АБДУЛҲАМИД ИСМОИЛ: ЙЎЛ ВА МАҚОМ
Бу мақолага туртки бўлган ҳодисани эсламоқчиман.
Қозоқларнинг бугунги кундаги анча машҳур «жйърау»и Алмас Алматов билан бир кеча хангомалашиб ўтирар эдик. Нима бўлдию, мен унга: “Дарвокеъ, Ҳазрат Аҳмад Яссавийнинг «Ўтаро» радифли жуда бир машҳур ғазали бор, шуни сен ҳам дўмбирангга солмайсанми!” – деб таклиф қилиб қолдим. Тезда ғазалнинг у-бу ерини қозоқлаштирдигу, Алмас дўмбирасини бир-икки чертиб: “Жоқ, болмаватурғой!” – деса борми.- “Нега?- ҳайрон бўлдим мен.- Сен Фирдавсийнинг «Шоҳномасини» қозоқча куйлайсанку!”- десам, у елка қисиб қўйди. Кейин санаб боқсак, «Шоҳнома» вазни 11 бўғинли мутақориб эмасми, роппа-роса қозоқ жирларининг 11 бармоқли вазнига мос тушар экан. Турк ғазалининг аксарияти эса 15 бўғинли рамал вазнидадир. Бундан ташқари ҳам анча-мунча фарқлар бор эканки – буларнинг ҳар бир қутби – икки дунё. Мана шуларни бироз бўлсада аниқлаш учун қуйидаги мухтасар бир тадқиқотга киришдим.
Маълумки, Ўрта Осиё қадим вақтлардан ўтроқ ва кўчманчи халқларнинг ёнма-ён яшаган юрти бўлиб, уларнинг ҳаёт тарзи, урфу-одатлари, адабиёти анча фарқлидир. Лўнда қилиб айтганда – бу икки дунёқарашдир. Қизиғи шундаки, келиб чиқиши бир бўлган халқларда айни шу бўлакликка дучор бўлишлари мумкиндир, ва бу фарқнинг рукнларини, устунларини белгилаш учун бевосита қиесий текширишга ўта қолайлик. Мана икки шеър:
Орайга-борайга кар жауса, Септи тун мушкига сийми судадин кофур қиш,
Калйънга боран борар ма?! Айш учун оқу қарони айлади масрур қиш.
Каптай соккан боранда Гарчи Ҳиндистонда қор ўлмас, вале оқ рахтини
Каптама киген тонар ма?! Ёйди Ҳиндистон киби бу тунда номақдур қиш.
Туйърлйъгйʼ жок тул уйге Гар эрур занг аҳли зулмоти, ва лекин қор ила
Ту байласан турар ма? Қилди тун зангисини аҳли сафову нур қиш.
Ту тубинен тулпар жйъгйълса Бода оқ уй ичра ичмак расм эрур қиш бўлгали,
Шаппаган немарт онар ма?! Ҳақ юзин оқ айласунким қўйди хуш дастур қиш.
Карйъндастйън камйʼ ушин, Базмни ўттин қизитти, базм аҳли бодадин,
Катйън менен бала ушин, Саҳв эмишким бўлди совуғлук ила машҳур қиш.
Кайрйълмай кеткен жигиттин Қиш эмиш май боиси, зоти бурудатдин бирав
Озин капир, алганйън Зуҳд этиб совуққа гар тўнгса эрур маъзур қиш.
Талак деп айтсан болар ма?! Уйи вайронларга қаттиғдур, вале бил, муғтанам,
Аскар, аскар, аскартау, Бўлса кулбанг май била асбобдин маъмур қиш.
Аскар таудйън су буркит Мулки Жам истар эсанг албатта чек жоми сабуҳ
Алдидйън анйън шалар ма?! Кечаги майдин сени субҳ айласа маҳмур қиш.
Лашйън, сункар жун токсе Эй Навоий, дўзаҳ эрмиш гард ила иссиқ булут,
Далада калган сйек деп, Қору муз бирла совуғдин бор эса маҳжур қиш.
Шенине карга жолар ма?!
Буларнинг бири – Махамбет, бири – Навоий. Мазкур асарлар битилиш даври фарқини назарга олмаган ҳолда ҳам, бевосита кўзга ташланадиган фарқларга келсак, аввалам бор бири – ғазал, бири – жйър (7 бўғинли ашула), яъни: бири – ёзма, бири – оғзаки асар. Булардан бири нафақат қулоқни, балки кўзни ҳам “кўзда тутса”, иккинчиси фақат тинглов учун. Демакки, бири – бир ўқишдаёқ маъноси чақила қолмайдиган ва мушкулликка атайин интилган бўлса, иккинчиси – мушкулликнида содда, бир эшитишдаёқ қулоққа қуюлувчи тарзга келтирган шеърдир. Бу боисдан адабиётшуносликда ёзма ва оғзаки адабиёт хусусида неки айтилган бўлса – ушбу иккала асарга ҳам ҳаволадир. Жумладан оғзаки адабиётга хос тингловчи сиймоси, ёки гап тартибининг мураттаблиги, ва ё лафзий қофиялашу товуш тизимлари – буларнинг бари Махамбет жйърида мавжуддир.
Лекин бу – бевосита, синчковсиз назардир. Бу асарларни чуқурроқ тушуниш ва бу йўлу мақомда уларни бир бирига қиёслаш учун аввал ҳар бир асарни алоҳида текшириш лозим эмасми?
