(Ҳуқуқий жамият ҳақида мулоҳазалар)
Бир таъриф: Адолат инсонга унга ярашадиган ҳақ ва ҳуқуқларни бериш ва бундай ҳақ ва ҳуқуқларни қонун йўли билан ҳимоя қилишдир. Инсонга ярашадиган ҳақ ва ҳуқуқлари эса унинг фитратига зид келмайдиганларидир. (НН)“Адолат ва одил маҳкама бўлмаган жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади”. Бу гапни саҳифамизда ёритилган бир мақоланинг сўнгги қисмида ўқиб қолдим ва ақлимга адолат нима ўзи, деган савол келди.
Куни кеча Норвегия маҳкамаси террорист Андерс Брейвикни қамоқ жазосига маҳкум қилди. Шунингдек, Швеция маҳкамаси ҳам яқинда таниқли имом Обид қори Назаровга суиқасд уюштирган қотилга бу ишда ёрдам берган Ўзбекистонлик эру хотинни жазосиз қолдирди. Яъни, Норвегияда 77 ёш инсонни қатл қилган ва бунданда кўпроқ инсонларни яралаган террорист шароити меҳмонхоналарникидан кам бўлмаган қамоқда мазза қилиб ўтирадиган бўлди, Швецияда эса бошқа қотилнинг ҳамкорлари жазосиз қолди. Дунёнинг ривожланган давлатлари деб аталаётган бу икки давлатларда адолатнинг аҳволи шу бўлса, унда дунёнинг энг золим диктаторлиги, деб аталаётган Ўзбекистондан адолат ва ҳуқуқ соҳасида нимани кутиш мумкин?.
“Адолат ва одил маҳкама бўлмаган жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади”. Тўғри гап, бугунги Ўзбекистон Бош Қароқчи диктатор Каримов томонидан бошқарилаётган, адолат ва инсон ҳуқуқлар паймол қилинаётган бир давлатдир.
Маълумки, адолатнинг зидди зулмдир. Адолатнинг ўзи эса ҳақ эгасига унинг ҳаққини беришдир…
Унда ҳақ нима, деган савол туғилиши табиийдир. Ҳақ, агар инсон ҳақида гапирадиган бўлсак, (чунки инсондан бошқа махлуқотларнинг ҳам ўз ҳақ ҳуқуқлари бордир) унинг табиатини (фитратини) сақлайдиган хусусиятларини қўришдир. Масалан, бегуноҳ инсонни қамоқда тутиш унинг табиатига (жисмоний, ақлий ва руҳий соғлигига) манфий таъсир қилади. Демак, озодлик (қамоқхона ҳаёти эмас) инсоннинг энг табиий ҳаққидир ва уни инсонга таъминлаш адолат бўлса, бу ҳақни жиноят содир қилмаган инсонга бермаслик эса зулмдир. Инсоннинг нимага ҳаққи бору, нимага ҳаққи йўқлиги масаласи инсоният тарихида баҳс мунозараларга сабаб бўлиб келган. Биз мусулмонлар Исломнинг инсонларга ҳақиқий ҳақ ва ҳуқуқларини белгилаб берганига ишонамиз. Шу билан бирга БМТ умумжаҳон инсон ҳуқуқлари баённомасида ўрин олган ҳақ ва ҳуқуқларнинг муҳимлигини ҳам эътироф қиламиз…
Демак, адолатни ўрнатиш учун аввало инсоннинг асосий ҳақ ва ҳуқуқлари ўрганилиши, бунга эса инсоннинг табиий хусусиятларини қўриш асос қилиб олиниши керак экан. Инсоннинг табиий хусусиятларини (фитратини) қўрийдиган ҳақлар эса ушбу олти ҳақдан иборатдир.
Булар ҳаёт (яшаш) ҳаққи, эътиқод танлаш ҳаққи, ақлнинг соғломлигини қўриш ҳаққи, мол мулкка эгалик ҳаққи, соғлом насабга эга бўлиш ҳаққи ва ниҳоят инсон номуси ва шарафини қўриш ҳаққи. Инсонларга бериладиган бошқа ҳақлар, яъни сўз ва фикр ҳуррияти, жамоат ташкилотлари тузиш, эркин сайловлар, давлат қуриш ва уни бошқариш каби ҳақ ва ҳуқуқлар аввал саналган олти асосий ҳақни қўриш учун восита сифатида кўрилиши керак. Бунинг аксини тушуниб бўлмайди, чунки дейлик инсонларга бериладиган сўз ва фикр эркинлиги уларнинг жонига ёки эътиқодига, ақлига, мол мулкига тажовуз қилишга олиб келадиган бўлса, булар эркинлик ва ҳақ эмас, аксинча ҳақсизлик ва зулм ҳолига келади.
Ҳаёт (яшаш) ҳаққи инсонларнинг энг асосий ҳаққидир. Бегуноҳ инсонни ўлдириш ёки ярадор қилиш бу ҳаққа тажовузни билдиради. Тарихда бўлгани каби бугун ҳам (АҚШ, Хитой ва бошқа давлатларда) бегуноҳ инсонларни ўлдирган қотилларга ўлим жазоси берилади. Ислом ҳуқуқи ҳам қотиллардан қасос олишни амр қилсада, баъзи ҳолларда (эҳтиётсизлик билан, масалан кунимизда учраб турадиган автомобиль ҳалокати каби) қотилик учун хун тўлаш ёки қотилни мақтулнинг (ўлдирилган кишининг) яқинлари кечиришлари ҳам мумкин. Албатта, қотиллик содир қилинганда жиноятчига бериладиган ҳукмни адолатли маҳкама бериши зарурийдир. Адолатнинг устун қилиниши табиийки, жамиятда жиноятлар кўпайиб кетишининг олдини олади.
