O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Агава дарахти

Агава дарахти
216 views
06 February 2018 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

АГАВА ДАРАХТИ

Агава умрида фақат бир марта гуллайди,
сўнгра у қуриб қолади…

Хуш кўришдик! Ниҳоят, келдим
Неча шодлик, неча ғам оша.
Агаванинг гули бу — завқдир,
Агаванинг гули — томоша.

Ачинмайман кетган фурсатга,
Ҳар бир лаҳза гарчи хазина.
Агаванинг гули бу — зебдир,
Агаванинг гули бу — зийнат.

Кечикмадим, не бахт, улгурдим,
Раво бўлди олий дақиқа.
Агаванинг гули бу — чин сўз,
Агаванинг гули — ҳақиқат.

Мени зарра қўрқитолмади
Йўл азоби солса ҳам таҳдид.
Агаванинг гули бу — орзу,
Агаванинг гули бу — умид.

Чақнанг, чарақланглар, кўзларим,
Қутлуғ бўлсин ноёб салтанат.
Агаванинг гули бу — тўйдир,
Агаванинг гули — тантана.

Минг дардга ҳам гирифторлигин
Минг кўрсанг бас, қилиб бўлмас рад.
Агаванинг гули бу — қайғу,
Агаванинг гули бу — ҳасрат.

Юзим тушгач бу гулга бўлди,
Ҳар томирим бир олов дарё.
Агаванинг гули бу — доддир,
Агаванинг гули бу — фарёд.

Тоқат қилдим гулдаста тузмай
Андишадан қўйиб олдга ғов.
Агаванинг гули — имтиҳон.
Агаванинг гули бу — синов.

Илож қанча қисмат ҳукмини
Қийғос гуллар қилмоқда ижро.
Агаванинг гули бу — висол,
Агаванинг гули бу — ҳижрон.

Керакмикан дод-фарёд, асли,
Ҳаёт, ўлим чамбарчас, зотан.
Агаванинг гули бу — аза,
Агаванинг гули бу — мотам.

Бир севмак ва бир ўлмак бахти
Насиб этмас ҳар бир ошиққа.
Агаванинг йўриғи — бўлак,
Агаванинг йўриғи — бошқа.

Бу — Қайс гули, бу — Мажнун гули,
Гар узатсам қоврилгай қўлим.
Агаванинг гули бу — бир бахт,
Бу — мангу бир ҳаётбахш ўлим.

(давоми бор)