O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Абдуллоҳ Холбой: Қоронғида ойнага қараманг

Абдуллоҳ Холбой: Қоронғида ойнага қараманг
805 views
16 April 2021 - 13:56

Ҳурматли Президент Шавкат Миромонович! Ўртамиёна фикрлайдиган, юрт, миллат тақдирига бефарқ бўлмаган пенсионерлардан бири сифатида Сизга мурожаат қилаяпман.

Ижтимоий тармоқларга уланиш имкониятига, аниқроғи шу имкониятни берувчи эскироқ телефон сотиб олганимга уч ой бўлди. Аслида, унга қадар ҳам одамлар турмуши, кайфиятига қараб, узуқ-юлуқ ахборотлар, реалликдан анчайин йироқ оммавий ахборот воситалари хабарларини баҳоли қудрат таҳлил қилиб, ҳамда ўзим ўқиб-уққанларим бўйича мулоҳаза юритиб, ҳозирги ички ва ташқи аҳволимиз ҳақида муайян, лекин унчали ёқимли бўлмаган хулосада эдим.

Аммо кейинги уч ой давомида тушуниб етдимки вазият ўйлаганимдан баттароққа ўхшаб қолди. Шу нарса ўз бурчини ҳис этган оддий бир фуқаро сифатида мурожаат қилишга ундади.

Баён этмоқчи бўлган фикр, мулоҳазаларим расмий, норасмий доираларда, ижтимоий тармоқларда жуда кўп такрорланганига шубҳам йўқ. Чунки ҳозирги шароитда бошқача бўлишиям мумкин эмас.

Авваламбор ёзганларимга қисқа фурсатда ижтимоий тармоқлар таъсирига тушиб “вос-вос”, “ваҳимачи” ёки қандайдир “фобияга” чалинган одамни фикри эмас, озми-кўпми сиёсатдан, ижтимоий билимлардан бохабар, юз бераётган воқеаларга нисбатан ўз шахсий қарашларига эга кишининг фикри сифатида қаралишини истардим.

Ҳурматли Президент! Соф инсоний нуқтаи назардан қаралса оиливий нохушликлардан тортиб то геосиёсатга қадар бўлган улкан худудда дуч келиниши мумкин бўлган барча ташвиш, муаммоларга дош бериш, уларни ҳал этиш бир кишини қўлидан келиши деярли мумкин эмас. Бироқ ҳамма Сизга нафақат инсон сифатида, балким Президент сифатида қарайди ва бу жуда тўғри қарашдир.

Одатда давлат раҳбари зиммасидаги муаммоларни аксарият қисми у жамлаган жамоа, у танлаган давр бажариши лозим. Ҳамма биладиган эски қоида бор. Сиёсатни шахс эмас, давра шакиллантиради.

Бироқ гап-сўзларингиздан, ижтимоий тармоқлардаги эътирозлардан кўриниб турибдики аксинча муаммоларни айнан жамоа ёки диктатура давридан оғир мерос бўлиб ўтган собиқ командадошлар келтириб чиқармоқда. Баъзан атайлаб қилишияптимикан деган ҳаёлга ҳам боради киши.

Туман, вилоят хокими ўзи бош бўлиб қонунни бузса, яхши ният билан чиқарилган фармонни бажармаса, талон тарожга йўл қўйса, унинг шахсиданмас ўша жойга вакил қилиб тайинлаган Сиздан, вазир коррупция, порахўрликни авж олдириб, тармоқни ҳароб қилса, унинг шахсиданмас хукуматдан норози бўлади ва бу жуда тўғридир.

Салкам қирқ миллионлик юртни бошқараётган давлат органлари ходимларини, харом йўллар билан катта маблағ ортирган, қонунларни бир тийинга олмайдиган яширин иқтисод соҳиблари-олигархларни назорат қилиш, жиловда тутиш, улар билан хамкорлик қилувчи мансабдорларни фош қилиш қанчалик иқтидорли, узоқни кўрувчи сиёсатчи бўлмасин бир Президентни қўлидан келадиган иш эмас.

Бу иллатларга қисқа фурсатда барҳам бериш, чириклик томон бораётган жамиятни ҳеч бўлмаганда ўз хуқуқини биладиган даражада соғломлаштиришни бирдан бир йўли конституцион мухолифатни бўлишлигидир.

