Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(77-қисм)
Тўққизинчи фасл
Хуросон жанубига азимат
…Бир неча кунлик йўл юрушдан кейин Бушравияга яқин етдик. Шаҳарнинг қораси кўрунарли ерда шаҳар томонидан пиёда келиб турган бир неча одамлар кўрунди. Булар шу шаҳарнинг оқсоқоллари бўлса, истиқболимга келгандур, деб гумон қилдим. Улар яқин келди. Сув рангли кўкдан кийим кийганлар. Ҳаво бир оз совуқ бўлганидан кийимлари устидан юнглик чопон кийиб, унинг рангини гул рангидан ихтиёр қилган эдилар. Буларни кўрган одам, бу шаҳарда бўз билан юнгдан бошқа нарса йўқ, деб хаёл қилур эди. Сарпўш ўрнида ҳаммалари саллали эдилар. Улар келиб менинг отим олдида тўхтадилар. Ораларидан бир қари оқсоқол киши баланд овоз билан шеър ўқуб бошлади. Шеърнинг мазмуни: “Эй амир! Офтобию ойлари билан фалак сизнинг ихтиёрингиздадур. Уларнинг чеврилиши сизнинг иродангизга боғлиқдур. Қадамингиз Бушравия шаҳрига муборак бўлсун. Ушбу шаҳардаги биз – мискин халқ қўлимиздан келганича сизни, хуш келибсиз, деб истиқбол қилмоқ билан шарафланамиз”, йўсунлиқ эди.
Шеъри тамом бўлганидан сўнг сўрадим: “Шаҳрингизнинг амири ким?” деганимга қарши: “Шаҳарнинг амири йўқ”, деб жавоб берди. Мен ажабланиб: “Амирсиз шаҳар бўладими? Шаҳар амнияти қандай сақланади? Аҳкомлар қандай ижро қилинади?” каби саволларни бердим. Чол киши жавоб бериб: “Эй улуғлик ярашган амир, шаҳримизда амир бўлмаса ҳам, аҳкомларни урф-одат бўйича ўзимиз ижро қиладурмиз”, деб бемалол сўзлади. Мен: “Сизларнинг васфингизни эшитган эдим, аммо амир, ҳоким йўқлигини тасаввур қилмаган эдим”, дедим. Ул одам далилини кўз билан кўрсатмоқ орзусида: “Эй улуғ амир, сизни шаҳар амири йўқлигида шубҳадан чиқармоқ учун шаҳримизга қадам ранжида қилмоғингизни, вазиятни ўз кўзингиз билан кўрмоғингизни рижо этамиз”, деди.
Мен шаҳарга кирганимда, кўчаларнинг кенглигига ҳайрон бўлдум, чунки Самарқанд кўчалари ҳам бу қадар кенг эмас эди. Шаҳар халқи истиқболим учун йўлнинг икки чеккасида турар эдилар. Ҳар одамда бир донадан тўрва бор, тўрва ичидан бир нарсани олиб, бир қисмини бир чўнтагига, яна бир қисмини бир чўнтагига солур эдилар. Мени бошлаб юрган одам бу шаҳарнинг оқсоқоли каби туюлди. Ундан сўрадим: “Бу одамлар нима учун елкаларида тўрва осиб олишган ва тўрвадаги нарсасини чўнтакларига айрим-айрим қўйишларининг сабаби нима?” Оқсоқол жавоб берди: “Тўрвалардаги нарса эчки юнгидур. Ундан бир сиқим олиб патлик (форсийда “кўрк” деганини бизлар “пат” ёки “тивит” деймиз) қисмини айириб бир чўнтагига, қолғон қисмини яна бир чўнтагига солиб илғайдурлар. Унинг мулойим патларидан қўмош тўқиладур, қолғонларидан шол, гилам тўқиладур”. Мен уларнинг қўй юнгидан истифода қилмасликлари сабабини сўраганимда, жавоб берди: “Бу ерда қўй боқилмайди. Қўй боқадурғон ёйлоқларимиз йўқ, эчкилар эса, шаҳар атрофидаги қуруқ хашак, тиконлар билан тарбияланадур. Биз унинг сут, юнгларидан фойдаланамиз”. Шундан сўнг оқсоқолдан исмини сўраганимда Ҳусайн ибн Исҳоқ деб маълум қилди. Вазифаси имом эканини, шу билан бирга, халқ орасида ҳосил бўлган ихтилофларни ҳам ҳал қилиб тургувчи бир одам эканини билдирди. Шу жойда бир тўқумачилик ишхонасига бордук. Бу ишхонада тўрт киши тивитдан мато тўқумоқда эдилар.
