиқиладиган К.У.Черненко, КПССнинг Бош котиби вазифасини ўтай бошлайди.
Андропов бошлаган ва ҳали қуйи поғонага тушишга улгурмаган тозалаш ишларига, жойлардаги юқори лавозимларни эгаллаб олган, нисбатан ёш (Ельцин, Шушкевич, Кравчук Павлов, ва бошқалар) ўрта бўғиндаги (Нишонов, Усмонхўжаев каби) амалдорларга суянган ҳолда нуқта қўйилиб, юқоридаги жиноятлар юзасидан тергов ишлари тўхтатилиб, барча жиночи пода намояндалари қамоқдан озод этиладилар. Черненконинг салкам бир йиллик бошлиқлик “вазифаси” ҳам, худди Андропов бошлаган тозалаш ишларининг умри каби ўз поёнига етиб, 1985 йилда Черненко охиратга кузатилади.
Черненко вафотидан кейин, жиноятчилар подаси ўз араваларида олиб юриш, ашулаларига сўзсиз жўр қилиш, ва айтганларини амалга оширишга (агар қайсарлик қилса) мажбурлаш амалиётини қўллаш мумкин бўлган, деярли ёш жиҳатдан тенг бўлса-да, омма назарига ҳали тушиб улгурмаган, маданиятли, юмшоқ сўз М.С. Горбачевни Политбюронинг навбатдаги сессиясида КПСС Бош котиби этиб тайинлайдилар. М. С Горбачев давлат тепасига келиши билан халққа ва бутун дунёга эълон қилган “СССРда қайта куриш ва ошкоралик” деб аталган ислоҳот(реформа)ни бошлайди ва бунинг бошланғич нуқтаси сифатида, Андропов бошлаган ва Черненко тўхтатган “тозалаш ишларини” қайта жонлантириш мақсадида барча масалаларни яна кўтаради ва жиноятчиларни қайта қамоққа олишга буюради.
Аммо, Ю.Андропов бошлаган ва ўтган салкам бир йил ичида тўхтаб қолган жиноятларни қайта очилиши, яна катта зарба бўлишини тушунган ва ўзларига етадиган зарарни олдини олиш мақсадида жойлардаги собиқ ва амалдаги жиноятчилар бир кесак билан бир неча қарғани уриш режасини тузадилар ва келадиган зарбага, ҳамда баъзи уларга қўшилмаган ўрта ва юқори бўғиндаги, қолаберса, кўпроқ паст поғонадаги амалдорларни (Ўзбекистонда: Бухоро КП собиқ котиби Каримов ҳозирги босқинчи билан фамилиядош, атоқли колохоз раиси Ахмаджон Одилов ва бошқалар), хатто зарбага карши, ҳимояга ўта олмайдиган жойлардаги биринчи шахсларни ҳам (Ш.Рашидов(…?)) қурбон қилишдан тийилмадилар.

***
Худосизлик тизимидаги бу ички кураш ниҳоятда катта куч талаб қилишини хис этабошлаган М.С.Горбачев аҳолининг катта қисмини қамраб олиши мумкин бўлган маънавий-маърифий йўналишга суяниш мақсадга мувофиқ бўлиши мумкинлигини хис этган холда, 1986 йилдан бошлаб, СССРда мавжуд бўлган барча динларнинг, жумладан, ИСЛОМ динининг ҳам ривожланишини қонунан амалда расмийлаштирди.
