O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Адабиётни жойнамоз ўлароқ яшаб ўтган шоир

Адабиётни жойнамоз ўлароқ яшаб ўтган шоир
2,714 views
20 September 2022 - 8:51

Тошкентга қилган сафарларидан бирида биз шогирдлар 6-7 километрлик масофа оралиғидаги манзилга яёв боришга аҳд қилдик. Ўша манзилга етгунимизга қадар Матназар ака тўхтамасдан ёддан шеър ўқиганлар. Булар ўзбек ва рус тилларида турли муаллифларнинг шеърлари эди.

Матназар ака юксак даражада илм эгаси бўлган ҳолда илмидан ҳеч қачон кибрланганини, моддий дунё ашёлари билан мақтанганини кўрган эмасман. Дўрмон Ёзувчилар меҳмонхонасида тез-тез келардилар. Дўрмонда яшайдиган халқ ёзувчиларидан бири Матназар акага ҳар гал келганида бир саволни берар экан: “Ҳа-а, Матназар, Хоразмда гўшт неча пул, картошка қанча, гуруч-чи?” Матназар ака эса самимий жавоб қайтаради: “…ака, мен гўштни нархини билмайдиган даражада бахтли одамман.”
Матназар ака, бу гапларни сўзининг безаги учун айтмагани аниқ. У чиндан ҳам бу дунёнинг ашқол-дашқоллари билан алоқани узган одам эди.

Биз ўзини ҳақиқий маънода Адабиётга бахш этган Шоирлар ҳақида гапирганда асосан Рауф Парфини эталон қилиб оламиз. Баъзида, шахсияти, адабий фаолияти намойишкорона ошкор бўлмаган шоирлар борлигини эслашга келганда фикрий танбалликка бериламиз. Хусусан, Матназар Абдулҳакимни ҳам Адабиётни жойнамоз ўлароқ яшаб ўтган, Адабиётдан ташқаридаги ҳаётни тан олмаган шоир, таржимон, олим сифатида ҳамма-ҳамма билишини истайман.

“Ундай қилма эмас, ундай бўлма”, дея беозор насиҳат қиларди Устоз доим. Мактуб ёзаркан, бадхатлигини Жомий ҳазратга менгзаганди. Шу боис, Алишер Навоийнинг “Ҳамсатул мутаҳаййирин” асарини топиб ўқишга ва Жомий билан Навоий ёзишмаларида тилга олинган хаттот воқеаси сабаб Жомий ҳазратнинг хати ҳунук бўлганлигини билишга эришганман.
Ҳар бир ҳолатга, ҳар бир воқеликка асарлар орқали мисоллар келтириш Матназар акага хос адабий тарбия приёми эди.

Сўзларни ушлаб кўрарди, тингларди, маъносига, оҳангига ошиқ бўларди. Ҳазрат Навоийнинг “Эй Навоий, сўзда маъни йўқтурур, маънида сўз” сатрларини тез-тез такрорларди.
Матназар аканинг бадиий диди, у тилга оладиган адиблар, файласуфлар, эстетлар мен учун тайёр адабиётлар рўйхати эди. Устоз бизни имо тили билан, ишора тили билан тарбия қилди. Руҳимизнинг, туйғуларимизнинг яшовчанлик кучини оширди.

Дардтортарлик туйғусини бахш этди.

Матназар аканинг шеърий идроки дунёнинг энг гўзал алфавитида ёзилган бадиий ҳукмга ўхшайди. Фикр, гўзаллик ва жозиба битта сўзда туташади. Сўз қайиғининг қалқиб-қалқиб сузиши ботинингизни муттасил тўлқинлантиради. Шоирнинг титроқлари юқади.

Ҳар битта воқелик ичимизда ўз тарихини яратади. Дали туйғулар чақинлар ичига сингиб кетади. Далилик ва донишмандлик орасида кўз илғамас иплар маҳкам туташади.

Матназар аканинг шеърияти ва шахсиятидаги биллур боғичлар кўнгилнинг бойланган тугунларини ечиб юборади. Ва шеър билан кўнглимизни массаж қилишга киришади. Зотан бу гуллар димоғимизни қалқитганидек дилни орзиқтирувчи бир бадиий массаждир.

19.09.2022

Go’zal Begim

КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Нейзен Тевфиқ ҳақида
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (8-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (7-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (6-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (5-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (4-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (3-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (2-qism)