Тўғри мухолифат бўлса танқид бўлади, ҳазм қилиш қийин аччиқ гаплар айтилади, муносабатлар билдирилади, ҳокимят учун кураш бўлади. Бироқ бу нарсалар ошкора ва қонун доирасида бўлади, сарой фитналари тарзида эмас. Давлат раҳбари учун энг ҳавфли нарса сарой фитнасидир. Чунки у яширин.

Мухолифат йўқ жойда турмуш даражаси пастлигича қолаверади, ҳуқуқий давлат қурилмайди, фуқоролик жамияти қарор топмайди, қонун устиворлиги таъминланмайди, инсон ҳуқуқлари поймол этилаверади, яшаш шароитини яхшилашга қаратилган фармонлар бузиб талқин этилади ёки очиқдан-очиқ инкор этилади. Оқибати улар популистик кўриниш олади. Меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишида тор доирадаги, бир ҳовуч кишилар манфаатини кўзловчи лоббизм пайдо бўлади.

Муқобил сиёсат таклиф этадиган очиқ мухолифат йўқ жамиятда норозиликлар стихияли чиқишларга, бошқариш мушкул бўлган оммавий тартибсизликлар, анархияга олиб келади.

Мухолифатсиз давлат чироғи тез-тез ўчиб турадиган хонада ойнага қарамай ўткир устара билан сақол олишга чоғланаётган кишига ўҳшайди. Ваҳоланки юз деган нарса фақат сақолдан иборат сурпа эмас, унда кўз, қулоқ, оғиз, зарур ҳолда ҳид билиш учун бурун деган нарсалар ҳам бор. Айнан шу нарсалар вазифасини сиёсий партиялар бажариши лозим. Афсуски ҳозирги сиёсий партияларни бирортаси халқ орасига кирмаяпти, демакки муаммоларни эшитмаяпти, кўрмаяпти, гапирмаяпти, келажакдан буюкликни эмас, ёқимсиз нарсани ҳиди келаётганлигини сезмаяпти.

Агар кимдир ҳақиқий мухолиф партия бош бошдоқликка олиб келади деса у саводсиз. Аксинча у тўпалонни тартибга солувчи, жамиятга беқарорлик бахш этувчи мувозанат мезонидир. Кимдир шуни тушуниб етмаса у нафақат соводсиз сиёсатчи балким, сиёсатдондир.

1990 йил бошларида бир марта имконият бой берилди. Ўшанда халқ уйғонганди, муҳолифат ҳам бор эди.

Аслини олганда мустақиллик Декларацияси, мустақиллик ва тил тўғрисидаги қонунлар ҳам айнан мухолифат эргаштирган халқ талаби билан қабул қилинганди. Афсуски у энг пасткаш усуллар билан йўқ қилиб ташланди. Оқибатда бир қисми қамалди, бир қисми хорижга кетиб жон сақлашга мажбур бўлди, ачинарлиси мустақилликдан хафсаласи пир бўлган кўпчилик лойқад кишиларга айланди, яна бир қисми эса мутаасиблик кўчасига кириб кетди…

Тарих гувоҳ, дунёвий мухолифат йўқ жамиятда ўрнини дин олади. Динни сиёсатлашуви, фанатизмга оғиб кетиши узоқ кечадиган мураккаб жараён эмас.

Сурия, Ироқ, Ливиядаги фожиялар сабабини бугундан эмас, олдинроқдан, ўша давлатларда мавжуд бўлган мухолифатга изн бермаган диктаторлик тартиботлар замиридан қидириш жоиз.

1991-2016 йиллар Ўзбекистон тарихида “йўқотилган йиллар” бўлиб кириши тайин. Шу йилларда амалдорлардан тортиб оддийларгача бири бойлик ортириш, бири эса очдан ўлмаслик учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди.

Шахсий манфаатни устун қўйиш жамиятнинг барча қатламлари онг, тафаккурига кириб бориб заҳарлади. Тузум ва тартибот миллатни шу йўлга киришга мажбур қилди.

Деспотизмга мослашиб қаттиққўлликни қумсайдиган бўлиб, оммавий қўрқув ва иложсизлик қамровида қолган жамиятни демократияга тайёр деб бўладими? Ёки бунинг учун уни айблаб, камситиб бўладими?

