Оқибат нима бўлди – вилоятнинг барча туманида кўчалар ҳам ҳувиллади, ҳам “гувиллади”. Ҳувиллагани – бирорта ҳам техника йўқ, минг-минглаб автоуловлар “ҳибс”га олинди. “Гувиллагани” – худди ўша 1 май кунидаги парад каби йўллар одамлар билан тўла. Гўё ўтган асрнинг етмишинчи йилидагидек машинасиз кўчалар! Фақат шовқин солганча “худо берган” формаси ва таёғини кўз-кўз қилганча ИИБ ходимлари яёв ҳам, машинада ҳам вампирлар каби олазарак кезиб юрибди.
Бу мустақиллик байрами олдидан ўзига хос профилактика деб ўйлаяпсизми? Ўйлайверинг! Аслида эса Сурхондарё вилоят ҳокими Нормўмин Чориев бу йилги мустақиллик байрами тантаналари учун зарур харажат, яъни пойтахтдан ташриф буюрувчи санъаткорларнинг “ҳақи”ни айнан вилоят ИИБ йўл ҳаракати назорати бўлимига юклаган эмиш! Бир ҳафта ичида ўша “йиғувчи”лар миллион-миллион маблағ жамғариши шарт! Жабри эса оиласини боқолмай эски аравасини судраб зўрға рўзғор тебратаётган бечора халққа!
– Онамнинг қон босими кўтарилиб, нафаслари қисилиб қолди, – дейди Қ. исмли суҳбатдошимиз. – “Тез ёрдам” чақиргандик, бир соатда ҳам келмади. Қайта-қайта қўнғироқ қилдик. Хайрият, охири етиб келди. Нима эмиш, машина йўқлигидан чақирган беморларнинг ҳаммасига ҳам улгуролмаётганмиш. Онамиздан айрилишимизга оз қолди…
Яна бир гап. ИИБ, прокуратура ё МХХ ходимларининг таниш-билиш, қариндошларигина ўз автомобилларида бемалол юришибди. “Овчи”лардан бирининг айтишича, ҳибсга олинган машиналар жарима тўланган тақдирда ҳам мустақиллик байрамидан кейин эгаларига қайтарилади.
– Ҳайронман, – дейди исмини ошкор этишни истамаган яна бир суҳбатдошимиз. – Мени тўхтатишди, тўхтадим.
Ҳужжатларим жойида. Машинани текширишди, айланиб-ўргилиб кўришди. Айб тополмай, охири: “Нега белги олдида тўхтадинг?” дейди. “Ўзингиз белги олдида тўхтатдингиз-ку, шу ерда турибсиз, шу ерни кўрсатдингиз” дедим. Қаёқда, машинамни олиб қўйишди.
Вилоятнинг биргина олис туманида бир куннинг ўзида 2000 тага яқин автомобил турли-туман важ-карсон билан фуқаролардан олиб қўйилди. Таксилар ҳам ушлангани, қолгани қўрққанидан уйидан чиқмагани боис вилоятда туманлараро борди-келди узилиб қолди. Яёв қолган одамларнинг қанча режалари барбод бўлди…
Энди ўзингиз ўйланг, тирикчилик илинжида қимирлаб юрган инсонларга ўз оиласини оч қолдириб, байрамни тантана қилиш, мисол учун ранги учган фарзандлари билан “қимматга тушган” Озодбекни кўриш нимага керак!