O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Абдурауф Фитрат. Бухоро вазири Насруллоҳбей парвоначига очиқ мактуб (1910)

Абдурауф Фитрат. Бухоро вазири Насруллоҳбей парвоначига очиқ мактуб (1910)
163 views
12 March 2020 - 11:49

АБДУРАУФ ФИТРАТ. БУХОРО ВАЗИРИ НАСРУЛЛОҲБЕЙ ПАРВОНАЧИГА ОЧИҚ МАКТУБ (1910)

(Эй Вазоратпаноҳ[2], биз тартиботи жадидага муҳтожмиз)

Аниқдирки, ҳеч қайси миллат ҳеч бир замонда бизда бўлганидек юрти хароблик, халқи фалокат, аёнлари пасткашлик, идора аҳли фасод, золимларнинг қон сўриши, ажнабийлар калакалари, истиқболининг мушкуллиги каби иллатларга мубтало бўлмаган! Бутун мамлакат ва миллатни шу аҳволга келтириб қўйдикки, дунёдаги энг қийин ва ташвишли кунларда яшаётган одамлар ҳам бизнинг аҳволимизга маъюс тортиб, қон йиғламоқдалар. Ҳар қанча кўз ва қулоқларингизни беркитиб олсангиз ҳам бу қадимги ислом миллатининг фарёди ва бу муқаддас мамлакатимизнинг хароблигига ачинмай туролмайсиз. Лекин бу жимгина ачинишдан не фойда? Бу кетма-кет келаётган мусибатлараро Сиз каби комил шахснинг ҳаракатсиз ачиниши ва сукут ҳолати қачонғача давом этади? Бу кун мазлум ислом миллатининг энг ойдин фикрли зиёлилари жаҳолат ва ғафлатнинг икки отига миниб ўз камситилишининг пайини қирқиш учун чопмоқдалар. Муқаддас ва меҳрибон она ватанимизнинг ўз ҳақини таниган фарзандлари зулм темир панжасидан тортиб уни фано саҳросига[3] томон тортмоқда. Бу кун залолат ва гумроҳлик занжирининг асири бўлган бизнинг ҳолимизға Ҳазрати Раббъ ул-иззатнинг[4] раҳми бўлиб юборилган Сизсиз ва бизнинг тождор олий ҳазрат падари меҳрибонимизни[5] ҳозирги ва келгуси мушкулликлардан Сизгина хабардор эта оласизки, (амир) бизнинг ишларимизни назоратига Сизни жалб этган. Яъни Ҳазрати Холиқнинг карами ва адолатпарвар подшоҳимизнинг лутфи Сизни нафақат бу умри паришон ва истибдодпеша бўриларга ўлжа бўлиб, қўрувчисиз қолған қўйларға меҳрибон чўпонликка эмас, балки уларнинг ишларини танзим қилиш[6], тартибга солиш учун юборғандир. Биз Сизнинг ишга тайинланган кунингизни ўз ҳаётимизнинг муқаддимаси деб билдик ва ишга маъмур бўлиб киришган кунингизни ўз миллий байрамларимиздек нишонладик. Таассуфки, бугунга қадар интизор кўзларимизни қанчалар тикмайлик, истиқболимизнинг саодати учун ташаббус бўладиган бирор ишни Сиздан кўрмадик.

Эй, меҳрибон она Ватаннинг баркамол фарзанди!