Албатта, барча дин вакиллари дарров М.С.Горбачевнинг бу чақиригига лаббай деб жавоб бердилар ва миллатлар ўз динларини ривожига киришиб кетадилар. Масалан, мусулмонлар вакиллари тезликда СССР таркибидаги мусулмон халқлари яшайдиган худудларда “СССРда ИСЛОМ УЙҒОНИШ ХИЗБИ“ номли ташкилотни расман таъсис этадилар ва ўша – 1986 йил (эсимда йўқ қайси ойда) мусулмонлар кўп яшайдиган худудларда ўз филиалларини барпо этадилар. Бу даврда Ўзбекистон КП бошида Р. Нишонов 1-котиб, Ўз КПнинг ” Мафкура” бўлимини эса, Р.Абдуллаева бошқарар ва бу худосиз хотин Исломни нима эканлигини тузук-қуруқ тушунмайдиган, аммо 1000 йиллардан ортиқ даврда онгига сингиб кетган миллий урф-одат бўйича, хаётдан кўз юмган яқинлари учун аза тутадиган хонадонда (ҳатто худосиз-даҳрийлар хонадонида ҳам риоя қилинарди), таъзияга ҳамдардлик билдиришга келадиган эркаклар, азадорлар майитни охирги манзилга кузатиш вақтида бошларига ўзбек дўпписини, устига ўзбек чопони ва белига ўзбек қийиқчасини боғлаб кутиб олиш ва кузатиш каби, ИСЛОМдан узоқ бўлган оддий миллий (бутун Ўрта Осиё қавмлари учун урф) одатни ҳам таъқиқлаб, қаттиқ тазйиқ остида ушлаб турилган халқ оммаси у ёқда турсин, хатто ўзини яратган Аллоҳдан эмас, амалини йўқотишдан, куни ўтмай қолишидан безовта бўладиган ва ердаги маҳлудан қўрқиб келаётган Ўзбекистон Диний идораси раҳбарияти ҳам, СССРда бунёд бўлган бу ташкилот фаолиятини узоқдан қўрқа-писа кузата бошлайди.
Ваҳоланки, бу даврда, динни бутунлай унутиб юборган қозоқлар ҳам ўз бўлимларини очган, Тожикистонда эса, буйруқ чиқиши биланоқ Тожикистон бўлими ташкил этилиб, Саид Абдуллоҳ Нурий (Аллоҳ охиратини обод қилсин) тавсияси билан унга Тўражонзода раҳбар этиб тайинланган эди.
Аммо (ҳозиргидек худосизга сиғиниш), Ўзбекистон муфтияти, бунга эътибор ҳам бермайди, киришмайди ҳам. Аксинча, Фарғона водийси бўйлаб, Исломий уйғониш шабадалари сезила бошлаганини қўрқув ичида кузатаётган Ўзбекистоннинг даҳрий ҳукумати мусулмонлар ичидан ўзига жуда содиқ деб билган (шундай ҳам), анчагина ёш, Олий МАЪҲАДни эндигина тамомлаб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлар Диний Идораси қошидаги Олий МАЪҲАД (университет даражасидаги Олийгоҳ деса бўлади)нинг кутубхоначиси лавозимини эгаллаган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Фарғона водийси бўйлаб, бу муаммони ўрганиш учун сафарбар этади. Бу «аллома» аввало Намонганга бориб, Жомеъ масжиди қавми билан учрашади (асосан, масжид мутасаддилари Умархон Бузрукхонов, Абдурауф…. домлалар билан учрашган. Кейинчалик – 1994 йилда оммавий қамоққа олиш компанияси даврида қамаладилар ва бири 4 йил, иккинчиси 3 йилдан сўнг, қамоқдан озод этиладилар) ва у ердаги мусулмонлар саволларига жавоб бера туриб, иккинчи, яъни “Атоуллохон – Гумбаз” масжид қавми ва раҳбарияти билан бораётган мазҳабий, қолаверса, соф Ислом тушунчалари ҳақидаги зиддиятли саволларга аниқлик киритишни уддасидан чиқаолмай (уни бу нарсада ўша пайтда билими, илми етмаганлиги муқаррар, аммо ҳозирда…), бу масжид қавми (биродар мусулмонлар)ни биринчи бор “ваҳҳобийлик”да айблаб, нафақат, ўзбек мусулмонларини, қолаверса, соф ислом ақидасига риоя қилган бутун Ўрта Осиё мусулмонларини даҳрийлар кўз ўнгида, ҳамда дунё куфр олами олдида, жумладан, Исломдан деярли узоқлашиб кетган миллатимиз кўз ўнгида «ваҳҳобий”ликда айблаш каби тутуруқсиз айбномани илдиз отишига катта ҳисса қўшиб, шу ном остида 10 минглаб бегуноҳ мусулмонларни умрига зомин бўлди ва фожеали касофат асорати, мамлакатимизда мусулмонлар ҳаётида, мана деярли 30 йилдан буён давом этиб келмоқда!
