Ўзбекистон раҳбари Каримов мен юртда барқарорлик ўрнатдим, деб 20 йил тинмай мақтанди. Ҳолбуки,у ўрнатган барқарорлик қабристон барқарорлигидир. Каримов мен юртда тинчлик барпо қилдим дея кўкрагига уради. Ҳолбуки,у барпо этган тинчлик энг даҳшатли урушдан баттардир. Акс ҳолда, миллионлаб одамлар – фақат сиёсий сабаблардан эмас, иқтисодий ночорликка чора истаб – ўлкамиздан қочмаган бўларди.
Каримовнинг турмаларида 20 мингга яқин сиёсий маҳбус бор, унинг аксарий кўпчилигини диндор кишилар ва мухолифат вакиллари ташкил этади. 20 минг сиёсий маҳбус – ўлка аҳолисининг пассионар(фаол) қисмининг айнан акс тасвиридир.
Зотан, Ўзбекистон Совет давлати йиқилиш арафасида – Болтиқбуйи жумҳуриятларидан кейин – сиёсий жиҳатдан энг актив жумҳурият эди. Ўз.ССР ўзининг Мустақиллик Декларациясини биринчиларда бўлиб (20 июн 1990 йил) қабул қилганди. Ва бу Декларацияни Москванинг, Ўзбекистон Компартияси МКсининг ва унинг бошида турган Ислом Каримовнинг қаттиқ қаршиликларига қарамай қабул қилди.
Майдонларни тўлдирган юзминглаб кишилар айнан сиёсий талаблар билан чиққандилар. Бугун биз жамиятимизда ўша норозилик потенциалининг ажиб трансформациясини кузатмоқдамиз.
Бу потенциал, йиллар ўтганига қарамай, кичраймади, аксинча, каттайиб борди. Шунинг учун ҳам ўзбек диктатори ҳар 5-6 йилда бир марта улгуржи репрессиялар ўтказиб, ижтимоий қатламлардан “режимга хавф солган” энг актив шахсларни териб олиб, турмага ташлади ёки ўлдириб турди. Бу шахсларнинг жазо колонияларида рўйхатга олинганларининг сони 20 минг бўлса, рўйхатга олинмаганлар, яъни хозирча қамаламаганлар сони миллионларчадир.
“Инсон ҳуқуқлари” деган нарса Ўзбекистон энг кулгили нарсадир. Каримов собиқ Ўзбекистон ССР ҳудудларида Мустақил Концентрацион Лагер (МКЛ) қурди. МКЛни Ўзбекистон Республикаси деб аташингиз ҳам мумкин, аммо вазиятни ўзгартирмайди. Каримов иншо этган бу режимни классик диктатура деб атасак янглишган бўлмаймиз. Каримов ва унинг ҳамтовоқлари бу диктаторлик режимида вазият оғирлашётганини кўриб, уни назорат қилиш илинжида шоша-пиша янги механизмлар ахтара бошладилар. Аммо уларнинг лойқаланган тафаккури яна доғда қолдирмоқда. Уларнинг парламент ва президентлик бошқарувида таклиф этиб, тасдиқлатган “ислоҳот”лари аянчли ва кулгилидир. Бу чириб битган рамақижон режимнинг ўлим олди талвасасидан бошқа нарса эмас.
Биз кундан-кунга амин бўлаётганимиз нарса шуки, токи халқ мустабидни елкасидан куч билан ерга итқитмагунча, мустабид унинг елкасидан асло инмайди. Араб дунёсида бўлиб ўтаётган инқилоблар бу ҳақиқатнинг энг гўзал тафсири бўлиши мумкин. Бизни Берлинга тўплаган бу Қурултой айнан шу масалаларни муҳокама этиши лозим деб ўйлайман.
Биз бундан буёғига иш услубимизни ўзгартиришимиз керак. Биз хукумат хуружларига унга муносиб шаклларда жавоб бериш салоҳиятига эга бўлишимиз лозим. Бунинг баробарида биз буйсунмасликнинг турли шаклларини тобора кенгроқ жабҳаларга ташимогимиз, сафларимизни кенгайтирмоғимиз шарт.
Юрт ичкариси ва ташқарисида Ҳаракатимизга кўрсатилаётган буюк таважжуҳ бошлаган ишимизнинг хайрли бўлажагига умидимизни мустаҳкамламоқда. Ўзларининг беғараз ёрдамларини таклиф этаётган кўнгиллилар сони кун сайин ортмоқда.
Бугунгача Ўзбекистон жамоатчилиги бизни режим билан курашда ортиқча юмшоқликда, либерализмда ҳақли равишда танқид этиб келди. Чиндан ҳам Оврупа стандартлари чорчўпидан чиқмасдан ҳаракат этган мухолифат сиёсий вазиятни сайлов воситасида ўзгартириш учун сайъ ҳаракатлар қилди. Аммо бу келажаги порлоқ бўлмаган бир ҳолат эди. Чунки сайлов дегани Ўзбекистонда масхарабозликка айланган бир давлат тадбири эди.
Миршаблик тизими ҳоким бўлган ерда Каримовни сайловда енгиш – саробдир. Шунинг учун биз мустабид режим табиатига қаршıи тураоладиган, уни сиёсий саҳнадан тушишга мажбур қилаоладиган бир кураш тизими тузишга қарор қилдик.
13 май Андижон фожиаси бизни режим фитналари қаршисида ҳушёр бўлишга чақиради. ИншоОллоҳ, бу сафар бу фитналарга йўл қўймаймиз.
2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари режасиз, стихияли равишда юз берганди. Уларни мухолифат бошқармади. Бундан фойдаланган Каримов ҳеч қаршликсиз юзларча инсонни отиб ташлади.
Энди биз диктаторнинг қаршисида ҳимоясиз хотин-халажни кўриб,уларга нималар қилаолишини биламиз. Аммо бу сафар мухолифатнинг яхши ташкилланган ва ўз мавзеларини сўнггигача ҳимоя қилишга тайёр тизимларини кўрганда диктаторнинг нима қилишини ҳам кўрамиз, иншооллоҳ.
Давлат террори сиёсати ўзини оқламади. Буни юқорида айтганимдек, Каримов ва унинг амрини бажа келтирадиган қувват тизимлари ҳам тушуниб етди.
Қувват тизимлари(МХХ,ИИВ) нинг ўрта табақасида режимдан норозилар сони кун сайин ортмоқда. Давлат тизимларида ишлаш имтиёзининг жозибаси ўз кучини йўқота бошлади.Энг тепада янги вазиятда пайдо бўлган янги мавзеларни қўлга киритиш учун қизғин кураш бошланган.
Бу орада давлатнинг Террор Машинаси ўз бошига ишлашда давом этаяпти. У автопилотга қўйилган. Манзара Франц Кафканинг “Жазо колониясида” деган ҳикоясини эслатади. Эсингизда бўлса, бу ҳикояда жазо машинасини ижод қилган бир муҳандис ўша машина тиғи остида ҳалок бўлади. Ўзбекистондаги сиёсий режимни иншо этган диктатор=муҳандис Кафка қаҳрамони тақдирини такрорлайдими йўқми, буни вақт кўрсатади.
Ҳар ҳолда, ҳамма нарса яхшиликка қараб кетаётганидан умид қилмоқдамиз.
28.05.2011
(158)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (509-511-саҳифалар.)