Аввал Навоий. Анъанавий ғазални олганда, ундаги:
1) ёрнинг васфи,
2) ошиқнинг унга мубталолигию,
3) ораликдаги ҳижрон, мазкур ғзалда бевосита кўрсатилмаган, ва бу жиҳатдан ушбу ғазал анча ноанъанавийдир. Хайр, зиёда қизиқроқ! Ғазални бир қарашдан – манзаравий деб аташ мумкиндир, лекин уни байтма-байт таҳлил қилар экансиз, қўшимча ва анча чуқур маʼнолар чиқиб келадики, буларни назардан қочирмаслик керак.
1-нчи БАЙТ.
Жўн маъноси: туннинг мушк каби зулматига қиш тангаларидан кофур каби оппоқ қор септи, айш-хурсандчилик учун қиш оқ билан қорани (қор билан тунни, ер билан осмонни) сирли, жозибали этди.
Хўш, бу байтнинг лафзи ила маъносини чоғиштирар эканмиз, не мулоҳазалар фикримиздан кечиши мумкин? Навоий тун қоронғулигини “тун мушки” истиораси орқали ифодалар экан, мушкнинг ёрга мансублигини эсласак, тун ҳам ёрнинг сочларига қиёсланганини пайқаган бўламиз. Қорнинг ҳам “сийми судадин кофур” орқали ифода топиши – айни шу фикрнинг давомидир. Соч билан юз қандай нисбатда бўлса, тун билан қорли ер ҳам айни бу каби нисбатда бўлиб, ёрнинг қора сочию оқ юзини эслатади. Агарда бу нисбатни тасаввуфий мажоз сифатида чуқурлаштирсак, яна бир карра юқорироқ – фалсафий қатламга чиққан бўламиз: юзу рухсор – бу Мутлақият, зулфу соч эса зоҳир оламнинг имконияту тасодифот тўрларидир ва ҳок.
Бу тақдирда иккинчи мисранинг маъноси ҳам бир неча қатламга эга бўлади: манзаравий маънода тун билан қор қоришиқлигининг айшию, ишқий маънода – сочи-юзи бир бўлган ёр лаззати, мажозий маънода эса – Мутлақиятнинг зуҳурий оламдаги тажаллиёт сеҳри бунда мужассамдир.
2-нчи БАЙТ.
Гўзал ва мўъжизавий тасвир, юқоридаги фикрнинг давоми: қиш яна бир бор ёрга пинҳона қиёс этиладики, у Ҳиндистон аёли каби оқ рахтини ёяди, ёзади, яъни ечади. Шунинг учун у номақдур, заиф, қодирсиз, бокира бўлса керак.
3-нчи БАЙТ.
Қишнинг, қорнинг бу бокиралиги, бу оқлиги хатто қора бўлмиш занг аҳлинида, тунни ҳам нуроний, тоза аҳлга айлантиради. Манзара аввалгидек руҳий маʼнолар билан чамбарчас боғлиқдир.
4-нчи БАЙТ.
Сафо нури уйни ҳам оқ, ёрқин қилган эканки, унда бода ичмак, ёр зиёсига масту-мустағрақ бўлмак расмдир. Қиш бунга хуш, оқ йўл қўйган экан, Ҳақ унинг – қишнинг юзини шундан оқ айлагандир. Лекин бу мисрада ийҳом санъати борки, қиш ҳам зотан Ҳақнинг юзини оқ айлайди, яъни қиш сафоатини кўрган инсон унда Поки Ҳақни ҳам англаши мумкиндир.
5-нчи БАЙТ.
Совуқ деб танилган қиш, ҳижронга ҳукм этувчи ёрдек, аслида ундай эмас. Унинг совуқлиги бояги бокираликдандир, лекин базму-бодадин қизиган ошиқ унинг саҳв, хато англалмиш совуқлигига энди ишонмайди.
6-нчи БАЙТ.
Бу байтнинг асосий маъноси: қиш эмиш май боиси, – деган сўзлардадир. Кундалик маънода тушуниладиган бўлса – қиш совуғида май ичишнинг лаззати чиндан ҳам ғолибо тузукдир, лекин фикрни фақат бу маънога тақаб қўйиш – хато бўлса керак. Демак бунда яна бояги мажозлар борки, гапнинг давоми: биравнинг зуҳддан май ичмаслик юзасидан тўнгиши – бу қишнинг айби эмасдир, – деган сўзлар бу мажозий маънони очиб беради. Яъни, бир томондан зоти бурудатдин (арабчада «совуқ» демиш) зоҳид бўлган ва қишнинг саҳв, ёлғон совуғидан тўнг бўлиб ўлган бирав, ва иккинчи томондан ёрнинг мастона жамолига, ишқ бодасига бутун вужуди-ла берилган ошиқ – бу икки мутлақо айри табиату ҳолатдирки, ошиқ учун маъшуқанинг қиш каби совуқлигини эритиш учун ишқ шаробига ғарқ бўлиш керак. Лекин ёрнинг сафо совуқлиги йўқ экан, – майнинг ҳам ҳожати йўқдир. Зоҳид эса ёрнинг қалбаки совуқлигидан эмас, балки ўзининг қалбидаги совуқлигидан тўнггандир.
7-нчи БАЙТ.