Ўша дамгача миллатимиз эшитмаган ва биринчи бор Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф тарқатган бу тутуруқсиз иборанинг биринчи қурбони сифатида Абдуллажон Ўтаев ўғирлаб кетилди. Шу ерда “ваҳҳобийлик“ нима? деган саволга Аллоҳ қодир қилганча ойдинлик киритиш жоиз деб ҳисоблаймиз.
Ислом дунёсининг яқин тарихидан маълумки, худди ҳозиргидек, бир-бирини гўштини ғажиш билан овора бўлган ҳукмдорлар касофати туфайли, парчаланган яхлит Ислом ҳалифалиги шунчалик заифлашдики, хатто авлодларини қандай фалокатлар кутаётганини таҳлил қилишга қодир бўлмай қолган моддапараст хонлар, султонлар, беклар ва уларнинг қўғирчоқларига айланиб улгурган лаганбардор дин пешволари кимўзарга қабилида иш тутиб (ҳудди ҳозирги 5тага парчаланган яхлит Ўрта Осиё каби), ҳар бирлари биродаридан устунликни эгаллаш мақсадида алоҳида – алоҳида ғарб – КУФР дунёси билан мулоқатга киришиб, яхлит Халифаликни бой бериб, умматни қуллик асоратига маҳкум этганларини ҳам негизини тушуниб етмаган бир шароитда (18 асрда), яна араб дунёсида ёрқин юлдуз каби ярақлаб, бир зот уммат олдида намоён бўлади.
Бу буюк зот ҳозирги Саудия Арабистонининг марказий қисмида жойлашган Нажд вилоятининг Уйайна номли худудда 1703 мелодий йилда таваллуд топган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин) ҳазратлари эди. Ибн Абдулваҳҳоб ақоидда Ибн Таймия, Ибн ал-Қоййим, ва Ибн ал-Касирларга эргашган ва ўзини даъват ишларини 1730 мелодий йилдан бошлаган. Бу аллома даъватнинг асосини «Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ, Муҳаммад (с.а.в.) Унинг қули ва пайғамбаридир», яъни соф Ислом ақидасидан четга чиқмаслик бўлиб, Исломнин асосий манбаи Қуръони Карим ва Пайғамбарнинг (с.а.в.) суннатлари эканлигин таъкидлашдан иборат бўлган. Қолган барча Ислом рукнлари деб қараладиган (азиз-авлиёларга, мозорларга сиғиниш, мушкулкушод, мавлуд ва х.к. каби), яъни, ҳозирда куфр дунёси ва уларга эргашган мунофиқлар, дахрийлар, мушриклар дунёси зўр бериб, содда мусулмонлар онгига сингдиришга уринаётган “мўътадил ислом” тўлиқ ширк эканлигини, дунёвий – куфроний маданият тараққиёти кетидан эргашиш эса, бидьат деб таъкидлар эдилар ва Исломни пайғамбаримизга (с.а.в.) ваҳий бўлган асл ҳолига келтиришга ҳаракат қиладилар ва бунга кўп жиҳатдан эришадилар ҳам.
Аллома Ибн Абдулваҳҳоб яшаган даврда бутун Яқин Шарқ, айниқса, мусулмон Араб дунёси ғарб – куфр дунёси томонидан парчаланиб, ўзаро бўлиб олиниб, забт этилган давр эди. Аллома кучли қаршиликларга қарамай, диний-маърифий ўзгаришларни амалга ошириш баробарида, асл мусулмонларни босқинчи ғарб-куфр дунёсига, айниқса, Англия ҳукмдорлигига қарши курашга етаклашни, парчаланган ва ўзаро жиққа-мушт бўлиб келётган араб дунёсини, ҳеч бўлмаса, Арабистон ярим оролини ўзини бирлаштириш лозим деб шогирдларига тушунтирар эдилар. Бу фикрни амалга ошириш учун ўша даврда анчагина сиёсий-ҳарбий кучга эга бўлган ад-Даръян вохасида ўрнашган Робеа қабиласидан бўлган, Аназа уруғининг саудлар сулоласи билан сулҳ тузадилар.
