O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Агентнинг қайғуси

Агентнинг қайғуси
22 views
22 May 2013 - 8:42

1253538123_agent_007Бу воқеани ёзишни,  ёзмасликни анча ўйладим. Охир-оқибат ёзишга қарор қилдим.
Кунларнинг бирида бир танишим бир йигитга ёрдам кераклигини ва унга йўл-йўриқ кўрсатишимни сўради. Унинг таниши ким эканлиги ва нима ёрдам кераклиги билан қизиқдим. Танишим у йигитнинг ўзи бир куни келишини ва дардини айтишини билдирди. Анча кунлар ўтиб,  ўша танишим айтган йигит келди. У кўринишидан жуда оддий ва сипо, ҳамда кўзларида маьюслиги яққол кўриниб турарди. Тўғриси,  росдан ҳам унинг кўринишига  ачиндим. Салом аликдан сўнг унинг дардини сўрадим.

“Опа мен Россияга кета олмаяпман.”- деди у.
“Нега?” – дейман ҳайрон бўлиб. Йигитнинг ҳикоясидан билганим, унга чеклов жорий қилинган экан ва шу сабаб, йўлдан қайтаришибди.

“Опа хотиним ҳам кетиб қолган камбағаллигим туфайли. Қонуний никоҳда турибман. Анча йиллардан буён бирга яшамаймиз. Икки фарзандимиз бор. Мени алиментга  тортган экан, компютирга киргизилар экан бу маьлумотлар. Шу сабабли мен ватандан чиқа олмас эканман”.- ҳикоя қилди йигит.

Дарҳақиқат, шундай экан, қонун бўйича у ўз фарзанди учун алимент тўлашга мажбур ва бу ҳолатда нима дейишимни ҳам билмасдим. Йигит эса ишсизлигини ва ўша алиментни тўлайдиган пулнинг ўзи йўқлигини рўкач қиларди.

“Россияга томон бормоқчи бўлгандим, ўтирганим билан менга биров пул бермайдику. Бу ерда эса  иш йуқ”. – тушунтирган бўлди у.

Ўйланиб қолдим. Қандай йўли бўлиши мумкин? Шу топда бирорта йўлнинг йўқлигига ишончим комил эди.
“Ҳокимликдан иш топиб беришларини талаб қилинг, ана ўшандан сўнг ишлай бошласангиз алимент ҳам тўлай оласиз”. – маслаҳатт берган бўлдим мен. Бундай кезда ҳокимлик арзимас бир иш топиб беришини ва ундан келадиган маош билан алимент тўлаб бўлмаслигини таъкилади суҳбатдошим.

“Укажон милициядами, ёки суддами танишларингиз йуқми? Илтимос қилсангиз йўқ
дейишмас. Ахир муомила билан жуда кўп битмай ётган  ишларни битказса бўлади-ку?” –тағин муаммога йўл излашга уринаман. Шунда чуқур оҳ тортиб, кўзлари ерга қадалган бу йигит тилга кирди.

“Опа, танишим бор аммо мен илтимос қилгим йуқ”- деди у.

“Вой, нега  илтимос қилмайсиз? Ахир ишингиз тезроқ хал бўладику. Яхши гап билан илон инидан чиқади дейишадику”.

“Тўғрисини айтсам опа, мен милисага агентман.”- деб қолди у.
“Тушунмадим, қанақа агентсиз?” – савол қўя бошладим мен.
“Мен гувоҳ бўлиб ўтаман!”- очиқлади ўз касбу корини йигит.
“Тўғри тушунган бўлсам, сиз кўрмаган  воқеангизни кўрдим дейсиз. Шундайми?” –тағин қизиқсинаман мен.
“Ҳа”- дея қисқагина жавоб қилди у.

Йигит суҳбати давомида ота-онасининг уйида яшаётганини, ҳамда иккинчи марта ҳам уйлангани ва бу галги хотини ҳам кетиб қолганини билдирди.

“Гап бу ёқда эканку, сизни худо жазолабтида”. – дейман.
“Опа бу нима деганингиз, менинг айбим йуқ-ку?”- деди бу “агент”.
“Зам-зам сувидай покман денг”. – энди пичинг қилишга ўтдим.
“Опажон, мен ҳеч кимни “подстава”  қилганим йуқ,”Стукачлик” ҳам қилмадим. Мен фақат гувоҳ сифатида ўтаман холос”. – ўзини оқларди у.

Шу тобда “милициянинг агенти” эканлиги билан фахрланадиган одамлар борлигидан ҳам
нафаратландим. Нафратимни эса юзига очиқ-ойдин айтдим.

“Сиз гуноҳим йўқ” дейсиз, қанча-қанча бегуноҳ инсонларни қамоқда чиритишга ёрдам бергансиз. Уларни фарзандларини отасиз қолдиргансиз, бегуноҳ болаларни ризқидан айиргансиз! Худо ҳам қилиғингизга яраша сизни фарзандларингиздан айиирган ва пул
топиш ҳуқуқингиздан ҳам маҳрум қилиб қўйган. Сизнинг гуноҳингиз жуда ҳам оғир!” –дея ҳамма ўз фикримни очиб ташладим. Мендан бундай садо чиқишини кутмаган эди шекиллик,  йигитнинг кўзидан дув-дув ёш оқди.

“Опа, мен участка нозирига агентлик қилганман. Ҳозир у катта мансабга кўтарилган, мен иложсиз эдим ахир. Ҳар олти ойда мени чақириб туришади гувохликка”. – дейди кўз ёшини артиб ҳалиги” агент”.

“Демак сиз жиноят қилгансиз, улар сизни кечиришган ва ўзларига “қулоқ”қилиб олишган”. – дейман нафратимни яширмай. Ўпкаси тўлган йигитга гапириш ортиқча эди, аммо мен гапирдим. Уни хатосини юзига очиқ айтиб ташладим. У кимга “агентлик” қилаётганини ҳам мендан яширмади. Бир айтган гапи менга қизиқ туюлди.

“Худо теппамда турибди, бир сўм ҳам пул олмаганман”- деди у.
“Сиздақаларни орқангиздан оддий участка нозирилигидан катта лавозимга эришибди. Нега энди сизни бепул ишлатади?” – савол ташладим. Бу саволим эса жавобсиз очиқ қолди.

“Опа, мен қайтиб бу ишни қилмайман. Менинг кўзимни очдингиз, миннатдорман
сиздан”.- деди “махфий агент”.

“Энди сиз ўлиб қутиласиз, агар рад этсангиз  ўзингизни тиқиб юборишади”- дедим. У йигит эса бошини хам қилиб пиқ-пиқ этиб йиғларди. Қилган хатосини тушуниб етган кўринарди.

“Суқир кўздан ёш чиқмайди”- дейишади қадимдан. Виждон азобидан қийналаётганлигини мен хис қилиб турардим ва ўйланиб қолдим, бу йигитни Худони ўзи менга балки рўбару қилгандир. Унга аччиқ ҳақиқатни тушунтириб қўйишим  керак бўлгандир балки. Ҳар неки бўлганида ҳам,  мен бу аччиқ ҳақиқатни тушунтира олдим деб ўйлайман. Бу милициянинг оддийгина агентини Худо шундай жазолаяпти экан, унинг бошлиғини  қандай жазоларкин?  Ўзбекистонда ҳар беш кишидан учтаси агент деганлари ҳам рост шекилли.

Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси