Расмда кўраëтганингиз Сетра автобуси олдида селфига тушган Мақсад 52 ўзбекистон ватандошини сўнг манзилга элтган автобуснинг тирик қолган ҳайдовчиси. Бу расмга қараб ўзимча синчилик қилдим. Ҳар бир нарсанинг, ҳар бир ишнинг тўлови бор. Емак есангиз ошчига пул берасиз, уловга минсангиз чипта оласиз.
28 йил илгари ўз ҳақини талаб қилиб, кўчаларга чиқиб, бутун СССРга ботирлик ўрнагини кўрсатган эл бугун қўрқоқ, забун бўлди.
Тирикчилик учун йўл азобида ëниб кул бўлди. «Зато тинчлик», «Осмонимиз мусаффо», «Ўзбекистондай жаннат ҳеч қаерда йўқ», «Яшасин Каримов», «Каримовга отилган ўқ менга тегсин» каби гаплар кўп айтилди. «Кетни қисган бой бўлади» деганларнинг бири икки бўлмади.
«Фақир панада, отамни ўлдирганга онамни бераман» деган бу бўйни букик тўда бу гаплар учун тўлов тўлаши лозим эди.
Бугун бу тўлов устига миндирилган фоизи билан тўланяпти.
Каримовнинг то ўлгунча бу элни эзиб, сувини ичгани тўловнинг ҳаммаси эмас.
Мактаб кўрмай, саводсиз, қолган, жоҳил бидъатчи муллалар тарафидан мияси ювилиб манқуртга айлантирилган¸ йўлларда нон учун¸пул учун суринган бу миллионларнинг кўргулиги олдинда шекилли.
Йилда бир марта эрини кўрадиган аëллар тўлаяпти бу тўловни. «Отам ўрис юртда» деб тили чиққан отаси билан фақат телефонда гаплашадиган болалар ичидаги оғриқ¸ кўзлариндаги мунг ҳам ўша тўловнинг бир бўлагидир.
28 йил жим юриб¸ фақат диктатор Каримовга қўшиқлар қўшган шиғирчи, баҳшилар бугун автобусда ëниб, ўлганларга атаб яна шиғир ëзиб ëтибди.
Синдир қаламингни, қоғозни ўчоққа қала, шояд уйинг бир оз исиса. Қалам ва қоғоз ëнган ўчоққа қараб мақтаниб, кийиб юрганинг дўппингни бир четга қўйиб ўйла.
Мендан сўрасанг, сиëсий талаблар билан чиқиб ҳоким, вазир ва президентнинг ëқасиндан олмоқ керак дейман.
Конститутцияни ўқийлик ора-орада.
Ҳокимият манбаи халқ дейилган. Президент халқнинг ҳизматчиси, чўриси бўлиши керак аслинда. Яна бутунгидай бўлиб бўйнимиз букик, қулоқларимиз кар, тилимиз соқов, кўзларимиз қозиқ ўрни каби бўлса тўлов қоғозини кутаверамиз.
Бундан 28 йил илгари миллат ойдини Муҳаммад Солиҳ айтган сатрларни балким бугун тушундик !
Қарғалган миллатнинг келажаги тул,
Дарёлари қуриб, чирир ерлари,
Қарғалган миллатнинг болалари – қул,
Аёллари тумсо, бепушт эрлари.
Қарғалган миллатнинг қозиси – фосиқ,
Олими – савдогар, илм сотиб яшар,
Шоирлари эса, ақлдан озиб,
Душмандан мукофот олмоққа шошар…
Отабек Усмон
19 январь 2018 йил Москва
Манба: eltuz.com