Абдуллоҳ Бухорий номи билан танилган ўзбекистонлик Мирзағолиб Ҳамидовнинг 2014 йил 10 декабрь куни Истанбул шаҳрининг Зайтинбурни мавзесидаги Эҳсон илмий хизматлар жамиятига кираркан отиб ўлдирилиши ортидан қўлган олинган Элдор А ушбу жиноят билан боғлиқ тафсилотларни гапириб бергани маълум бўлди.
“Саша сифатида билардим”
Суиқасдни амалга оширишга ёрдам бериш айби билан қўлга олинган Элдор А. тергов давомида Собир Шукуров билан суиқасддан 3 ярим ой илгари Султон К. воситачилигида Анталияда танишгани маълум бўлди. Элдор А. ўзининг ёзма ифодасида, “Мен уни Саша сифатида танирдим. Исмининг Собир эканлигини сиздан эшитиб турибман. Туркча билмагани учун унга таржумонлик қилишимни истади. Баъзи кишилардан оладиганлари борлиги, икки ой ичида менга 3-4 ойда топадиган пулимни беришини айтди. Ишларим юришмаётгани учун таклифини қабул қилдим. 2014 йил 20 ноябрда менинг номимга ижарага олинган машинада Анқарага кетдик. Анқарада бир дўстим Ф.Г. нинг уйида қолдик. Тушунушимча Собир Шукуровдан қарзи бор бир одамни излашга кетдик”, – дегани иддао қилинди.
Буюртма ҳориждаги Мишадан
Собир Шукуровнинг wiber дастури орқали ҳориждаги Миша исмли бир шахс тарафидан бошқарилганини гапирган Элдор А. тергов давомида қуйидагиларни айтади:
“Собир исмли шахснинг телефонига wiber хабар дастури орқали манзил билан боғлиқ маълумотлар келарди. Миша қоплон расми билан қайд қилинганди. Ҳар сафар гаплашганларида салом Миша деб чақирарди. Бу Миша исмли шахснинг ҳориждан туриб Собирни бошқарган шахс деб ўйлайман. Қоплон расми билан қайд қилинган Мишадан келган манзилларни излаб Собирга кўрсатилган йўл-йўриқлар билан Анқарада кўплаб манзилларга бордик. Менинг эсимда қолгани Чой йўли, Қизилой, Юлдуз, Панорама савдо маркази каби жойларга бордик. Бу ерларда ҳеч ким билан учрашмадик. Фақат манзил сифатида кўздан кечирдик. Тўртинчи куни Анқарадан Анталияга қайтдик. Анталияда тўрт кун қолганимиздан сўнг ижарага олганимиз айни машина билан Истанбулга кетдик. Истанбулга мен, Собир ва Қурбон С. исмли шахс бирга кетдик. Қурбон ўша куни Сабиха Гўкчан аэропортидан Қозоғистонга учиб кетди. Мен ва Собир биргаликда унинг Шишли деган жойда ижарага олган уйига жойлашдик”.
Зайтинбурнида 8 кун кузатишган
Истанбулда қолган вақтида тез-тез Зайтинбурнига боришганини айтган Элдор А. воқеадан олдин 8 кун давомида амалга оширилган кузатув ишлари ва воқеа кунини қуйидагича ҳикоя қилгани маълум бўлди:
Кўчадаги кузатув камерасини кўриб қолиб саросимага тушди
“Истанбул мавзесида қолган вақтимизда кун ора Зайтинбурнига борардик. Мен ундан бу ерга нима сабабдан келганимизда сўраганимда мендан қарзи бор бир одам бор, уни излаяпман, дерди. Ўзбек жамияти сифатида эслаганим бир жамият бор эди. Собир у жамиятни синчковлик билан кузатарди ва бир нарсаларни таҳлил қиларди. Зайтинбурни мавзесига борганимизда, фарқли йўллар орқали боришга ҳаракат қиларди. Бир сафар машинадан тушиб пиёда кетганимизда кузатув камераси борлигини сезиб қолди ва саросимага тушди. Дарҳол орлиқдаги кўчага бурилиб кетди. Бу кўчадан бошқа юришнинг кераги йўқ деди. Кузатув камерасини кўриб саросимага тушганидан сўнг Собирнинг ноқонуний бир иш қилишини сезгандим. Аммо у вақтда бундай қилишига ишончим комил эмасди. Кейин у кўчадан асло юрмадик ва айни кўчага олиб борадиган бошқа йўлаклардан давомли бориб кела бошладик. Қарийб саккиз кун давомида бу манзилга қатнадик”.