Бу пайтда сулола амири имом Муҳаммад ибн Сауд (х. 1139 -1179; м.1726 – 1765й.) бўлиб, у Ибн Абдулваҳҳоб чақириғига жон дили билан лаббай деб жавоб беради. Чунки, у хам ҳарқанча уринмасин, арабларни бошини бирлаштиршга бу даврга қадар эриша олмаган эди. Ибн Абдулваҳҳобнинг асл Исломни тиклаш таълимоти ва шу асосда КУФРГА қарши курашни бошлаш ғояси ибн Саудга маъқул бўлади ва у ўғли Абдулазиз билан биргаликда “Аллоҳ буюк ва ягонадир, Муҳаммад (с.а.в.) Унинг қули ва танлаган Пайғамбари”деб, ибн Абдулваҳҳоб тиклаган Расули Акромга (с.а.в.) келган асл дин байроғи остида Арабистон ярим оролини каттагина қисмини бирлаштиришга муваффақ бўлади. Кейинги асрларда, имом ҳақида гўё Англия жосуси бўлган, деган миш-мишлар тарқалган. Ваҳоланки, тарихий манбааларда у зот, айнан Англия истилосига қарши, ягона – асл Ислом байроғи остида кураш олиб борлишига асос солган шахсдир. Ҳар қандай шароитда, босқинчи енгилгач, унга қарши курашган кучлар билан сулх тузишга мажбур бўлади.
Бундай шароитда, ё сўзсиз таслим (безоговорочная капитуляция) ва қайта ҳужум қилмаслик, ҳамда мамлакатни тўлиқ тарк этиш баробарида, етказган зарарни қоплаш (Гитлер Германияси билан тузилган Потсдам сулхи), ёки шароитдан келиб чиқиб, мамлакатни тарк этиш баробарида, дўстона муносабат ўрнатиб, етказган зарарини қоплаш шартонамсига келишиши лозим бўлади (Саудлар ва Англия ўртасидаги кейинги – 1932 й сулҳ). Масалан, Ўтган 11 йиллик Афгонистондаги босқинчилик қирғинбароти даврининг кейинги 5-6 йилида, дунё қароқчиси, мусулмонлар кушандаси АҚШ тинкаси қуригани учун ҳам, Толиблар билан тинчлик музокарасини олиб боришга интилиб келмоқда ва алалоқибат бир томонлама қўшинларини олиб чиқиб кетиш қарорига келиб бўлди.
Агар 2014 йилда қўшинларини олиб чиқиб кетишда музокара столига Мулла Умар ўтирса, бу дегани, АҚШга жосуслик қилди дегани эмас, балки, бундай фикрга келиш ўта мантиқсизлик бўлади холос. Шунингдек, Англия, ўзи босиб олган араб ерларини саудларга бўшатиб бераётган даврида музокара столи атрофида имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳам қатнашган бўлсалар, «жосуслик қилган» деган иддаонинг қанчалик беъмани эканлиги келиб чиқади.
Барча бойликдан мосуво бўлган ғарб куфр истилочилари омма орасига ташлаган бу иғводан иборат иддаонини қулоққа зирак қилиб олган, Исломни бузиб, ўзларига мослаштириб оммага, тақдим қилувчи мунофиқлар, муртадлар даҳрийлар ва мушрикларга соф Ислом ақидасини тушунтиришда бардавом бўлган соф имонли мўминларни айблаш учун ва оддий оммага ёмон кўрсатишда жуда қўл келди. Оқибати ҳаммага маълум.
Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб хазратлари, 1179 хижрий (1765м.) йилда оламдан ўтганидан сўнг, уларни ишларини шогирдлари давом этдирдилар. Аммо афсуски, Ислом дунёсининг парчаланиш жараёни ақидада ҳам давом этади. Саудлар сулолоаси Арабистон ярим оролининг катта қисмини қайта бирлаштириб, мамлакатда асл Исломни тиклаш баробарида, ибн Абдулваҳҳоб таълумотига қарши кураш авж олган бир пайтда, соф Исломга хос бўлган имом Аҳмад ибн Ханбал таълимотини саудларнинг кейинги сулоласи «Ханбалия мазҳаби» деган ном билан алмаштиришга мажбур бўлади ва шу дамгача Ханбалий мазҳаби, яъни фақат Қуръон ва хадисга суяниш, Саудия қироллигининг асосий Ислом йўналишидаги таълимоти ҳисобланади.