Қолаверса мухолифат йўқ жойдан демократия излаш, қоронғи хонадан қора мушукни излашдек мушкул. У янада мушкулроқ ўша қоронғи хонада демократия деб аталган “қора мушук” умуман бўлмаса. Йўқ нарсани қидириш, йўқ ақлдан далолат.

Агар мухолиф партия бўлганида қирғиз биродарлардан иқтисодиётда 40-50 йил ўтибгина қолмай, турмуш даражаси ва хуқуқийлик бобида уларга етиб ҳам олган бўлардик.

Совуққонлик билан ўйлаб кўрилса деспотизмдан кейин дарҳол омонлик бошланиб, демократия гуллаб-яшнайди деб ўйлаш ҳамҳаёлликдан бошқа нарса эмас. Фуқаролик жамиятининг элементар аломатлари ҳам йўқ, мухолифат анъаналари шаклланиб улгирмаган юртда жуда оғриқли кечадиган, оралиқ-ўтиш жараёни юз бериши лозимлиги бор гап.

2017 йил 16 февралдаги чиқишингиз шундан дарак берди. Чамамда ҳаракат дастури сифатида эълон қилинган ўша мурожаатдан сўнг бошқарув органларидагилар орасида дўстдан кўра кўпроқ душман ортирдингиз ва шунинг учун режаларни бажариш кўпчилик ўйланганидек изчил ва тез кетмаяпти. Шундай бўлсада кейинги йиллар ичида деярли барча соҳаларда нисбий либераллаштириш жараёни бошланди. Буни кўрмаслик ёки кўриб туриб инкор этиш одобдан эмас.

Халқ қайта ўйғона бошлади, кишиларда яна умид пайдо бўлди. Аммо “Яна ортга қайтиш бўлмасмикан” деган хавотир, хадик, қўрқув, ишончсизлик бор. Мабодо ҳақиқатдан ҳам “қайтиш” бўлса, имконият яна бой берилса миллий фожеага йўлиқамиз, асл қиёфаси йўқ миллатга, тарихи тарихимиз билан тенглашолмайдиган, келиб чиқишини ўзиям яхши билмайдиган кишилар ҳам паст назар билан қарайдиган ва шунга арзийдиган миллатга айланамиз. Бу ёқимсиз нарсани ҳиди ҳозирданоқ сезилмоқда.

Мигрантларимиз кўп бўлган ердаги халқларни миллийлигимизга ёт бўлган урф-одатлари кириб келмоқда. Даҳшатлиси ўша юртдаги йигитларимизда ўз миллатига паст назар билан қараш хислари пайдо бўлмоқда ёки атайлаб уларга шундай ҳислар сингдирилмоқда.

Тарихга бир қарайлик, 1918 йил Туркистон мухториятини қонга ботириб ағдаришда ҳам 1916 йил мардикорликка олиб кетилганлардан фойдаланишганди. Ўз масжидига ўзи кетмон тортганлар ҳам ўшалар орасидан чиққанди.

Ҳозир ўша ёқдан жўнатилаётган арзимас пуллар вақти келиб шундай йўқотишларга олиб келадики, миллат таназулга юз тутади. Бугунги кундаёқ кўп мигрантларимиз ўй-ҳаёлларига улуғ рус миллатчилиги-шовинизми ғояси кириб бўлди. Бироқ бунинг учун уларни ҳам асло айблаб бўлмайди. Сабабни бошқа тирикчилик манбалари йўқ.

Хозирда Сизнинг ташаббусингиз билан ёш тадбиркорлар учун ҳисобсиз маблағлар ажратилмоқда. Бироқ жойлардаги банклар билан қарз олувчи ўртасига ўртакашлар кириб олмаяпганига хеч ким кафолат бермайди. Чунки жамият чириган. Йўқса беш минг сўм –икки дона нон учун калтакланган қиз ўзини осмасди, оналар болаларни сотмасди, ўғил онани хайдамасди, айолла ўзга юртлардаги эркаклар хаммомида хадмиғарлик қилмасди, бола туғиб бериш учун четга кетмасди.