Тузлага сирли сафар
Собир Шукуров билан Сабиха Гўкчан аэропортидан Тузла сари йўл оларкан Элдор А. номини эслай олмаса ҳам фақат виллалар жойлашган бир манзилга уч маротаба боришганини айтади:
“Бу манзилда яшовчи ота-ўғилдан (Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ ва ўғли Тимур Солиҳ) оладиган қарзи борлигини айтарди. Менга исмларини ва қаердан эканликларини гапирмади. Бу ерга ҳам яна ўша wiber дастури орқали хабарлашиб манзилларга бордик. Спутник орқали олинган ушбу виллаларга оид расмларни ҳам яна wiber орқали Собир исмли шахсга юборганди. Собир ҳам бир неча маротаба бу виллаларнинг расмларини олди. Агар ўчирмаган бўлса телефонида бўлиши керак”, – шаклида ифода бергани маълум бўлди.
Ёлланган шахс қуролни икки кун олдин олганди
Собир Шукуровнинг 2014 йил 8 декабрь куни 9 мм калибрли қурол билан уйдан чиққанини аддао қилган Элдор Асланнинг:
“Мен ҳам бирга борай дедим, истамади. Сен қол деб менга қўпол муомала қилишни бошлади ва пастга қараб кетди. Мен ҳам дерезани очиб пастга қарадим. Собир мен илгаридан Мага исми билан танийдиган шахс билан учрашди. Сумкани Мага исмли шахсга бериб қайтиб уйга чиқди. Бу қуролни Собир ҳар куни ичини очиб тозаларди. Қуролнинг устида грузинча ёзувлар бор эди. Ёзувларнинг охирида 9 мм калибр деган ибора аниқ кўриниб турарди. Ўзи узун ва йирик қурол эди. Сўнги маротаба 2014 йил 8 декабрь куни соат 10.00 ва 11.00 оралиғида тиш тозалагич билан тозалаганидан сўнг мен олган сумканинг ичига солди. 2014 йил 8 декабрь куни кечқурун Мага исмли шахсга сумка ичида қуролни топширди. Шундан сўнг мен бу қуролни кўрмадим”, дея таъкидлагани иддао қилинади.
Миша 9 декабрда қўнғироқ қилди, 10 декабрда суиқасд амалга оширилди
Миша исмли шахснинг суиқасддан бир кун олдин Собир Шукуровга қўнғироқ қилганини айтган Элдор Асланнинг ифодасида ҳодиса куни қуйидагича ҳикоя қилинади:
“2014 йил 9 декабрь куни Миша исмли шахс Собир Шукуровга қўнғироқ қилди ва шундан сўнг Зайтинбурни мавзесига бордик. Ҳодиса содир бўлган кўчага киришда жойлашган масжид ёнидаги кўчадан кирдик. Жамиятга бормасдан уч кўча узоқликда машинамизни тўхтатдик. Биргаликда юриб жамият жойлашган ерга келдик. Собир жамиятга яқин жойдан сигарет олди, мен ҳам жамият ёнидаги пишириқчидан кулча олдим. Шундан сўнг машинага миниб Шишлига кетдик. Ўша куни ичкилик олдик ва соат 05.00 гача ўтирдик. 1-1,5 соат ухладик. 2014 йил 10 декабрда мени уйғотди. “Тур, учрашувим бор, кетишим керак” деди. Мен ҳам кийиндим ва тахминан 08.30 ёки 09.00 ларда такрор Зайтинбурни мавзесига келдик. Машинани яна 9 декабрь куни тўхтатган жойимизда қолдирдик. Менга машинада қолишимни айтди. Мен ҳайдовчи ўриндиғи ёнидаги олд ўриндиқда ўтиргандим. Ҳодиса содир бўлган куни мен ухламаганим учун машина ичида ухлаб қолдим. Кўчага ахлат машинаси кирганида уйғондим, Собир ҳали ҳам йўқ эди”.