1227 хижрий йил (1811м.) яхлит Арабистон ярим оролидаги Халифаликка Усмонли турк султонлиги бостириб кириб, уни яна парчалашга муваффақ бўлди. Узоқ давом этган ўзаро умматкушлик қирғинбаротидан сўнг, 1240 хижрий (1840 м.) йилда, шахзода Турки Аль-Сауд раҳбарлигида яриморол яна қайта саудлар сулоласи қўлига ўтади. Бу тарихий жараёнлар алоҳида мавзу бўлгани учун, сўзимизни шу ерда тугатиб, асосий мавзуга ўтамиз.

***

Ўзбекистонда мусулмонлар ҳаётида шароитнинг бундай мунофиқона оқимга буриб юборилишига қарамай, М.Горбаёвнинг Ошкоралик сиёсатидан фойдаланган, баъзи ўтюракли диний уламоларимиз, шулардан энг биринчилардан бўлиб, Абдуллажон Ўтаев, 1988 йил охирида, “СССРда Ислом Уйғониш партияси”нинг Ўзбекистон бўлимига асос солади
Бу Исломий уйғониш баробарида, аҳолининг барча қатламларида, айниқса, талабалар орасида ўзлигини англаш каби хислатлар пайдо бўлабошлаган эди. Бундан ташқари, ўзбекларга нисбатан, бу ерларга кўчириб келтирилиб, ўрнашиб қолган мусулмон қовқозлик-мусулмонларнинг анча-мунча теран уйғоқликларининг летаргик уйқудаги ўзбек миллатига бўладиган таъсир кучини олдини олиш мақсадида, Р.Нишонов бошчилигидаги қотил даҳрий ҳукумат Месхети турклари ва ўзбеклар орасида бирдаркушликни юзага келтирди ва ҳукумат бу биродаркушлик баҳонасида, зудлик билан маънан уйғоқ месхети турк қавмини Ўзбекистондан бадарға қилинишига эришади.
Бу энди уйғонаётган мусулмон қавми учун биринчи ва кечирилмас қаттиқ зарба бўлди. Натижада бу номардликни тафтиш этишга киришган мухолифатни парчалаш ишини бошлайди. Бу мажоро баҳонасида Нишонов ҳокимиятни 1989 йил июнь ойида Каримовга топширади. Вужуд-вужуди билан ўзбек халқини ёмон кўрадиган бу шахс, ҳокимиятни эгаллаши биланоқ (4,5 ой ўтгач) Оққўрғон, Бўка, Паркент қишлоқлари халқни қирғин-барот қилади (бу алоҳида мавзу) ва биринчи галда “Бирлик” деб ном олган ва анчагина кучга эга бўлган Халқ Ҳаракатини таг-томири билан омма қалбидан суғуриб ташлашни ва келажакда мусулмонларни кучайишини олдини олишни мўлжаллаган холда, турли ҳудудларда (Ўш, Ўзган, Наманган, Тошкант ва ҳ.к). биродар-кушликларни тез-тез содир этилишига замин тайёрлаб борди ва шундай қилиб 1992 йил сайловларига ҳам етиб олади. Сайловдан “муваффақият” билан (бор йўғи 32 %) ўтиб, президентлик курсисини эгаллайди. Шу кундан бошлаб, (03.01.1992 й. қасамёд куни) биринчи галда, асосий куч саналмиш талабаларни бутунлай маънавий ўлдириш (жисмонан, албатта ўша пайтда оммавий қириб ташлай олмас эди, бу ҳам алоҳида мавзу) мақсадида 1992 йил 16-17 январида 15 минглик Талабалар шаҳарчасини ўққа тутдирди.
Шу йўл билан, дунёвий муҳолифатнинг фаолиятни деярли йўққа чиқаришга эриша олди. Бу билан, қотил Каримов ўзининг олдига қўйган асосий мақсади бўлмиш, дунёвий муҳолифатдан-да кучли ва ўзи учун қўрқинчли деб билган Исломий кучларни синдиришга катта замин тайёрлади. Бунинг учун биринчи навбатда, парчаланган СССРдан мерос қолган расмий “Ислом Уйғониш Ҳизби»ни таг-томири билан суғуриб ташлаш ва сўнг қолган норасмий ташкилотларни тугатиш осон бўлиши мумкинлигини англаб етади.