Ҳусайн ибн Исҳоқ изоҳ қилди: “Ҳалиги эчки юнгларидан айрилган тивитлардан «бўрк» деб аталадурғон тўқимани ҳосил қилурлар”, деб бир парча матони олиб келиб менга кўрсатди. Матони қўлумга олиб тафтиш қилиб кўрдум: Самарқандда кўп сотиладурғон хитойи ипакдан (абришим ҳарир) латифроғ эди. Мен ўшал кунгача бу хилда мулойим ва латиф матони кўрмаган эдим. Шу бир тоқанинг қиймати қанчага сотилишини сўраганимда, “Ярим динор”, деб жавоб берди. Нархи ҳам жуда арзон эди. Ишхонадан чиқишимда ҳамёнимдан тангаларни чиқариб, ҳар қайсиларига бир неча донадан олтун сундум. Улар бу атияни (туҳфа) қабул қилмадилар ва: “Эй улуғ амир, сизнинг юзунгизни кўрмоқ биз учун олтун хазинасидан ортиқ қимматликдур. Биз ўз меҳнатимиздан қозонган жузъий нарсага қаноат қиламиз, ортуқчасига эҳтиёжимиз йўқ”, дедилар. Ишхонадан чиқиб, нарироғда бўлган бир баққол дўкони олдида бир хотун киши савдо олиб турганига кўзум тушди. Боққол тарозуга қўлини тегузмай туруб: “Вайлул-лил-мутоффифин. Аллазийна изак талу алан-наси йаставфун”, деб оят ўқуди. Мен боққолни, Қуръон ўқушни билмаса керак, деб хаёл қилур эдим. Хотун киши, савдосини тугатиб жўнаганидан кейин боққолнинг олдига бориб: “Ўқиғон оятларингнинг маънисини биласанми?” деб сўрадим. “Ҳа, биламан”, деб жавоб берди. “Ундоғ бўлса, «Вайлул-лил-мутоффифин»нинг маъноси нима?” деб сўрадим. “Сотувчиларга ҳалоклик бўлсун”, деганидир, деди. “«Аллазийна изак талу алан-наси йаставфун»нинг маъноси-чи?” дедим. Баққол киши тамом истеъдоди билан жавоб берди: “Бу оятнинг маъноси аввалгининг такмилидур, Оллоҳу таоло айтадур: «Сотувчиларга ҳалоклик бўлсунки, улар ўлчовни яхшилаб оладурлар, аммо…» деб тўхтади. Мен ундан “«Аммо» демак ила тўхташдан мақсадинг нима?” деб сўрадим. Баққол: “Бу оятдан кейин яна оят бор, ҳали ўқуганим йўқ, унда мукаммал маънони англатадур”, деди. Мен: “Ўша оятни ҳам ўқуғил”, дедим. У бундай ўқуди: “Ва иза калу ҳум аввазану ҳум йухсирун”. Сўнг шарҳ қилиб: “Бу оят иккинчи оятнинг такмиласидур, маъноси: «У одамларки, ўзлари бир жинс молни олганларида вазнни тамомлаб тортиб олади, сотишда эса, вазн ёки ўлчовда кам бериб, олғувчига зиён беради», дейдур. Бу сурадаги уч оятни ўқувчи кишилар, бир-бирига муттасил ўқишлари керак, токи ўқуғувчи ва эшитгувчилар унинг маъносини яхши идрок қилғайлар”, деди. Мен унга: “Эй яхши киши, менинг ёшлигимдаги устозларим ҳам сен каби Қуръонни яхши тафсир қилолмас эдилар. Сен бу мавқеъда нима учун бу оятни ўқийсан?” деганимда, жавоб берди: “Эй амирлар амири, мен ҳар вақт қўлумга тарози олсам, Оллоҳу таолони ҳозиру нозир билиб, Оллоҳнинг махлуқларига нуқсон бериб қўймайин, деб бу оятни такрорлаб турадурман”, деди.
