ОМОНАТГА ХИЁНАТ -7
(Давлат бошқаруви ва иқтисодиёти хақида)
Қарзни ўз вақтида тўлаш – иноятдир,
Омонатга хиёнат – жиноятдир !
2015 йил 6 февраль куни ЎзЛиДеП Қурултойида Ўзбекистон жамоатчилигига Президент И.Каримов ўзининг навбатдаги сайловолди дастурини эълон қилди. 25 йил давомида ўзига муносиб ўринбосар топа олмаган 77 ёшли И.Каримов яна сайловолди курашига бел боғлашга мажбур бўлмоқда.
И.Каримов режимининг ожизлигини, заифлигини ва келажаги йўқлигининг исбот далили бу воқеликда ўзини аниқ ва равшан кўрсатди.
Ўзбекистон давлатини бошқараётган амалдаги ҳукумат мулозимлари: “Ғалабани таъминладик, барча бизга қарши чиқмоқчи бўлганларни жиловлаб олганмиз, вазият бизнинг тўлиқ назоратимиз остида”, деб ўзларини ва ўзбек жамоатчилигини ишонтиришга беҳуда уринмоқдалар. Мамлакатдаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий вазиятни назорат қилиш уларнинг имкониятлари доирасидан чиқиб кетганлигини улар тан олишни истамаяпди.
Кейинги 20 йил давомида илк бор И.Каримов режими нотўғри хулоса чиқариб, ўзи учун хатарли қадамни қўймоқда. Режим ҳисоб-китобидан бошқа Хақ ва халқнинг ҳисоб-китоби борлигини у назар писанд қилмаяпти.
Азроил ҳеч кимга ишларини якунига етказиш учун 5 йил ёки 25 йил муддат бермаслигини режим раҳбарлари фаҳмлаб етмаяпти.
Ислом ота Хақ ва халқнинг ҳаққини жон ғарғарага келгунча адо этиш лозимлигини тушунишни истамаяптилар. Жон чиққандан сўнгги тавба тазарру беҳуда эканлиги ҳаммага аёнку!
И.Каримов учун ягона тўғри йўл – қилган ишлари учун халқдан кечирим сўраб, амалдаги режим ичидан бўлса ҳам бир муносиб кишини Президент лавозимига тайинлашдир.
Режим навбатдаги сайловда яна И.Каримов раҳбарлигида қатнашиши, улар қанчалик кўп сонли ва кучли бўлмасинлар ғалаба улар учун мағлубият бўлишини билмоқлари лозим.
Зийрак, сабр матонатли ўзбеклар доноларнинг: “Ҳар ким ўз гўрига ўзи тушади, ҳар бир инсон гўрда ўзи учун ўзи жавоб беради”, деган нақлларни жуда яхши биладилар.
Президент сайлови куни тезда келиб, сайловлар ўтади кетади. Сайловлар режимнинг тўлиқ назоратида ва улар истаганича бўлиб ўтади. Мамлакат ичкарисидаги оз сонли, иложсиз ва имконсиз ўзгача фикрловчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари режим билан очиқчасига курашиб, уларнинг ҳалокати тўғрисида хабарлар бераётган фикр эгалари ва уларнинг тарафдорлари бу сайловда ғалаба қозона олмайдилар. Лекин нисбатан катта ютуқларга эга бўладилар. Одамлар ҳаракат қилса, натижа бўлиши, интилганга толе ёр бўлишини Ўзбекистон халқига билдириб қўядилар.
Режим бу инсонларни ўз ўйинларида пиёда сифатида кўрмоқда, маломатга, танқидларга учрамаслик учун уларга эътиборсизлик қуролини ишлатмоқда. Бизларни Президент ва Бош Вазир билан муаммоларимизни ҳал этиш истагидаги учрашувимизга тиш тирноғи билан қарши чиқмоқда. Бизларни давлат, аҳоли, тинчлик манфаатларини кўзлаётганлигимизни жамоатчиликдан яширишга зўр бериб уринмоқдалар.
Пиёда вақти келиб фарзин бўлишини, фарзин бўлгунча ҳам ақл идрок билан шоҳни мот қилишини режим билмаяпди. Хақ ва халқ оз сонли мамлакат ичкарисида режим билан очиқ курашаётган одамларга мададкор бўлса, режимнинг куни тугаши аниқ.
Тан олиш керак, И.Каримов режими шу кунларда ҳам мамлакат ичкарисида.
Ўзгача фикрловчилар оз сонли иложсиз, имконсиз бўлсаларда, унга очиқ қарши чиқаётганлардан бир неча минг баробар кучли ва қудратлидир. Кучлар нисбатидаги бу катта фарқ И.Каримовни иқтидорда бўлишини таъминлаб турибди. Бироқ И.Каримов режими Ҳақ ва халқнинг куч қудратини менсимай, назар писанд қилмай халқни очиқ курашаётганлар сафига ўтишини ўзлари таъминлаб бермоқдалар. Ҳақнинг адолат кучи ва қудрати очиқ курашаётганларнинг жонини сақлаб қолмоқда. Айнан адолат кучи бу инсонларга умид ва ишонч бермоқда. Ўз фаолиятларини вазиятга қараб, ақл идрок, фаҳм фаросат билан олиб борсалар И.Каримов режимини мағлуб қилишлари аниқ равшан кўриниб қолмоқда.
Юқорида таъкидлаганимиздек, И.Каримов режимининг 29 март кунги сайловда ғалаба қозониши аниқ кўринмоқда. Лекин бу ғалаба режим учун мағлубият бўлишини бугунги ватанимиздаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳолат яққол кўрсатиб турибди.
И.Каримов сайловда ғалаба қозониб, мамлакатда мағлубиятга учрайди. Сабаби унинг учун ҳалокатли муаммолар ўз ечимини топмаганлиги учун муаммолар занжирига банди бўлиб қолади.
Янги сайланган И.Каримов ўзидан ўн баробар кучли бўлган ўзининг адолатсиз ва ақлсиз сиёсатининг оқибатлари билан юзма юз келади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Янги сайланган И.Каримов ўзидан 1000 баробар кучли ва қудратли бўлган, ўзи олиб борган адолатсиз ва ақлсиз сиёсатнинг оқибатлари билан тўқнашади (мақоланинг 5 ва 6 қисмларига қаранг).
Бу тўқнашувлардан очиқчасига курашаётган жасоратли инсонлар унумли ва манфаатли фойдалансалар, давлат, аҳоли ва тинчлик манфаатларини устивор қўйиб фаолият олиб борсалар ўз мақсадларига эришишлари яққол кўринмоқда.
(давоми бор)
Мустақил иқтисодчи: / Ж.Шосалимов /
Хуқуқ химоячиси: / Ш.Рустамов /
09.02.15 йил.