O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Абдураҳим Ўткур – Шарқий Туркистоннинг Чўлпони

Абдураҳим Ўткур – Шарқий Туркистоннинг Чўлпони
1,200 views
08 February 2021 - 23:07

24 ёшида ҳибсхонада ўлдирилган Лутфулло Муталлиб, Турфон исёнида шаҳид бўлган Абдулхолиқ Уйғур каби Абдураҳим Ўткурнинг бутун умри қамоқхоналарда ўтгандир.

“Қалам синди, алам эзди дилимни,

Тўфон туриб, соқов қилди тилимни,

Қўлим тутмас, оёқ юрмас, фалажман,

Қандай қилиб рози қилсам элимни?”

– деб нола қилганди у.

“Эй, дардлилар кўз ёши – Ватан!

Лаънат сенинг номусингни топтаган ҳар чиркин оёқларга!

Лаънат сени номуссизларча тарк этган қўлларга!

Лаънат сенинг учун йиғламаган “чақноқ” кўзларга!

Лаънат сенинг учун сўзламаган “сайроқ” тилларга!”

– дея додлаган шоир.

Рауф Парфи бу қайғу ҳақида шундай айтганди:

“Мени қайғули ёзишимга сабаб бўлган туйғу – бу Ватанга бўлган муҳаббат туйғусидир. Ватани қуликда азоб чекаётганда шоир қайғули ёзишга мажбур. Вақти келиб, бор ҳақиқатни рўйи – рост англаб етганларингдан сўнг Сизнинг ҳам ичингиз дарду – фарёдга тўлади. Шўх – шодон эмас, мунгли ва маъюс ёза бошлайсиз. Шунда сизларга қараб, изтиробга тўла ғам муборак бўлсин, бу саодат сизга муборак бўлсин, дейман!”

Абдураҳим ЎТКУР

ДЕДИМ:

“ЧИН, ҚЎРҚМАССАН?” ДЕДИ: “ТАНГРИМ БОР”.

ДЕДИМ: “ЯНА НЕ БОР? ДЕДИ: “ХАЛҚИМ БОР”.

Саҳар вақи кўрдим кўзим султонини;

Дедим: “Султонмисан?” У деди: “Йўқ, йўқ”.

Кўзлари оташли, қўллар хиноли;

Дедим: “Чўлпонмисан?” У деди: “Йўқ, йўқ”.

Дедим: “Исминг недир?” Деди: “Ойхондир”.

Дедим: “Юртинг қай ер?” Деди: “Турфондир”.

Дедим: “Бошингда не?” Деди: “Ҳижрондир”.

Дедим: “Ҳайронмисан?” У деди: “Йўқ, йўқ”.

Дедим: “Ойга ўхшар…” Деди: “Юзимму?”

Дедим: “Юлдуз каби…” Деди: “Кўзимму?”

Дедим: “Ёлқин сочар…” Деди: “Сўзимму?”

Дедим: “Вулқонмисан?” У деди: “Йўқ, йўқ”.

Дедим: “Қийиқ недир?” Деди: “Қошимдир”.

Дедим: “Қундуз недир?” Деди: “Сочимдир”.

Дедим: “Ўнг беш недир?” Деди: “Ёшимдир”.

Дедим: “Жононмисан?” У деди: “Йўқ, йўқ”.

Дедим: “Денгиз недир?” Деди: “Дилимдир”.

Дедим: “Раъно недир?” Деди: “Гулимдир”.

Дедим: “Шакар недир?” Деди: “Тилимдир”.

Дедим: “Бир тотсайдим…” У деди: “Йўқ, йўқ”.

Дедим: “Занжир бордир…” Деди: “Бўйнимда”.

Дедим: “Ўлим бордир…” Деди: “Йўлимда”.

Дедим: “Билакузук?” Деди: “Қўлимда”.

Дедим: “Қўрқармисан?” У деди: “Йўқ, йўқ”.

Дедим: “Чин, қўрқмассан?” Деди: “Тангрим бор”.

Дедим: “Яна не бор? Деди: “Халқим бор”.

Дедим: “Яна борму? Деди: “Руҳим бор”.

Дедим: “Шукронмисан?” У деди: “Йўқ, йўқ”.

Дедим: “Истак недир?” Деди: “Гулимдир”.

Дедим: “Курашлар бор?” Деди: “Йўлимдир”.

Дедим: “Ўткур кимдир?” Деди: “Қулимдир”.

Дедим: “Сотармисан?” У деди: “Йўқ, йўқ”.

Уйғур тилидан Карим Баҳриев чевирмаси