Биз Ҳусайн ибн Исҳоқ билан қароргоҳимга бораётганимизда азон товуши келди. Шайх Ҳусайн мендан масжидга бориб намоз ўқуб келмоғига ижозат сўради. Мен ҳам бирга намоз ўқуб келиш учун унинг билан масжидга жўнадим. Кетатуриб кўрдумки, дўкондорлар иш кийимларини ечиб, покиза кийимларини киймоқда. Ҳар ким покиза кийим кийганидан кейин масжидга қараб юрмоқда эди. Шаҳарда ўғри йўқлиги учун дўконлар ҳам очиқ ҳолда қолавермоқда эди. Масжидга кетиб турган бир дўкондордан: “Нима учун либосларингни алмаштириб, бошқасини кийдинг?” деб сўрадим. У одам бетўхтов Аъроф сурасидан бир оят ўқуди: “Йа бани Одама, хузу зийнатакум ъинда кулли масжидин ва кулу вашробу ва ла тусрифу. Иннаҳу ла йуҳиббул мусрифин”, деди. Мен у кишидан: “Оятнинг маъносини ҳам биласанми?” деб сўрадим. У менга тўғридан-тўғри: “«Эй Одам фарзанди, ибодат қилмоқчи бўлганларингда, безакланингизлар (яъни, покиза кийимда бўлингизлар), Оллоҳ таолонинг неъматларидан енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки Оллоҳ таоло исроф қилғувчиларни севмайдур». Бу оятга мувофиқ Оллоҳ таолонинг таълимини амалга ошуруб, масжидга боришимизда янги кийимларимизни киямиз ва шу тартибда Оллоҳ таоло ҳузурига бориб ибодатимизни қиламиз”, деди. Мен унга қараб: “Менга яхши дарс бердинг, гарчи мен ҳофизи Қуръон ва фақиҳ бўлатуриб, сизлар каби амал қилмас эканман. Сен бу ҳақда мени огоҳлантириб қўйдинг, – деб, шайхга мурожаат қилдим: – Эмди мен қароргоҳга қайтиб бориб, кийимларимни алмаштираман. Балки жамоатингизга етиб келолмасам, уйда ўқийдурман”, деб узр тиладим.
Қароргоҳда ҳануз мутаҳаррик масжидим қурулмаган эди. Либосларимни алмаштириб, уйда намоз ўқудум. Менга бу шаҳар халқининг Ислом дини амрларига мувофиқ ҳаракат қилишлари кўп таъсир бергани учун яна ташқарига чиқдим. Йўлда кетатуриб, бир атторнинг дўкони олдидан ўтар эканман, унинг: “Ва авфул кайла иза килтум, вазину бил қистасил мустақим…” деганини эшитдим. Таажжубда қолганимдан ўзумни тута олмадим ва ундан: «Қистас»нинг маъносини биласанми?” деб сўрадим. У киши айтди: “«Қистас» тарозудур. Аммо оятнинг мажмуидан шундай маъно чиқади: «Ҳар қачон ўлчов билан бир нарса сотсангизлар, ўлчовнинг комил бўлишига диққат қилинглар. Агар тарозу билан тортиб сотадургон нарса бўлса, икки палласи баробар бўлган тарозуда тортиб сотинглар», демак бўладур”, деди. (Форсий мутаржим изоҳи: қизиғи шулким, бу таъбирга етти аср ўтган бўлса ҳам, ҳалигача тарозуда адл калимасининг истилоҳи Хуросонда юруб турадур. Адл тарозуси икки палласи мувозанатда баробар, демакдир.)