Коррупционерлар, хазина ўмарувчилар, инвестицияларни талон-тарож қилувчилар учун миллат, ватан тушунчаси бегона. Эртага юрт бошига ташвиш тушиб, мустақиллик омонат чиқса улар умарганлари билан хорижга жунаворадилар. Чунки чўкаётган кемадан биринчи бўлиб каламушлар қочади.

Хурматли Шавкат Миромонович! Ҳозир Ўзбекистон аграр индустриал давлатдан индустриал-аграр давлатга айланиш жараёнини бошидан кечирмоқда. Лекин барибир ер асосий бойлик. Ер масаласида 1867 йил император Александир III ўрнатган тартиб ҳамон ўзгармаган. Инвеститция, саноатлаштиришдан воз кечмаган холда ерни чинакам хусусийлаштириш, уни олди-сотди предметига айлантириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Унинг хажми, шартлари тўғрисида аниқ таклиф, фикрлар ҳам бор…

Ернинг хусусийлаштирилиши чинакам бозор иқтисодиётини шакллантиради (хозиргиси эркин эмас, монополистик характерга эга), мигрантлар сонини кескин камайтиради, коррупцияга кучли зарба бўлади. (бугунги коррупцияни катта қисми ер атрофида айланмоқда), энг мухими ўртаҳол табақани қисқа фурсатда шакиллантиради. Бугунга кунда ўртаҳол деярли йўқ, ёки жуда оз. Одатда ўтаётган кунидан рози кишини ўртаҳол дейилади. Гапни очиғи юртда қанча киши ўтаётган кунидан розилигини билмайман. Назаримда жамият бой ва қамбағал, қашоқлардан иборат. Ахолини кўпчилигини (60-70%) ўртаҳоллар ташкил қилган юртдагина ижтимоий портлашлар, оммавий тартибсизликлар бўлмайди.

Хурматли Президент! Яқин қўшниларимиз билан муносабатларни яхшилаш борасидаги харакатларингиз тақсинга лойиқ. Кейинги уч йил ичида Ўзбекистон Ўрта Осиёда етакчи давлатга айланишига астойдил киришганлигини халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилаётганлиги қувончли ҳол.

Ҳақиқий мухолифат айни пайтда ички мувозанатни сақлабгина қолмай ташқи сиёсатни ҳам фаоллаштиришга ёрдам беради.

Салоҳияти билан босим ўтказишга ўрганиб қолган давлатлар ҳам миллат манфаатини ўйловчи мухолифати кучли бўлган давлат билан ўйлашиб хисоб-китоб қилади.

Қудратли давлатлар таъсир доираларини қайта тақсимлашга астойдил киришган ҳозирги кунда ташқи ахволимиз ички вазиятдан ҳам омонатроқ эканлиги билиниб, суверенлигимиз шубҳа остида қолмоқда, агар қачондир бўлган бўлса.

“Биз ухлаб ётибмиз. Бу пайтда бизни устимизда савдолашмоқдалар” –бундан 110 йил муқаддам Болқонда янграган бу овоз, бугунги кунда Ўрта Осиёда акс-садо бераяпти десак муболаға бўлмайди.

Ўрта Осиё жумладан Ўзбекистон шу кунларда бири қайта босиб олиш, бири эса сотиб олиш пайида юрган Россия ва Хитой каби катта давлатлар манфаатлари тўқнашган худуд эканлиги сир эмас. Айнан шу далатларга иқтисодий жихатдан боғланиб қолиш нақадар хавфли эканлигини тушиниш қийин эмас. Ўзбекистон ўз имконияти, салохияти билан ўзи учунгина эмас бутун Ўрта Осиё учун ҳам масъулдир деб ўйлайман.

Мамлакат модернизацияси учун хорижий инвестиция зарур. Лекин ўта сиёсийлашган ва ҳарбийлашган давлатлардан иқтисодий қарамликка тушуш жуда хавфли. Бир вақтлар “Доллар дипломатияси” номини олган бундай сиёсат унлаб давлатларни мустамлака ва ярим мустамлакага айлантирганди.

Иқтисодий қарамлик сиёсий қарамликка олиб келишини бундан юз йил аввал яшаган ва 1990 йиллардаги мухолифат каби шафқатсизларча йўқ қилиб ташланган жадидлар ҳам тушиниб етишганди. Афсуски замонга нисбатан тафаккур борасида хали жадидлар даражасига етиб боролмадик.