Бу байтда ҳам бир неча сатҳ борки, бундан бирор йил аввал шаддод ва эпчил олимларимиз бу байтни “Навоий эзилган камбағаллар ғамида” маъносида чақишар эди. Бўлса бордир. Лекин яна май ҳакида гап юритилар экан, вайрона уйда бир шиша арақ устида эгилиб ва эзилиб ўтирган одам турқидан киши бир сесканиб, тушуниши керакки, Навоий бу ҳақда ёзаятган эмасдир-ўв! Кулбангми-маконинг ишқ майи нашъаси ила тўлиқ экан, Фузулийга татаббў қилиб айтганда “ҳажри маҳкуми ёри қиш” сенга маъмуру меъмор ўлажак.
8-нчи БАЙТ.
Бу кулбада сен Жамшид мулки, яъни коинотга тенг мулкни истар экансан, саҳар чоғи ишқ майидин тотишинг лозимдир. Бояги қоронғуликлар тарқай бошлаган пайтда қишнинг безулмат, покиза, озода нурига ғарқ бўлиш нақадар гўзаллик ва сархушлик бағишлар! Кечаги қоришиқ май бир май эди, тонгги май эса нурга нур қўшгандек, зулмат залолатидан сени бутунлай халос қилгани каби ҳуморингни ёзади.
9-нчи БАЙТ.
Навоийнинг ҳар бир сўнгги байти каби мазкур байт ҳам санъати ҳаллнинг юксак бир намунасидир. Унда – ғазалда ташланган барча тугунлар ечилиб, ўрнига бир катта тугун боғланадики, таҳлили бир неча маʼнолар орасидадир. Манзара истаган ўқувчи учун қору муз эриб, гард ила иссиқ булуту буғ ҳосил қилади, ва бу буғланиш қиш куни дўзаҳни эслатади. Чуқурроқ маъно қидирган нуктадон учун ҳам Навоий озуқа таъминлайди. Саҳарги тоза ҳумор кундузга бориб гарду булутдек тарқагани сархуш ошиқ учун дўзаҳга тенг азоб еткизар экан, бу ҳол дўзаҳнинг боиси бўлмиш қишнинг совуқлигидан, қору музидан ажраши кабидир. Ошиқ ва маъшуқ орасида бояги номақдур, пок совуқлик каби ҳажр йўқ экан, демак оралиқ алаф дудли дўзаҳдир.
Лекин бу дўзаҳнинг боиси ҳам ҳажрдир: қиш совуқлик ила ҳижрону фироқда эканлиги – жаҳаннамнинг сабабидир. Тушунчалар бир бирига оқиб-қуюлиб тубсиз маʼнолар касб etadi… Муз каби кескир ва қор каби равшан аниқликка интиладиган бўлсак: ЁР ВА ҲАЖР БИР БИРИГА БОҒЛИҚДИРЛАР. ЁРНИНГ ҲАЖРИ – АЗОБДИР, ВА ЛEКИН ЁРНИНГ ҲАЖРДАН АЖРАШИ, ХОЛИ БЎЛИШИ – БУ ДЎЗАҲ. Бу борада Навоийнинг бошқа бир машҳур байтини эсга олиш кифоя:
Навоий, чорадин кўп дема сўз,
Ғамингга чорасизлик чора бўлмиш.
«Қиш» радифининг «ишқ» ва «ошиқ» билан тажнислигини таъкидлаган ҳолда бу муҳтасар таҳлилни шу жойда тугатсак.
Энди навбат Махамбетга. Аввал айтганимдек, бу шеър аслида оғзаки бўлганлиги учун, кўзга дарров ташланадиган хусусияти – унинг равонлиги, сўз тартибининг жўнлиги, оҳангдошликнинг бежиримлиги, такрорлаш санъатининг бойлигидир. Шеър 7 қофияланган саволдан иборат экан, уларни бирма-бир ўзига хос бандми, байтлар сифатида кўриб чиқайлик.
1-нчи БАНД.
Сал-пал ўзбекчалаштирганда: “у ерга, бу ерга қор ёғса, қалинга бўрон бурарми?” деган саволдир. Бу шеър савол билан бошланар экан, биз ҳам диққатга сазовор бўлган саволларни кўнглимизга тугиб қўяйлик. – Нима учун шеър шарт майлида бошланади? Бу сатрдаги «қалин» бу нима? Кўряпсизми, диққат кейинги сўзларга осонгина жалб этилди. Ҳолбуки, Махамбетнинг жйърау сифатида муддаоси худди шу эмасми? Бизлар бу саволу, товушларнинг ўйинига маҳлие:
ОРайда БОРай ҚАР жауса ҚАлинга БОРан БОРарма?
У эса давом этади.
2-нчи БАНД.
“Қоплаб (ҳар томондан) сўққан (урган) бўронда қоплама (кийим) кийган тўнгарми?” Қор ҳақидаги фикр ҳозирча узлуксиз. Аввал у-бу жойга шартли равишда ёққан қор, энди ундан ҳам кучайгандек, энди у – қоплаб урувчи бўрон. Ҳаракатга эътибор беринг. Ташдан ичга. Ташқарининг ҳар томонидан урувчи бўрон – қоплама кийим – ва ниҳоят тўнгар-тўнгмас кимса. Ким у?
3-нчи БАНД.