Шаҳар халқининг дини муборакға ихлослик бўлуб, Қуръони карим амрига мувофиқ ҳаракат қилмоқ учун лойиқ бўлган илмдан баҳраманд бўлишлари менинг диққатимни жалб этган нарсалардан бири бўлса, хотунлар ҳам эрлардан қолушмас, Қуръонни ўқуб-ёзар эдилар. Ором ва истироҳатдан бошқа вақтларда хотун, эркак бекор турмай бир иш билан машғул бўлур эдилар.
Шайх Ҳусайн ибн Исҳоқ ҳикоя қилдики: “Мен эс таниганимдан буён Бушравияда ўғирлик майдонга келмаган, одам ўлдурган киши ҳам йўқдур. Ёки икки одам ўртасида жанжал чиқиб, товуш чиқариб сўзлашган-сўкишганини хотирлай олмайман. Талоқ масаласи ҳам ҳозиргача воқеъ бўлмагандур. Ворислар мол талашиб даъволашмаганидек, бирининг молини бири тортиб ҳам олган эмасдур. Шаҳарда қоровул, қамоқхона, қозихона ҳам йўқдур. Бирор масала бўлса, менга келишадур, мен берган фатвони муоразасиз қабул қилиб айрилишадур”.
Шайх Ҳусайн ибн Исҳоқ ҳам деҳқончилик қилур эди. Ҳар кун бомдоддан кейин кетмонини елкасига қўйуб ишга кетар, пешин намозига келиб, жамоат билан намозни ўқуғонидан кейин яна далага кетар эди. Шаҳар халқи ёш бўлсун, катта бўлсун, эркак-хотун ўқиш учун махсус вақт айириб қўйган эди. Саҳро гиёҳларида “кетро”, “анқуза” отлиғ икки хил гиёҳнинг кўп хавослари (хосиятлари) борлигини сўзлар эдилар. Яна, қора ранглик ёғни Бушравиянинг ғарбидаги йигирма тошлик бир еридан келтириб чироғ ёқмоққа қўлланур эдилар. Бу ёғ билан ёндирилган чироғлар яхши равшанлик берар эди. Бу ёғ ердан чиқиб, ариғ каби саҳрода оқиб турармиш. Офтобнинг таъсири билан унинг бўйи узоқларга тарқалармиш (Таъриф қилинган бу ёғ бугунги нефт бўлса керак. – Муҳаррир).
Қиш вақтининг яқин келиши, қўшун тортмоқ иқтизосинча, Бушравияда узоқ турмоқ ижоб этмас эди, шунинг учун бу шаҳарнинг фазли маърифатлари, ширин суҳбатларида давом этмоқ муяссар бўлмади. Бу шаҳарда тургувчи одамга мадраса, мударриснинг ҳожати йўқ эди. Амир бўлсун, деҳқон бўлсун, чўпон бўлсун ва ҳар қандай савияда бўлса бўлсун, бу ерда яшаш билан фозилу маърифатлик бир киши бўлуб етишар, Қуръонни ўқуб, ашъорларни айтиб ва ўқуб била олур эди.
Бушравиядан жўнашимдан илгари бир фармон чиқардим:
“Темур хонадонига мансуб ҳукуматлар яшадиқча бу шаҳардан хирож олинмайдур!” Шаҳарга “Дорул илми вал омон” унвонини бердим. Ва махсус таъкидладимки: “Мендан кейин авлодларим ҳар қандай сабаб ва баҳоналар билан Бушравияга ҳамла қилмайдур”. Жўнаш вақтимда Шайх Ҳусайн ибн Исҳоққа бир от бағишладим. У шу биргина отни ҳам қабул қилиб олмоққа тортинди ва кўп узрлар билан: “Эй амир, биз эшак миниб одат қилғандурмиз, шу улоғ бизга кифоя қиладур”, деди…”
Адолат ва тартибга, зулм билан қаттиққўллик бошқа-бошқа нарсалар эканига икки мисол эди булар.
Амир Темур шарафига интилишнинг бирдан-бир иложи сиёсат ва тутумда адолат йўлини тутишдир.