Таниқли эксперт Азиза Умарова «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси фаолиятини танқид остига олди. У бу ҳақдаги постини Facebook’даги саҳифасида эълон қилди.
«Туркияда жуда кўпчилик ҳордиқ чиқаради. Новокузнецк ишчиларидан тортиб, Чита-Чимкент-Черкассдан бўлган ўрта даражадаги бизнес эгаларигача. Мен атайин пойтахтлар номини айтмаяпман ва эксклюзивлар ҳақида гапирмаяпман. Анталиядаги аксарият дам олиш масканлари оддий шаҳарлардан келган ўртача статистик кишилар билан тўла, улар йилига бир марта болаларини соҳилбўйи ва all inclusive фуршетларига бемалол олиб боради.
Лекин бизда ҳаммаси бошқача. Оддий фуқароларда таътилда чет элга чиқиш имкони йўқ, сабаби авиаташувчи монополист Ўзбекистонга рақобат киришига йўл бермаяпти. Бизда чартер рейслар, лоукостерлар ва муқобил маҳаллий авиакомпаниялар йўқ. (Истаётганлар эса кўп). Бунинг ўрнига, ҳар йили ёзги мавсумда «Ҳаво йўллари» ўзининг Анталияга стандарт рейсини «чартер» деб атайди ҳамда унга чипталарни Истанбулга оддий рейс нархида сотади, бронлаш ҳар доим муайян сайёҳлик фирмаси орқали ўтади. Таниш-а?
Ҳаммаси ҳам майли, лекин «Ҳаво йўллари»дан «чартер» – бу тушунчаларни очиқчасига алмаштиришдир. Чимкент, Москва, Челябинскда «Ҳаво йўллари»дан «чартер» пулига ($650+) сиз нафақат денгизга тўғридан-тўғри чартерга чипта, балки бир ҳафталик all inclusive йўлланмасига ҳам эга бўласиз… Чартер чиптаси одатда 150-200 доллар туради. Жуда ҳам арзон. Шунинг учун Туркияда дам олиш – Россия, Қозоғистон, Украинадаги энг оммабоп ва ҳамёнбоп йўналиш, аммо бизда – ҳашамат. Ўтмишда Ўзбекистон сайёҳлик фирмалари ўзлари чартерни йўлга қўйиш таклифи билан чиқишган, бироқ доимо рад жавоби олишган. Фақат «Ҳаво йўллари» учади.
Мен Андижон, Бухоро, Нукус, Қўқондан болаларни Туркиядаги сийқаси чиққан 3 юлдузли меҳмонхонага олиб бориш бизнинг одамлар учун эришиб бўлмас орзу бўлиб қолаётганидан афсусдаман… Аҳолининг 95 фоизи ҳаёти давомида денгизни кўрмай ўтади. Шунчаки, кимдир ўз чўнтаги учун ишлашдан тўхтай олмаслиги ва соғлом рақобат муҳитига эга тўғри авиация бозорини қура олмаётгани учун.
Ёдда тутинг, давлат монополияси ҳар доим ёмон, ҳамёнимизга қўл суқади ва бизни камбағалроқ қилади», – деб ёзади Азиза Умарова.
Манба: kun.uz