Учинчи савол биринчи боқимдан мутлақо бошқа нарса ҳақида: тепасида дарчаси йўқ тул уйга туғ боғласанг турарми? Лекин аслида бу туғнинг турар-турмаслиги бўронга боғлиқдир. Бўронсиз вазиятда бу савол балки ўринсиздир ҳам. Аммо бу туғга бирданига бошқа нарса – тепа дарчаси йўқ тул уй боғланадики, бунинг бўрону қор билан алоқаси нимадалигини тингловчи дарров англай олмаса керак. Чунки бу саволнинг ўзи мушкул шакллидир. Масалан, уйнинг туллигини тушуниш мумкин, ва тул уйга туғ боғланиши ноўринлигини ҳам англаш мумкин, лекин нима учун тепа дарчаси йўқ уй ё капа? Туғ ўрнатиш учунми бу мўри, ёки осмонни ва ундаги бўронни кўриш учунми? Ҳар ҳолда саволлар, саволлар, саволлар.
Лекин, бошқа тарафдан, бояги қоплама тугга айланганидек, сўралган кимса умуман ғойиб, туғилмаган нарсага тенглашгани ҳам аён. Яна бир нарса бу бўрондек ноаниқликда аниқки, ташқи дунё билан инсон дунёси бирдир, яъни бўронда тешиги йўқ капа, юртага туғ боғлана билмас экан, бунинг ҳам боиси, ҳам натижаси – бу уйнинг туллигидир.
4-нчи БАНД.
Туғ тубидан тулпор йиқилса, чопмаган номард ўнгарми? Савол яна дастлабки йўлда: агар бир нарса мавжуд бўлса, бошқа бир нарса бўларми? қабилида қўйилади, яъни унинг маъноси сабаб-натижа чегарасида кетаятгандек. Лекин бу алоқа анча шартлидир. Қор умуман унутилгандек. Балки туғнинг кўриниши ва тулпорнинг йиқилиши (сирпанибми?) узоқ-узоқдан унга ишора қилганидир? Жавоблардан мўлрок ўша-ўша саволлар: тулпор бояги тул уйнинг устига қўйилмаган туғ тагидан йиқиладими, ёки умуман, дейлик, жанг пайти туғ кўтарган марднинг тулпорими бу? Ўнгмаган номард эса тулпор ва туғ томон чопарми (югурарми, ё қилич ўйнатиб душман чопарми?), ва ё йиқилган тулпору туғдан чопарми? Қандай бўлмасин, бир нарса маълумки, бояги “қоплама кийган” – «туғилмаган» кимса энди номардга айландики, тингловчи табиий манзарадан инсон муносабатларига ўтади.
5-нчи БАНД.
Бу бўлак бамисоли авждек, юқоридаги жуфт сатрдан эмас, бирданига беш шеърдан иборат бўлиб, асосан аввалги тузумга эга жумла лафзий боқимдан бироз мушкуллашади, қўшма гапларга бойийди. Жумланинг равонлаштирилган маъноси будир: ўзининг ғами учун, хотину-боласи учун қариндошдан воз кечиб, қайирилмай кетган йигитнинг олганини – ўзинг айт, – талоқ деса бўларми? Пировардидаги кимса борган сари вужуд topayotgandek…
Бироқ доимгидек бир фикрнинг иккинчи фикрга оқиб ўтиши кутилмаган ва белузум бир йўсиндадир. Эслаб боқинг: назар қордан бўронга, бўрондан – қалин кийинганга, ундан – туғга, туғдан – йиқилган тулпоргаю чопмаган номардга, ундан эса – бу каби номарднинг янада аниқроқ кўриниши – элдан воз кечган йигитга кўчади.
6-нчи БАНД.
Мана энди бу бўлакни биринчи банд билан солиштириб боқингчи – мутлақо бошқа шеърнинг бўлагидек: юксак, юксак, юксак тоғ, юксак тоғдан сув пуркит, пастликдан, водийдан оҳангинг чаларми? Қор қанию, қалинга кийинган қани?! Лекин бу билан биргаликда жумланинг тартибу-тузуми ўша-ўшадирки, аллақандай нарса амалга оширилса, бундан бошқа бир алоқасиз нарса туғиларми? Жумлаларнинг барида савол маъносидан ва ё мумкин жавобидан бурун турган жуфтликми, зиддиятми, муқобилликми борки, диққатимизни унга тортсак, бу мутаносибликнинг жўн маънодан устун келишини кўрамиз. Масалан мазкур бўлакда тоғу – сув, баланд тоғу – тубан водий, пуркитилган суву – чалинган оҳанг. Айнан шу каби жуфтларни бошқа бандларда ҳам кўришимиз мумкин. Буни ҳам хотирамизга олиб қўяйлик.
7-нчи БАНД.
Ва ниҳоят сўнгги учлик: лочин, шунқор пар тўкса, далада қолган суяк (қариндош-уруғ) деб, олдингга қарга йўларми? Бу ажойиб, гўзал ва теран учликнинг маъносини чақишдан олдин бир нарсани эслатиб ўтсам. Қозоқ ақйъну-жйъраулари, жумладан Алмас Алматов ва ё қозоқ мусиқасининг билағони Алма Қунанбаеванинг таъбирича жйър – бу тулки овига ўхшаш бир нарса экан. Тулкини яп-яланг чексиз чўлда бир томонга қувлаб-қувлаб, бирданига бошқа томонга чоптириш керак эмиш. Бунинг номи «қайтарйъс» экан. Сўнг яна ва яна бир бор айни ўша «қайтарйъс». Ва ниҳоят сўнгги “Улу қайтарйъс” бўлар эмишки – билдирмасдан тулкининг олд томонига от чоптириб, уни роппа-роса тескари томонга югуртириш керак эмишки, бу пайт тулки ўз-ўзидан, тириклайин ўзини таппа ерга ташлармишу, қотар эмиш. Бу деганики, чўлнинг чексизлиги қону-суягига сингган тулки бўш маконнинг қопига тушганидан, бу ҳадсизликка ташланган чегараларни англаганиданоқ, эсини йўқотиб қўяр экан.