Эй, Бухоро эзилган миллатининг бесабот тарафдори! Сиз умр бўйи ўзининг ноз ва тантаналарга бой оғушида Сизни тарбиялаган азиз ва муқаддас ватанингизнинг ишларини хароблик ва паришонликнинг қора кунларига улоқтириб қўйиб, унинг остидан ўт ёқиб келаётган балоларга мубтало қилиб, нега жим ўтирибсиз?! Ҳамиша ҳақ динимиз ва шаръий Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг адолатлари соясида тинчлик ўрнатиб келинган ватанимиз кимсасизми ё хароб ҳолдами қолди! Минг хил хавфу хатарларга дучор бўлди! Соатма-соат Сизга умидвор тикилган кўзларимиз юмилмоқда. Сиздан ёрдам ва нажот амалларини кутишдан толмоқда. Сиз нега жим ўтирибсиз? Шу мазлум ислом умматининг умиди, ҳаётимизнинг баракоти Сизнинг сайъ-ҳаракатингиз ва ҳимматингиздир. Бу бахтсиз ислом миллатининг хизмати ва муқаддас шаръий Динимизнинг мустаҳкамланиши, албатта, Сиздан лозимдир. Бу муқаддас хизмат йўлида бир дам бўлсин сусткашлик қилишга Сизнинг ҳаққингиз йўқ! Сўзингизнинг нуфузи ва улуғвор таъсири бўлгани ҳолда бу куфрони неъмат хабаридан ожизлигингизнинг маъноси нима? Нима сабабдандирки, сиз ўзингиздан лозим хизматларни ошкор, очиқ қилмайсиз? Турли фирқалар орасида улуғ ишларнинг ташаббускори бўлаётган ўша ҳиммат арбобларининг Сиздан не устунлиги бор? Не монеълик борки, тартиботи жадида воситаси билан миллий саодатимизнинг янги истиқболли йўлларини очиб, қадримиз ва тақдиримизни аъло даражада шарафлай олмайсиз? Бир зоти комилнинг ҳаққи учун Ватанимиз ҳамдўст ва ҳамдин кишиларга тўла бўлса қанчалар савоб?! Бир миллатнинг ҳаёти учун қайғуруб, Аллоҳнинг фазлу карамига сабаб бўлмоқдан қайси шуҳрат ортиқроқдир? Раият орасида Сизга нисбатан ихлос ва муҳаббат бор, бу Яратганнинг карамидирки, Сизни фавқулодда нуфуз соҳиби қилиб бошимизга юборди. Олий ҳазрат тождор падари бузрукворимиз, адолатпарвар подшоҳимиз бизни тарбият ва танзим[7] этмак амрини Сизга берган. Не тўсиқки, Сизни бу муқаддас хизматдан қайтарсин?! Магар бошқалар ғафлатда қолған бўлсалар, Сизда ғафлат қилманг. Бошқалар ғафлатининг ташвиши Сизнинг ғафлатингизчалик бўлмайди. Наувзибиллоҳ[8], бундай муқаддас вазифани бажаришда сусткашлик қилсангиз эртага интиқом олғучи Аллоҳнинг ҳузурида нима деб жавоб берасиз?!

Нуширавон[9] намўрд ки номи неку гўзошт (Нуширавон ўлмади, чунки яхши ном қолдирди).

[1] Фитратнинг бу мактуби илк бор 1910 йили Истанбулда чиқадиган «Таъруфи муслимин» («Мусулмонлар таърифлари») номли «диний, сиёсий, тарихий, фалсафий ва аҳволи олам»дан баҳс қилувчи ҳафталик мажалла саҳифаларида, (1328/1910 йил, 25-адад, 2-жилд; 8 декабр, пайшанба) эълон қилинган. Мактуб Амир Олимхон Бухоро тахтига ўтиргандан кейин Насруллоҳ Парвоначининг бош вазир лавозимига тайинланиши муносабати билан ёзилган. Фитратнинг Истанбулда чоп этилган илк асарлари каби бу мактуб ҳам форс тилида битилган. Гарчи мажалла турк тилида чиқиб турган бўлса ҳам Фитратнинг бу мактубини айни ҳолда, яъни форс тилида чоп этган. Асар форс тилидан таржима қилиниб, эълон қилиняпти. Дастлаб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»нинг 1996 йил 9 май сонида эълон қилинган (мутаржим Ҳ. Болтабоев).

Фитратнинг бошқа жадидчилик руҳига ҳамоҳанг бўлган бу мактуб улуғ адибимиз салоҳиятининг янги қирраларидан китобхонни хабардор этади деб ишонамиз.

[2] вазоратпаноҳ — вазирларни паноҳига олган. Бу ерда: бош вазир лавозими.

[3] фано саҳроси — йўқлик гирдоби.

[4] Ҳазрати Рабъу-л-иззат — Аллоҳнинг сифатларидан бири билан унинг муборак номи тилга олиняпти.

[5] Падари меҳрибонимиз — Бухоро тахтига янгигина чиққан Амир Олимхон назарда тутилади.

[6] танзим қилиш — низомга, тартибга солиш.

[7] тарбият ва танзим — тарбия ва тартиб.

[8] Наузибиллоҳ — Аллохдан паноҳ сўрамоқ.

[9] Нуширавон ёки Ануширвон — машҳур Эрон (сосоний) ҳукмдорларидан бўлиб, истибдодпеша саркардалар орасида фақат яхши ном бидан, яъни адолатли подшоҳ сифатида тарихда қолганига ишора.

facebook.com