Натижада, 1992 йил 15 декабр соат эрталабки 9-10лар орасида машъум воқеа – ташкилотнинг амири Абдуллажон Ўтаев, Тошкентдаги Хувайдо кўчасида шахсий машинасида укаси Хасанжон билан ота ховлисидан чиқиб кетаётганда бирнеча формали (камуфуляж) ва автоматлар билан қуролланган турли миллатга оид номаълум шахслар томонидан қуршаб олиниб, ўзлари келган машиналарига зўрлик билан босиб, номаълум тарафга олиб кетилади. Машинасинниг калитини ҳам олиб, укаси Хасанжонга бу ходисани ҳеч кимга овоза қилмаслик, акс холда уни ҳам қисмати акасиникидан ҳам ночор бўлиб қолиши мумкинлигини огоҳлантириб, машина ва Хасанжонни довдираган холда кўчада қолдириб, тезда кўздан ғойиб бўладилар.
Шу ерда шу кунгача бўлиб ўтган ўзбек халқи бошига тушган барча мушкул воқеалар силсиласини ёритишдан тўхтаймиз ва асосий мақсадимиз – Абдуллажон Ўтаевнинг ўтган 20 йиллик ғойибона ҳаёти ва у билан боғлик оилавий фожеалар силсиласи шу дамгача ҳечқандай ташкилотлар томонидан ўрганилмай қолаётгани муаммосини илдизини топишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Чунки бўлган Каримов тизимининг Ислом динига душманлигининг оммавий тус олиши, очиқ намоён касб этган 1997 йилдангина ўрганила бошланди. Аммо афсуски, Ўтаев олинган кундан бошлаб, диний фаолларининг бир қанчаси олдида “динга ҳужум бошланди, ҳукуматдан Ўтаевни қўйиб юборишини талаб қилмоқ даркор, акс ҳолда, ҳеч вақт ўтмай, оммавий ўғирлашлар ёки босиб олиб кетишлар бошланади” деган чақириқ билан (шахсан мен ўзим) ялиниб ёлворишларимиз, қилинган сайъ-ҳаракатларнинг барчаси зое кетаверди. Баъзи диний уламолардан олган жавобимиз: “бир шахс учун кўпчиликни зарбага қўймаймиз” деган қўрқоқлик бўлди. Бундан ташқари, барча бизнинг, халқаро ташкилотларга, ўша даврда юборган маълумотларимиз ҳам эътиборсиз қолаверди ва материаллар ҳам дунё юзини кўрмади (тахминан 3-5 минг киши рўйхати босқичма босқич факс орқали юборилган) ва қаерлардадир йўқ бўлиб кетди.
Чунки, Ўтаев олиб кетилган кундан бошлаб, мусулмонларга қарши қатағонларга, айнан диний йўналиш сабаб қилиб кўрсатилмай, аксинча, барча қамоққа олинган соф виждонли мусулмонларни гиёхванд моддалар савдоси, уни истеъмол қилиш, сақлаш, ёки ҳатто, қурилишда ишлатиладиган ўқ отиш гильзаларини ташлаб қўйиш йўли билан айблаб, деярли 5 йил ичида, Фарғона водийси, айниқса Наманганнни бутунлай мусулмонлардан тозалади. Кейинчалик, суд ишларида бу қамалганларга ва уларни кетидан қамоққа олинганларга “ваҳҳобийлик” айби тиркалди. Мана орадан 20 йил ўтди, на ўша “бир шахс сабаб, зарба емасликни” ўйлаган имомларимиз, ва на оддий, хатто эсига келганда, ёки вақт топганда, бошини саждага қўйган миллатнинг дурлари йўқ қилиниб, мамлакатда тузатиб бўлмас маънавий бузғунчилик юксак чўққига кўтарили. Шу сана муносабати билан биз, Абдуллажон Ўтаев ҳаёти ва диний фаолиятига бир назар ташлаб, уни ёд этиб, Аллоҳ қодир қилганча ёритишга жазм қилдик.
Демак:
Абдуллажон Ўтаев ким ва нима сабаб олиб кетилди деган саволга жавоб ахтарамиз.