Қозоқ жйъри ҳам айнан шундай. Отда чопиб кетаятган одамнинг назаридай бандлар – бири қор, бири кийим, бири – туғ, яна бири элат ҳақида экан, – ҳар «қайтарйъс»дан сўнг фикр эсанкираб, сўнгги “улу қайтарйъс”дан сўнг эса айёр тулкидек бутун ақлу-заковат билан биргаликда тамоман гангийдию таппа жйъраунинг қўлига тушади. Шунинг учун ҳам қозоқ жйърларида сўнгги банднинг аҳамияти асқар тоғдек, ва ё осмондаги лочиндек, шунқордек юксакдир.
Бу бандда биринчи боқимдан пала-партиш аввалги фикрлар «ярқ» этиб, ўзининг хулосасинию якунини топиши керакдир. Хўш, шаклий маънода бу учлик бошқа бандлар билан деярли айни услубда бўлсада, унинг бир фарқи борки, бу фарқ – биринчи бор ишлатилган қиёс – “далада қолган суяк” бўлиб, у аввалги тузумдаги: “бир нарса бўлса ундан бошқа фалон нарса туғиларми, бўларми?” – саволини бузади, қўпоради, ёради. Бу қиёс икки маънодада – «суяк» умумтуркий «суяк», «устихон» сифатида тушунилсаям, ёки қозоқча «суяк» – “бир суяк, бир уруғ”, «суянчиғ», «қариндош» сифатида тушунилса ҳам, маʼнолар хазинасидир.
Бир томондан “далада қолган суяк” лочину шунқорнинг парига ва бу орқали ибтидоий қорга чоғлаштирилса, иккинчи ёндан у – саволларни бежавоб тинглаятган кимсами, ё савол берувчининг ўзига қиёсланадики – уни “далада қолган суяк деб” қор билан оҳангдошу (ҚАР – ҚАРҒА), бироқ унинг рангий муқобили (ОҚ – ҚОРА), шунқору лочин билан уруғи бир, лекин зоти тескари ҚАРҒА олдига йўларми? Кўряпсизми нечоғ пухта ишланган банддир бу! Тугуннинг ўзи-я!
Энди бевосита маънога келганда, жйърнинг бир хосияти очиладики, у ҳам бўлса – банднинг маъноси бевосита эмаслигидир, яъни алоҳида бу банднинг маъносини – илгариги бандлар маъноси билан боғламсиз ҳолда чақиш – бефойда ишдир. Майли, фараз қилайликки, назаримизга алоҳида бўлмиш бу жумла, бу уч қатор шеър тушди:
Лочин, шунқор жун (пар) тўкса,
Далада қолган суяк деб
Олдингга қарға йўларми?
Албатта, бундан аллақайси жўн маʼноларни чиқариш мумкиндир, лекин мазкур учлик юқоридаги самовийлику тубанлик, жўмардлигу номардлик, худбинлигу элсеварлик, парвозу пасткашлик қаторларидан келиб чиқмас экан, уларни назарда тутмас экан, уларга таянмас экан, – унинг маъноси тўлақон эмасдир.
Мана энди тугун-тугун ташланган саволларни йиғиш палласи келди. Шоир хулосалаб айтмоқчики: юксаклик рамзи ва бўлаги бўлмиш лочин, шунқорнинг патига тенглигингда ҳам, эй номард, чопмаган, хоин, тубан инсон, ҳатто шунда ҳам, ҳатто жирканчли, ўликхўрак қарға ҳам сени эт эмас, суяк деб, бор, қариндош деб, олдингга йўларми? Қарга учун бу савол гумон бўлсада, инсон учун унинг жавоби аниқ. Зотан, жавоб олдиндан аниқ эди.
Шундай экан, нега Махамбет жйърни бошидан оёғигача кетсиз саволлар йўсинида тузади? Яна бояги тулки овини эсланг. Тулки кутмаганда овчи унинг олдидан чиқиб келаверади. Саволнинг табиати ҳам айнан шундайдир. Гуёки ноаниқлик, ғофиллик майдонидан қўйилар экан савол, унинг жавоби жйърауга аниқ ва белгилидир. У бамисоли тулкисифат ақлни гиж-гижлагандек, уни ўз майдонига таклиф қилгандек, билсанг – айтчи дегандек. Насриддин Афанди хода учида эшагининг олдига бир ғужум ўт осилтириб, уни тўхтовсиз юргизганидек. Эшак ҳар интилса – сомон ҳам бир қадам олдинга жилаверади эмасми?
Оддий манзарадан бошланган жўнгина ва хавфсиз шеър бора-бора тингловчи учун ҳаёт ва ўлим, номус ва разиллик, бурч ва хоинлик гирдобларига айланадики, бу уни ўз айланаларига зўраки торта бошлайди.
Эндиги ишимиз – иккала шеърни ва аниқроғи – уларнинг ички тузулишини бир-бири билан қисқача солиштиришдир. Бунда биз турли қатламларни текширар эканмиз, уларни ҳарфлар ила, ва Навоий ғазалини 1) рақами остида, Махамбет жйърини эса 2) рақами остида белгилаймиз.