Жириновский деган бир зот бор. Гитлерни жаҳанамдан қочиб чиққан кўланкаси. Ўттиз йилдан буён ўзбек, туркийлар ҳақида айтмаган ҳақорати қолмади. Охири сурбетлик билан Ўрта Осиё Россия губернасига айланиши, ўзбекни газ ва нефти бизники бўлиши керак дейишгача бориб етди. Бу чаласовод тарихчи оддий фуқаро бўлсаям майлиди. “Бир шалоқ гапирдида” деб, юпанасан. У парламентда фракция раиси, салкам давлат раҳбари, яна катта бир партия етакчиси. Бу нима, сиёсий тентакликми ёки неофашизмни давлат сиёсати даражасига кўтарилишими?

Ижтимоий тармоқлардаги айрим русийзабон каналларда Ўрта Осиё халқларини бир бирига гиж-гижлаш, тарихий шахсларни “меники-сеники” қилишга ундаш, тарихини сохталаштиришга уринишлар бўлмоқда. Эштиришларда профессионал сиёсатчилар, давлат арбоблари, депутатлар, партия намоёндалари иштирок этади. Биз эса айбини очишга уринганни, блогерни судма-суд судраш билан оворамиз.

Тўғри кейинги икки ой ичида пластинка тескари айлана бошлади. “Ўзбекларни бағри кенг, табиати чиройли, ахолиси қамбағал лекин бойлиги кўп” деган маънода. Аммо тушунмаяпман (чунки ўзбекда оғзи кўйган, қатиқни ҳам пуфлаб ичади, “мақтагандан қўрқ” деган нақллар бор) Бу туристик рекламами ёки бошқа нарса? Минг йил аввал Папа Ўрбон II ҳам “Қуддус сут ва асал дарё бўлиб оқадиган жаннатмакон ўлка” дея мақтай-мақтай эртасигаёқ салб юришига фатво бериворганди. Оқибати халқаро сиёсатда баъзан хозир ҳам ўзидан дарак бериб туради. Ўзбекни бағри кенглиги тўғри. У шу қадар кенгки ўзидан бошқа ҳамма сиғади…

Эхтимол бундай “майда-чуйда”ларга урғу бериш катта сиёсатдаги давлат раҳбарига хос нарса эмасдир, ҳар холда тушунса бўлади. Лекин нега партиялар, депутатлар, айниқса ўзини моҳир сиёсатшунос хисобловчилар жим. Нима улар “Беширми, ишламасаям ишлайдиган”.

Қизиқ холат: Партиялар сукутда, депутатлар жим, газеталар хамон “табиат қийинчиликларини мардонавор енгиш” билан банд, телеканаллар қайнона-келин жанги билан машғул, хокимлар блогерларни судга бериш билан, ижтимоий тармоқдаги 5-6 канални ҳисобга олмаганда қолганлари ўзаро айтди-деди ва сўкиниш билан, вазирликлар ўмариш билан овора…

Одамни ўз имконият, фикр доирасидан чиқиши ўз терисидан чиқишдек мушкул. Бироқ гап миллат шаъни, қадри ва тақдири тўғрисида кетганда ҳамма: хукумрон ҳам, мухолиф ҳам, яхши ҳам, ёмон ҳам, ҳалол ҳам, харом ҳам, катта ҳам, кичик ҳам, қаттол ҳам, баттол ҳам терисидан-қибиғидан чиқишга харакат қилиши керак. Йўқса А.Қодирий 100 йил аввал Юсуфбек хожи тилидан айтган сўзлари яна қайта рост чиқади. Дарҳақиқат мозийга қараб иш тутмаклик хайрлидир.

Мухтарам Президент! Ишсиз мигрантларимизни хаддан зиёд кўплиги фаол ташқи сиёсат олиб борилмаяпганлигига сабаб бўлаётганлиги бор гап.

Маълумотларга кўра ҳозир 60-70 миллиард доллор қарзимиз бор. Демак ҳаммамиз жумладан ғўдакларимиз ҳам икки минг доллордан қарздор. Яна фойизини ҳисобламаганда. Аслини олганда бўйнида қарз билан туғилаётган чақалоқлар бунга ҳам рози, қачонки бошқа юртда 2-3- сортдек сарғайиб юрган дадаси шу ерда ишласа. Қарз маълум лекин улар эвазига қанча ишчи ўрни яратилда, қарзларни бари талон-тарож бўлмай мақсадли ишлатилияптими?  Бу энди номаълум.