Абдулла Ўтаев Сурхон воҳасининг Шўрчи қишлоғида деҳқон оиласида 17 январь 1948 йилда дунёга келган. Болалик ва ўсмирлик йиллари шу туғилиб ўсган қишлоғида, отаси ёнида деҳқончилик касбини ўрганиш билан ўтади. Мактабни 8 синфни ўз қишлоғида битиради. Абдуллажоннинг отаси Ўтамурод отанинг (ҳозир, отахон 100 ёшни кораладилар, баққуватлар), ёшлик даври Улуғ Ватан урушига тўғри келди. Отахон 18 ёшга тўлгач, уруш бошланиши билан Ватан ҳимоясига деб, урушга отланадилар. Отахоннинг айтишича, 1945 йилда Берлинни олиш вақтида, 9 май куни, Берлингача пиёда юриб, 10-куни Берлинга кириб борган эканлар. Ўша вақтларда Ўтамурод ота, “Ўлмай, бу жаҳаннам урушидан соғ-омон юртимга етиб бориб, уйлансам, фарзандларимни Ўзинг рози бўладиган илмли қиламан” деб Аллоҳдан сўраган эканлар. Ниятлари холис, илтижолари Аллоҳга мақбул бўлиб, бош фарзандлари – Абдуллажонни қалбини илмга мойиллигини сезиб, 8 йиллик мактабни тугатгач, Денов шаҳрида истиқомат қиладиган уламонинг (Абдуллажон оиласи уламонинг исмини билмади) хужрасига олиб бориб, “гўшти сизники, суяги меники” деб ташлаб келади. Бошланғич диний илмни Абдуллажон тез ўзлаштиради ва домла уни Душанбедаги имом Хожи мударрисга юборади. Диний илмнинг давомини Душанбеда ўзлаштиргач, Хожи домла шогирдини Тошкентга, ўзидан кучлироқ илмга эга бўлган имом Салоҳиддин домла хузурларига, етаклаб келади.
Бу ерда Абдуллажон нафақат, Қуръон илмини, қолаверса, хадис ва фиқҳ илмларини ҳам ўзлаштира бошлади. Салоҳиддин қори шогирднинг билимини чуқурлаштириш учун, фароғоналик Сулаймон қори билан маслаҳатлашиб, шогирдида етишмаётган билимларни ўрганишига ёрдам беришини сўрайди.
Бир неча вақт Абдуллажон, Сулаймон-қорида сабоқ олади ва илмини янада чуқурлаштириш мақсадида, Марғилондаги Ҳакимқори домлага бориб, шогирд тушади ва ўзи қўйган ва устозлари илғамай қолган баъзи камчиликларини Хакимқори аллома орқали тўғрилаб, илмини янада бойитади. Тақдир тақозоси билан Абдуллажон лаз (доғистонлик) Исмоил қори билан танишиб, ундан ҳам кўп диний муаммоларга ечим топиб, тафсир илми сирларини ўрганади. Бу орада оилали бўлади. Вақт тирикчилик қилишни тақозо қилади ва у Тошкент атрофидаги “Ленин йўли” колхозида, Сариоғоч, Абай ва Келес қишлоқларида ота касби – деҳқончилик билан шуғулланади ва илмини бойитишни давом этдириш мақсадида устозлари билан доимо ҳамсуҳбат бўлиб туради ва ўзи шогирдлар тайёрлайди. Бир сабаб билан Қўқонга бориб қолади ва у ерда Носириддин қори деган диний уламо билан танишиб, ундан ҳам дарс олишга вақт топиб, илмини янада чуқурлаштиради.