а) СЎЗ ҚАТОРИ.
1) Ғазалда қўлланган сўзларнинг деярли ярми отга мансуб. Отларнинг учдан бири – мафҳум, абстракт отлардир. Сўзларнинг қолган ярми тенг миқдорда феъл ва сифатлар орасида бўлинган. Феъллар асосан туркий, сифатлар эса – арабий. Умуман барча сўзларнинг учдан бири – форсий-арабийдир. Товушлар таркибида санъати тажнис анча кенг қўлланганлиги билан, асосий эътибор аруз мусиқасини яратувчи унлиларнинг уловига берилади.
2) Жйърдаги сўзлар орасида сифат деярли учрамайди. Тенг қисмда фақат отлар ва феъллар. Бир-икки мафҳум форсий-арабий сўзни демаганда (номард, талок) жйър соф туркий сўзлардан битилган. Товуш улами шеърнинг балки асосий тузма дастуридир. Сўзларнинг жйърда пайдо бўлишига асосан уларнинг оҳангдошлиги сабабдир. Масалан: ҚАР – ҚАЛЙЪН – ҚАПТАЙ – ҚАРЙЪНДАС – ҚАМ – ҚАТЙЪН – ҚАЙРЙЪЛМАЙ – АСҚАР – СУНҚАР – ҚАЛҒАН – ҚАРҒА, ва бошқа қаторлар.
б) ЖУМЛА ТАРТИБИ.
1) Ғазалда қарийб барча турдаги гаплар мавжуд: дарак гапнинг содда ва мушкул турлари, ундовлар, шарту-истак майллари. Тузум нуқтаи назаридан ҳам гаплар хилма-хилдир – жоиз ва тескари тартибдаги жумла қурилиши ҳар сафар радифда – яъни гапнинг сўнгида феъл ўрнига от қўйишга қайта-қайта тақалади. Гаплардаги феълларнинг, бу дегани – гапларнингда замони ўтмишдан тортиб, то келажаккача. Умуман, бу ғазал таъкиддир, лекин иккинчи қисмда байтлар шартли майдонга кўчади (“истар эсанг”, “бор эса”), яъни ҳаракат ўтмишдан то ҳозирги замонгача етиб ва аминликда тўхтаб, ундан нарисини гумону-фаразлар, истаклар ила чизади. 2) Юқорида кўрсатганимиздек, жйърда гап тартиби бир йўсиндадир. Лекин бу йўсин ичида майда-чуйда ўзгаришлар, фарқлар борки, улар қолипнинг бирлигини сақлаган ҳолда, ҳар сафар унга айри-айри гувала чаплагандек. Масалан, бандлардаги шеърлар сонини олсак, ҳар бир савол аввал 2 шеърдан, сўнгра 5 ва 3у 3 мисрадан ташкил топган. Ва ё тўрт аввалги савол гоҳ аниқ бир тингловчига (“туғ бойласанг”), гоҳ маконсиз аллакимга айтилади. Шартли равишда бошланган бу шеър (“қор ёғса”), бора-бора таъкид хусусиятларини кучайтириб (мисол учун 5-нчи бандда йигитнинг қайирилмай кетгани аниқ, гап фақат унинг ҳаракатини баҳолаш муаммосида), сўнгги шартли гап (“жун тўкса”) бу борада ўзининг даргумон мумкинлигини йўқотиб, мантиқан лузумот мавқеъига эга булади.
в) ШEЪРИЙ САНЪАТЛАР
1) Ғазалдаги шеърий санъатлар шунчалик ранг-барангки, қисман биз буни байтма-байт таҳлил пайтида кўрсатган эдик. Тажнис дейсизми, иштиқоқ дейсизми, қалб санъатими (“чек – кеч”) ва ҳок., Навоий уларни моҳирлик билан қўллайди. Лекин ғазалдаги асосий ўрин тутган санъат бу ташбиҳ билан истиорадирки, “сийми судадин кофур” дейилганида, биз қорни, “оқу қаро” деганда – еру осмонни, дунёни тушунамиз. Яъни ғазалнинг энг чуқур асоси иккиликка қурилган экан (ёр ва Ёр бирлигию фарқи), шеърий санъатлар ҳам бир маънони иккинчи маъно орқали етказиб берадилар. Лекин, қолаверса, ғазалнинг гўзаллиги ва унинг маъноси сўзларнинг шу туришида, ўзлигидадир.
2) Ғазалга нисбатан бу шеърда на ортиқ ташбиҳ, на истиора бордир. Сўз нима ҳақда кетар экан, уни бевосита ва тўғрима-тўғри тушуниш мумкин ва лозим. Яъни, бир маънони иккинчи маънога қисман кўчириб (истиора санъати) тингловчига ўртада чиққан учинчи маънони етказиб бериш жйърда йўқдир. Шеърга зеб берувчи нарса – бояги эслаб ўтилган товуш ўйинларидир. Ана уларнинг бир-бири билан боғланиши тингловчининг онгида бир ажиб нақш яратади. Яна бир фарқ – шеърнинг маъноси асосан сўзларнинг, бандларнинг ўзидан эмас, уларнинг бир-бири билан уланишидан ҳосил бўлади.