Қайтганида курткаси ва BJK эмблемали шапкаси йўқ эди
Тахминан бир соатлардан сўнг Собир машинага шошилинч бир тарзда келди. “Қизлар келди, тезда Оқсаройга кетишимиз керак”, – деди. Машинадан тушганида эгнида қора рангли тери курткаси ва бошида қора рангли Бешиктош спорт эмблемаси туширилган бир шапкаси бор эди. Лекин машинага қайтганида шапка ва куртка эгнида йўқ эди. Курткаси ва шапкаси қаерда эканини сўрадим, “сув бўлиб қолди, ташлаб юбордим” деди. Машинани ўт олдирди ва зудлик билан у ердан узоқлашдик. Мени Оқсаройда туширди. “Сен шу ерда кут, қизлар келади, менинг бироз ишим бор” деб кетди. Бир ярим соатдан сўнг мен Симит саройида ўтирганимда келди. Машинани Қумқапи автомобил турар жойида қолдирганини айтди. Собир менга бу машинани икки кун ҳайдамаслигимни айтди. Шундай деганидан сўнг у билан бироз тортишиб қолдим.
Қармоқ ипини бўйнимга ўрашга ҳаракат қилди
Соат 14.00 да мен Мага сифатида таниган ва сиздан исмида Зелимхон М. эканини билганим шахс Симит саройига келди. Мен Зелимхон исмли шахс билан ҳам машинам сабабли тортишдим. Зелимхонни итариб юбориб ҳожатхонага кетдим. Қиз дўстим А исмли аёл ҳам ортимдан келди. Мен зинадан пастга тушаётганимда Зелимхон орқамдан келиб менинг елкамдан тутди ва “сен мен билан қандай муомала қиляпсан, сен кимсан ўзи” деб қўлидаги қармоқ ипини бўйнимга ўрашга ҳаракат қилди. Қўлим билан итариб юбордим. Буни кўрган аёллар ҳам қичқириб юборишганидан сўнг мени қўйиб юборди.
Ундан сўнг мен ҳожатхонага кетдим. Қайтганимда Зелимхон йўқ эди. Мен қиз дўстим А билан у ердан чиқиб автобус билан Анқарага кетдик. Мен меҳмонхонада қолдим. Кейинроқ Ф. нинг уйига кетдим. Собир менга қўнғироқ қилди. Нега кетдинг деб сўради. Истанбулга қайта чақирди. Мен ҳам Бурсада эканимни айтдим ва телефонни ўчирдим. Шу куни кечқурун телевизорда Зайтинбурнидаги жамиятлардан бирининг олдида жиноят содир қилингани ҳақидаги хабарни эшитдим. Телевизорда жамиятни кўрганимда Собир билан биргаликда ҳар доим бориб келганимиз жамият эканини билдим. Шундан сўнг бу жиноятни уларнинг содир қилганини сездим.
Сизнинг бу ерда менга кўрсатганингиз тасвирлар ва қилган ташхисларингизда ҳам бу жиноятни мен Мага сифатида таниган Зелимхон содир қилганини тахмин қилдим. Бу шахсни бошқарган ва қурол берган шахс мен Саша сифатида таниган Собир Шукуровдир. Жиноятда фойдаланилган қурол мен аввал Собирнинг қўлида кўрган қуролдир. Жиноятни амалга оширган шахс эса мен Мага сифатида таниган Зелимхон исмли шахсдир.
Уч киши қўлга олинди
Абдуллоҳ Бухорий номи билан танилган ўзбекистонлик Мирзағолиб Ҳамидов 2014 йил 10 декабрь куни Қуръони Каримдан дарс бериб келган Зайтинбурни мавзесидаги Эҳсон илмий хизматлар ва кўмаклашув жамиятига кираётганидан орқасидан келган бир кишининг қуролли ҳужуми натижасида ўлдирилганди.
Жиноят содир қилинган куни асли чечен миллатига мансуб Россия фуқароси бўлган Зелимхон М. ёлланган шахс эканлиги иддаоси билан қўлга олинганди. Унинг ортидан Собир Шукуров жиноят учун ёлловчи сифатида Истанбулда, Элдор Аслан эса жиноятга ёрдам қилганлик иддаоси билан Анқарада қўлга олинганди. Иккала шахс ҳам терговдан сўнг маҳкамага олиниб қамоқхонага юборилди.
Манба: karsigazete.com
Туркия туркчасидан ўзбекчалаштирилди