Шундай қилиб, Абдуллажон М.Горбачевнинг ошкоралик сиёсати даврига ҳам етиб келиб, юқорида баён этганимиздек, «СССРда Ислом уйғониши» хизбининг (партиясининг) Ўзбекистон бўлимни очишга муваффақ бўлади. Аммо партия раислиги масаласи анча тортишувга сабаб бўлади ва ниҳоят, 1991 йил кўкламида Тошкент тўқимачилар саройида партиянинг 1-қурултойи иш бошлаб, унда партияга кўпчилик овоз билан раис этиб, Абдуллажонни ўзи сайланади. Шу кундан бошлаб, соф Ислом ақидаларини ўзбек оммаси орасида кенг тарқалишини таъминлаш учун, “Олча” тор кўчасининг Сағбон кўчаси билан кесишувида жойлашган «Азиз Халфа» масжидини таъмирлаб (масжид очилишига эришган ва таъмирлаш ишларини бошлаб юборган эди, 1995 йилда бузиб ташланган), унинг хужраларида аёллар мадрасасини очади. Ман ўша ҳудудда яшаганим учун, тез орада мадрасада илм олишга қизиқувчи аёлларнинг жуда кўплигининг шоҳиди бўлдим ва доим улар билан мулоқотда бўлиб турдим. Билмаганларимни улардан ўргандим (мен, 1980 йиллар бошида хужурада илм олишни бошлаганман). Абдуллажон билан ҳам доимо мулоқатда бўлиб, Исломга оид кўп нарсаларни ундан ҳам ўргандим. Бироз вақтдан кейин, бизда партиянинг матбуот бўлимини ташкил этиш режаси туғилди ва кўпчилик маслакдош уламолар билан маслаҳатлашиб, «Даъват» деб ном берган газетани таъсис этдик. Газета редакцияси этиб мени эски бўлса-да, мўъжазгина уйим танланди. Газета учун мақола тўплаш ва уни қора нусхаснни тайёрлаш мен ва яна бир ёш Абдуллажон (мен уни кичкина Абдулла деб атай бошладим) зиммамизга юкланди. Шундай қилиб, газета ҳам чоп этила бошлади ва 1992 йил, 15 декабрга (раис йўқ қилунгунга) қадар, унинг бор йўғи 7та сони дунё юзини кўриб, мусулмонлар қўлига етиб боришга улгурди (худди Хайрулла Хамидовнинг “Одамлар орасида” газетасининг 24 та сони каби).
Шундай қилиб, 1992 йил 15 декабрда партия ва униг матбуот бўлимига нуқта қўйилди. Давом эттирувчи мусулмонлар орасидан бирор мард, довюрак кимса топилмади. Мени 2,5 ой қилган барча ҳатти-ҳаракатларим бутунлай зое кетди. Шу ерда, нима учун Ўтаев олиб кетилиб, йўқ қилинди?! деган саволга жавоб топиш анча мушкул, аммо битта ҳақиқат – Ўтаев мамлакатда соф Исломни тикланиши, яъни Қуръон ва Хадис илмини мукаммал ва нуқсонсиз тарқалишига бор вужуди билан киришган диний уламо эди.
Абдуллажондан 14 фарзанд, икки аёл, унинг ўлик ёки тириклигини ҳам била олмай, 20 йилдан буён тазйиқ ва зўравонликлар остида яшаб келмоқда. Боласини кута-кута муштипар она оламдан кўз юмиб кетди. Ҳар йили 4-5 маротаба (бирор санада) Ўтаев хонадонига қотил Каримовнинг жаллодлари ёки маҳалла хоинлари келиб, аёлидан фарзандларининг, хатто неваралари-ю, келинларининг ҳам, расмларини талаб қилиб (бобосини кўрмаган), “тушунтириш хати” ёздириб олиб кетадилар. Кейинги йилларда, жонидан басир бўлган она, менга дилини ёриб, шу ҳақда гапириб бергач, бу палидликни эшитганимдан кейин, умуман, ҳеч нарсага имзо чекмаслик ва ҳечқандай расм бермаслик, аксинча, келганлардан оила бошлиғини топиб беришни талаб қилишларини уқдириб келганим учун, кейинги 2 йилда шу йўлни тутиб келмоқдалар. Аммо, рад жавобига қарамай, палидлар келишдан ҳали ҳам тўхтаганлари йўқ.
Оиланинг талабларига эса ҳечқандай жавоб йўқ. Болаларнинг ўзлари энди ота ва она бўлиб, ўзларидан кўпайиб, кундалик оғир турмуш тўғрисидаги ўйлар билан яшамоқдалар.
Ота тарбияси бўлмагани учун, фарзандлар орасида, ифлос демократик йўлга кириб кетганлари ҳам бор.

Мўътабар опа Ахмедова 
Тошкент,
22.12. 2012 й