г) МАКОН ҚУРИЛИШИ
1) Ғазалда маконнинг қурилиши юқоридан пастга (“септи қиш”) бошланиб, муаллифнинг нуқтаи назари бир жойдан деярли силжимайди. Иккинчи байтда ҳаракат ва ё макон энга ёйилиб («ёйди»), сўнгра очиқ майдондан уйга кўчади (“уй ичра”). Бироздан сўнг уй катаги бузулиб (“уйи вайроналар”), макон бутун оламга тенглаштирилади (“мулки Жам”), ва ниҳоят у дўзаҳга кўчиб, аввалги ҳаракат эскидан келган йўли ила тескари – қуйидан юқорига қайтади (“гард ила иссиқ булут”). Яъни, ҳаракат осмонда бошланиб, ерда ҳодиса сифатида ривож топгач ва тугагач, яна осмонга қайтади.
2) Жйърдада макон биринчи боқишдан бўйига қурила бошланади, лекин бу ҳаракат дарров энига тарқалади (“орай-борай – боран борар ма”) Кейинги бандларнинг бари эннинг бўй устидан устунлиги остида ясалади. Бўйига қўйилган туғ энига эсган бўрон шиддати ила турмайди, тулпор йиқилади, йигит қайирилмай кетади. Ҳаттоки асқартоғда бўйига бошланган сув пуркитиш – энига – оҳанг бўлиб тарқалади. Сўнгдаги осмондан тушган пар («жун») – кенглик, эн рамзи бўлмиш далада суякдек қолиб, унинг олдига ҳаттоки қарға йўларми ё yo’lamas…
д) БАЪЗИ МАЪНАВИЙ ФАРҚЛАР.
1) Ғазал – икки сўз билан айтганда – қайси мавзўга бағишланган? Таҳлилда очиб берганимиздек, гап қиш ҳақида кетгани билан, ғазалнинг асосий мазмуни – ёр ҳажри, Ёр ҳажридир, ошиқ ва маъшуқ орасидаги қишдир, инсоннинг Аллоҳ билан бўлган муносабатидир, ер билан осмон боғлами, алоқасидир.
2) Ғазалдан фарқли ўлароқ, бу жйърнинг асосий мазмуни ҳам қор ёғишидан келиб чиққан манзара эмас, бунинг натижасида очиқ-ойдин очилмиш инсонларнинг ўзаро муносабатидир, улар орасидаги қабохату мардлик, вафою хоинлигидир. Осмон ердаги ишларнинг бошловчиси, айғоқчиси, ҳакамидир.
Мана энди текширишимизга асосланган баъзи хулосаларга ўтсак. Текширишимиз бошида айтган эдик: бизни қизиқтирувчи нарса – бу икки усулда битилган шеърлар кетида турган онгларнинг фарқи нечоғлигини билишдир. Шеърларнинг қай бир қатламини текширмайлик, баъзи бир хусусиятлар борки, улар сатҳма-сатҳ ўтиб боради. Агар мазкур хусусиятларни иложи борича зичлаштириб, икки сўз шаклига сиғдирар эканмиз, булар – мақоламизга ном берган «мақом» ва «йўл» рамзларига тенглашади. Ўзингиз амин бўлинг: масалан асарларнинг энг аввалги қатлами – унинг шеърий тузулишини оладиган бўлсак, Навоийнинг сўзлари айланиб-айланиб ҳар сафар ўша-ўша «қиш» радифида мақом топади. Фарқан, Махамбет бандлари бир тузумда бўлсада, ҳар сафар ўзгариб, кети бошини унутган йўлда давом этаверади.
Таъкид билан саволнинг фарқи ҳам айнан шундадир. Яъни, таъкид – ўтмиш ё ҳозир билан боғлиқ бўлса, савол – келажак аниқликдан ҳозирги ноаниқликка юборилган ва бу билан БЎЛАЖАК жавобни кутган – демакки, келажак сари йўлга тортган жумла эмасми?
Сўзларнинг сифат таркиби ҳам фикримизга исбот бергандек. От – бу ном, бу аташ, бу чегаралаш, ҳаракатдан холи қилиб, тушунча шаклига келтиришдир. Навоийда от синфига мансуб сўзлар ғазалнинг ярмини ташкил қилади. Феъллар эса – яъни, ҳаракат – тақрибан бешдан бирини. Бунда аввалига ўзгариш, ҳаракатчан феъллар (септи, ёйди), бора-бора борлиқни англатувчи феълларга (эмиш, эрур, бор эса), яъни ҳаракатдан холи феълларга алмашади. Махамбет жйърида эса отлар сони феъллар билан тенг, бу демакки, ҳар бир нарса ўз ҳаракатидадир. Мазкур ҳаракат ҳам деярли ҳамиша йўналишли, йўл ҳаракатидир.
Умуман, сўзларни қўллаш услубидада бу фарқ анча кўзга ташланади. Навоийда сўзлар ҳар сафар бир сўзни («қиш») ўраб, ҳар сафар унга янги жило бериш ишқида бўлса, Махамбетта сўз – янги сўз учун туртки бўлади: «қар»дан «қалйън» туғилади, ундан – “қаптай соққан боран”, ундан ўз навбатида – «қарйъндас» – «қам» – «қатйън» ва ҳок. Ҳар бир келажак сўз аввалгисини янгилагандек, ундан чиқиб, ундан узоқлашгандек.
Хулласи, шеърларнинг қайси бир қатламини солиштирмайлик, Навоийда кўпрок фикрни бир жойга жамлаб, уни гўё қамалга олувчи зикр, Махамбетта эса – қамал эмас, – от чоптирувчи ва ҳар ёндаги «ярқ-ярқ» кўринишларни забт этувчи шиддат. Бирида – боғловчи ишқ, бошқасида – қўпорувчи эрк. Бунга бутун таҳлилимиз далолат эмасми?