Собиқ президент даврида ҳаракатга келган коррупция ғилдираги хамон айланмоқда ва чамамда яна анча айланади, ҳали унча-мунча кишини босиб-янчиб майиб-мажрух қилади. Сезиб турибман уни тўхтатишга уринияпсиз. Лекин ҳар сафар ҳаракат қилганингизда тобора ёлғизланиб бораётганингизни сезиб турибман. Вазиятдан чиқишни бирдан бир йўли яна мухалифатга бориб тақалмоқда. Ҳамонки шундай экан Х.Аллақулов ташкил этган ХТСДПни тўла шаклланиб олиш йўлидаги тўсиқ, таъзийқларга барҳам бериш зарур. Керак бўлса миллат душмани бўлган коррупцияга қарши курашда хамкорлик қилиш ҳам лозим. Хуруж, тазайқ, тўсиқлар шахсан Сизнинг кўрсатмангиз билан уюштирилаётганига ишонмайман. Сабабки бундай ишлар катта давлат раҳбари учун майдакашлик.

Тўсиқлар бугунги кунга беш-олти йил аввалги назар билан қаровчи, қиёфалар фош бўлишдан қўрқаётган кимсалар тарафдан уюштирилмоқда. Улар шу йўл билан Сизни обруйсизлантираётганликларини ё билмайдилар ёки буни атайлаб қилмоқдалар. Яқинда ХТСДП штаб квартирасига лўлилар хужум қилди, деган гапни эшитиб қолдим. Лекин бунгаям ишонмадим. Чунки бунақа пасткашликдан лўли биродарларимиз ҳам хазар қилишади. Сабабки ўзбек тўқ бўлса, уларгаям яхши.

Сўнгида блогерлардан илтимос қилардим: Биз Шарқда яшаймиз, демократия тўғрисидаги тасаввуримиз шаклан, баъзан моҳиятан ғарбникидан фарқ қилади. Шу боис кимники бўлишидан қатъий назар оилавий можорога урғу беравермайлик. Тушунишимча сиёсат майдони урушган эру-хотин, қайнона-келинни обкелиб сўкадиган маҳалла комитети эмас. Ҳамма, жумладан узоқни кўрувчи давлат раҳбариям оилавий муаммоларини ўзи тартибга солволади.

Шундай бўлсада ижтимоий тармоқлардаги айрим нохушликларга қарамай миллат тақдирига, адолатсизликка бефарқ бўлмаган, сиёсат майдонига дадил кириб келаётган ёшларни кўрдим, хурсанд бўлдим. Уларни яқин келажакда нафақат профессионал жўрналист балким моҳир сиёсатчи сифатида ҳам кўришни истардим. Фақат бироз совуққонлик, бироз сиёсий маданият, жаҳолатга қарши маърифат билан, тажриба ўз-ўзидан келади.

Хурматли Президент! Фикрларимни жуда умумий тарзда баён этдим. Эхтимолки муболағаларга, эхтиросларга йўл қўйилгандир. Лекин улар замирида айтиладиган аниқ фикр мулохазалар хали жуда, жуда кўп…

Айни пайтда умумийдек кўринган фикрларим “Ўзга сайёрадаям махалла комитети бор экан”, ёки ўзбеклар гўштни кўп еганидан бўкиб ўлаяпти деган фикрларга қараганда реал ҳаётга яқинроқ бўлса керак деб ўйлайман.

Нафақат юртда, халқаро майдонда ҳам ўта мураккаб вазият хукум сураётган бир пайтда катта карвонга сарбонлик қилаётган экансиз барча хайрли ишларингизда омад, сабр тоқат, оилавий хотиржамлик тилайман.

Яратганга илтижо қилаётганимизда ёшларимизни миллатпарвар бўлиб улғайишларини сўрайлик. Авлодимни ва миллатимни бардавом этгин дея ният қилайлик.

Абдуллоҳ Холбой

Наманган вилояти,

Чортоқ шаҳри