ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 60
(давоми)
Қиссадин ҳисса, сўздин сўз чиқар дегандек, бу китобни ёзгувчи Алихон Шокирхонтўра ўғлидурман, таҳминан ҳижрат тарихининг 1342 йили эрди, ўз туғилган жойим, она Ватаним Туркистоннинг эски маркази, тарихларда Боласоғун номлик, бу кунларда Тўқмоқ деб аталган шаҳарда диний хизмат қилиб турдим.
Шу чоғда ёшим ўттиздан кўп ошмаган эди. Шу йили еримизда қизамиқ касаллиги тарқалиб, унга қарши тиббий ёрдамлар етишмасликдин, бу иллатдин кўп болалар ўлимга учрадилар. Шу қаторда менинг ҳам уч ўғлим, беш ёшлик Асрорхон, Муҳаммадхон, Мухторхон, булар бир ярим ёшлик, уч кун ичида кетма-кет вафот топдилар.
Асрорхонни омон қолишини тилаб, укалари ўлганида кўп ортиқча койинмадим. Аввал икки укаси вафот бўлиб, сўнгра Асрорхоннинг касали ҳам оғирлашди. Мен қилмаган илож қолмади. Ўзимнинг ҳам эски тиб илмидан анчагина маълумотим бор эди. Турлик иложларни қилиб кўрдим, ҳеч бир фойда бермади. Охири жисмоний иложлардин зерикиб, руҳоний иложлардин шифо изладим. Яхши одамларга дам солдириш, Худо йўлида хайр-эҳсон қилиб, садақа бериш каби ишларни кўп қилдим. Булардин ҳам ҳеч фойда кўролмадим. Кишиларнинг ўқиб, дам урганига қаноат қилмай, бу ишга ўзим киришиб, бир ўлтиришда тўрт-беш соат тинмасдин ҳар турлик дуолар ўқиб, дам урдим. Буни ҳам фойдасини билмадим. «Ҳаётул ҳайвон» китобида айтилган экан:
«Агар киши бошига бир мушкул иш тушса, катта бир семиз қора қўчқор олсин. Уни, бошига мушкул тушган киши ўз қўли билан бўғизласин. Агар бу қийинчилик боласи устида бўлса, отаси: «Эй бор Худоё, шу қўчқорнинг жони боламнинг жонига бадал бўлсин» деб Аллоҳдин тилаб туриб, пичоқ сурсин, сўнгра унинг гўштини олтмиш бўлак қилиб, олтмиш мискинга берсин, хоҳи жон, хоҳи молга, ҳар қандоқ мушкул бало келган бўлса, шу билан даф бўлгай, бу иш мужарраб дейилмишдур».
Бу ҳам қолмасин, деб ихлос билан кўп ерлардан излатиб юриб, шул сифатлик қўчқорни топтириб келдим. Ўзим умр ичида мол эмас, чумчуқ ҳам сўйиб кўрмаган бўлсам ҳам, бу жониворни боламга фидо қилсам, Исмоил алайҳиссалом ўлимдан қутулгандек, боламни жони саломат қолгайму, деб бошяланг қиблага қараб туриб, ул жониворни бўғизладим. Китобнинг деганидек, олтмишга тақсим қилиб, бўлгунимча улгуролмай, кечага қолди. Тун ярмида ўтиб, эл қаттиқ уйқуга ботди. Бундоқ вақтда олтмиш мискинни қаёқдан топгаймиз, ният қилиб, ишимизни битирдик, тонг отгандин сўнгра бу ишни бажаргаймиз, деб қайтиб келиб, бола олдига кирсам, ўғлимнинг холи оғирлашиб қолибдур. Марҳум онаси, қараб туришга тоқатим қолмади, деб болани қучоғимга қўйиб, ўзи йиғлаб ташқарига чиқди. Иккинчи киришга чидай олмай, қўра айланиб йиғлаб юрди.
Мен бўлсам юзига қараб термулиб ўтиришдан бошқа чора топа олмадим. Бутун сабабларидин қўл тортиб, қазони кутиб ўлтирдим. Шу паслашганича паслаша бориб, охир саҳар вақтида жон таслим қилди. Қазога ҳеч чора йўқлиги кўз олдимизга келди. Ўзимнинг нақадар ожиз эканлигимни яхши тушундим. Бу боланинг дардидан икки-уч кун илгари ўлган икки гўдакни кўп эскармаган бўлсак ҳам, бундин ажраган сўнгида уч фарзанд доғи бир келиб, юракларимизни ёндирди. Бу оғир юкни кўтаролмай, онаси ўзидан кетиб йиқилди. Бу ҳам ўлган қаторида бўлиб, уй ўртасида чўзилиб ётди. Мен шу ҳолатда туриб, пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг айтган қутлуғ сўзларини эскардим. Дарров таҳорат олиб, айвонга чиқиб, икки ракат сабр намози ўқидим. Намоз ортидан қўл кўтариб, Пайғамбаримиз ўргатган дуони ўқиб, Худодан талаб қилдим.
Алҳамдулиллоҳ, тилагим қабул бўлса керакким, йил ўтмай ўғлим Муҳаммадёр туғилди. Кундан-кунга ўсиб, офатлардан омон бўлиб, Худо умрини берди. Мана шу кунларда ҳижрий 1374, мелодий 1956 эрди, ёши ўттизга тўлиб, йигитлик қиромига келди. Давримиздаги фанний илмлардан анчагина баҳра топган бўлса ҳам, аммо диний илмлар таҳсилига бу кунгача бўшай олмаган эди. Юқориги боболаримиздан бошлаб, бизнинг оиламиз илм оиласи бўлганлигимиздан бу улуғ шарафга авлодимиз ичида бирортаси эга бўлгайму, ёки бу фазилатдин келаси кунларда замона таъсирига қараб барчалари маҳрум қолгайму, деб доим қайғурмоқда эдим. Чунки ёшим етмишдан ўзиб, умримнинг кўпи кетиб, ози қолганлиги кўз олдимдадур. Агар бу шарафдин барчалари бенасиб бўлсалар, умр ичида йиққан, умр йўлдош китобларимга ким эга бўлгай? Қоронғу токчалардан чанг босиб, кимлар қўлида қолгай, деб ҳаёл қилиб, кўп замонлардин бери қўрқиб юрмоқда эдим.
Алҳамдулиллоҳ, Тангримга шукр, ушбу ёзилмиш китобим ҳурматидин бўлиши керакдур. Аллоҳ таоло бу ғамдин мени шу кунларда қутқазди. Ўғлим Муҳаммадёр олдимга келиб, чин ихлос билан дин илмининг асосий ҳисобланган «сарф — наҳв»дин, бошлаб ўқишга киришди. Жумла офатлардин Аллоҳ асрасин, дунёда иззати, охиратда шарофати етгувдек илм ато қилсин, омин!
Бу воқеалик сўзни бу китобда ёзишнинг ўрни бўлмаса ҳам, биринчи, шу мақсад қўлга келишига Расулуллоҳнинг таржимаи ҳолларини баён қилиб, ёзаётган шу китобимни шафеъ келтирдим. Иккинчи, сўнги авлодларга ёдгорлик бўлсин деб бу сўзларни ёздим!