Бас, бундай экан, энди эътиборимизни туркий шеъриятда мавжуд бўлмиш бу икки услубнинг негизларига кўчирсак. Энг осон ва балки ҳақиқатга энг яқин таъбир – бу ўтроқлик ва кўчманчилик орасидаги фарқдир. Чиндан ҳам Навоий кўпроқ ўтроқ туркий қавмларининг мужассами-вакили, Махамбет даври эса қозоқ туркларининг энди-энди кўчманчи ҳаётдан ўтроқликка ўтаётган даври эмасмиди? Бу борада савол туғилиши мумкин: қадим турк шеъриятига 15 асрда ёзилмиш ғазал яқинми, ё 19 асрда айтилмиш жйърми? шубхасиз – жйър.
Чунки боқинг, ғазал – «ўтроқ-кўчманчи» нисбатиданда истисно, бирлик, яккалик, шахсиятлик қутбига оғади. Ғазал муаммолари – асосан бир инсон – Навоий исмли инсоннинг муаммоларидир – унинг якка Ёр билан бўлган ва ё бўлмасликка маҳкум муносабатидир. Албатта бу ислом йўлида, аниқроғи тасаввуф йўлида ёзилган ғазалдир. Ундаги деярли барча сифатларнинг арабий эканлигини эслатиш кифоя. Яъни, бу ғазал дунёсига арабий йўлда сифатлар берилар эканки, дунё ҳам арабийлашади.
Бундан фарқли ўлароқ, жйър – қадим турк йўлида қолади. Ишониш қийинку, лекин Махамбет шеърларию унинг замондошларининг асарларини бирма-бир ўқиб чиққанимда, номига бўлсада ишқу-муҳаббат ҳақида бирорта шеър топа олмадим. Турк тилларида шакли муаннаснинг йўқлиги бунга боису асос эмасми? Жйърнинг муаммоларида «кўплик», «уруғ», «қавм», «қарйъндастйъқ» муаммоларидир: бунда хотин билан бола-чақа ғами йўлдан қўювчи, боғловчи қусур сифатида ҳаттоки қораланади, айбланади. Жйърнинг майдони ҳамиша йўл учун очиқдир. Унда ақлни чалғитувчи, «кўл»ни «қўл», ва ё «қор»ни «қон» дейдиган ташбиҳу истиоралар йўқ. Унинг атамалари аниқ ва бевоситадир. Мана ер, мана осмон, уларнинг орасидаги нарса эса – йўл. Одамнинг оёғи ерда, гавдаси – ҳавода, осмонда. Фикри эса – йўл. Йўлда энг асосий нарса – унинг боши ва кети. Чиндан хам, қозоқ жйърларини текшириб боқадиган бўлсангиз – биринчи ва сўнгги банд орасидаги танглик, шиддат, куч, кўпинча оралиққа бўлар-бўлмас ва энг осони – мақол – ота сўзлар тиқиштириш орқали эришилади. Йўлда сен истаган-истамаган нарсани учратишинг мумкин, бироқ йўлнинг танлови: унинг қайдан кетишию, қайга келиши – бу сенинг бурчинг, бу унинг сифати, бу бизнинг ҳаётимиз, – дейди жйърау.
Ғазал ҳам аслида йўл. Лекин зоҳирий эмас – ботиний, моддий эмас – руҳий. Руҳий йўл эса макон кечиш билан эмас – замонни енгиш билан шуғулланади эмасми? “Дарахт бир ерда кўкаради”, – дейди ўзбек турклари. Агар қозоқ даштида ер билан осмон бевосита туташган бўлса, ўзбек боғида оралиқда соя ташловчи дарахт бор. Истиоранинг вазифаси ҳам шундай эмасми? Илдизларга сингган ерни осмонга етказиш, осмондан ёққан нурларни баргу-мевага, ерга яна тушмиш уруққа айлантириш. Йўл ҳам боши билан кети орасидаги масофа эмас – уйга қайтиш билан ўлчанади. Ўзбек эртакларини эслаб боқинг: борса келар, борса келар ё келмас, ва энг даҳшатлиси – борса келмас йўл.
Ғазал ҳам ҳар қадамини уйга, маконга, мақомга қайтиш билан ўлчайди. Гапни айтдингми – қишга қайт, яна бир гап кечдими – икки бор тезроқ қайт. Узоқлашганинг сари оралиқ Мулки Жом каби ҳажрга айланади. Тортиш кучи эса – дўзаҳ азоблари билан тенг. Қайт, қайт, қайт! – дейди ғазал. Аллоҳ, Ёр тажаллиёти – мулку малакут, тухму нутфа, табиату одамзотни, руҳу сўзни зоҳиру нозил этган экан, одамзот уруж, яъни Аллоҳга , Ёрга қайтиш, азалги ва сўнгги мақом иштиёқида яшайди. Ғазал ҳам бу иштиёқнинг қоғозга тушган сояси эмасми.
Мақом ва Йўл, Йўл ва Мақом. Мақомсиз Йўл йўқ, Йўлсиз – Мақом. Қозоқ ва ўзбек туркларининг шеърияти ҳам юракдан оққан қону, онгдан оққан фикр каби бир бирига вужудимиз узра интилади.