Эътиқод танлаш ҳаққи инсонларнинг асосий ҳақларидандир. Бирор динга иймон келтириш инсоннинг ўз истаги билан амалга ошади ва бу масалада инсонни ҳеч бир шаклда (маълум динга киришга ёки ундан чиқишга) мажбурлаб бўлмайди. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг Бақара сураси 256 оятида “Динда мажбурлаш йўқдир”, дейилади. Шу билан бирга бирор динни, масалан Исломни танлаган инсон бу диннинг қонун ва қоидаларига амал қилишни ўз зиммасига олган ҳисобланади. Агар бир киши Исломни дин сифатида танлаганини эълон қилсаю, аммо унинг ҳукмларига итоат қилмайдиган бўлса, у ҳолда бошқа мусулмонларга “Амру бил маъруф, наҳйи анил мункар” (Яхшиликни амр қилиш, ёмонликдан қайтариш) ҳаққи берилгандир. Бу ҳақ табиийки диний ҳукмларга амал қилмайдиганларни мажбурлаш шаклида эмас, бундай итоатсизларга насиҳат қилиш, уларни ўз вазифаларини бажаришга ташвиқ билан амалга оширилади.
Ақлнинг соғломлигини қўриш ҳаққи инсонларнинг энг табиий ҳақларидандир. Зеро, ақлда қусур бўлиши ёки уни қусурли (тўлиқ ишламайдиган ҳолга келтириш) жуда катта муоммаларга ва ҳатто жиноятларга олиб келиши мумкин. Масалан, кўп жиноятларни инсонлар маст ҳолда ёки наркотик моддаларни истеъмол қилгандан кейин амалга оширишлари маълум ҳақиқатдир. Бундай ҳолларда золимнинг ҳам, мазлумнинг ҳам ҳақлари паймол қилинган ҳисобланади. Яъни, маст кишининг ақлини қўриш ҳаққига унинг ўзи тажовуз қилади, айни пайтда бу киши бошқа кишига жароҳат етказиш билан унинг ҳаёт ҳаққига тажовуз қилади. Ақл иймондан кейин инсонга берилган энг буюк неъматдир ва инсон ақлининг соғломлигини қўриш ҳам унинг энг табиий ҳаққи ҳисобланади. Ушбу далилларни ҳисобга оладиган бўлсак, жамиятда маст қилувчи ичимликлар, наркотик моддалар ва шунга ўхшаш инсон ақлига зарар берадиган нарсаларни истеъмол қилишни таъқиқлаш ўз ўзидан тушунарли бўлса керак.
Мол мулкка эгалик ҳаққи ҳам жамиятда адолат ўрнатишнинг асосий қоидаларидан биридир. Чунки инсонлар ўз меҳнатларининг натижаларига эгалик қилишни истайдилар. Аммо улар ҳалол меҳнат, тижорат ва тадбиркорлик билан топган мол мулкларининг ўғрилар, порахўрлар, адолатсиз давлатнинг таъмагир миршаблари ва маъмурлари (бугуни Ўзбекистонда бўлгани каби) томонидан талон тарож қилинишига албатта рози бўла олмайдилар. Бундай адолатсизлик инсонларни меҳнат қилишдан бездиради, улардаги ташаббус ва тадбиркорликка путур етказади. Замонамизда иқтисодий соҳада энг тарқалган зулм ҳеч шубҳасиз судхўрликдир. Жамиятни ва инсонларни судхўрлар, ўғрилар, порахўрлар, қароқчилар (мафия ва шунга ўхшаш жиноий тўдалар)нинг жиноятларидан ҳимоя қилиш албатта давлат ва унинг органларининг асосий вазифаси ҳисобланади. Аммо давлат раҳбарининг ўзи Бош Ўғри ва Бош муттаҳам бўлса, унда фуқоралар нима қиладилар?. Бу ерда ягона чора бундай Бош Ўғри ва Бош Муттаҳам тарафидан бошқариладиган давлат тузумини ўзгартириб, унинг ўрнига ҳуқуққа ва адолатга асосланган янги жамият қуришдир. Ана шунда инсонларнинг ҳалол мол мулклари қонун билан қўрилади ва бу соҳада жиноят қиладиганларга ҳам қатъий жазолар берилади.
Соғлом наслларга эга бўлиш ҳаққи ҳам жуда муҳим ҳақ ҳисобланади. Чунки инсоннинг фитрати зоҳирий тозаликни талаб қилгани каби, насларнинг тоза ва соғлом бўлишини талаб қилади. Соғлом насллар эса илоҳий ахлоқ асосида эркак ва аёлнинг никоҳ аҳдини тузишлари ва оила қуриб, фарзанли бўлишлари билан ўртага чиқади. Жинсий эркинлик (бундай “эркинлик” инсон фитратига зиддир) баҳонасида никоҳсиз ҳолда фарзанд кўриш, кейин бу фарзандларни болалар уйига ташлаб қўйиш инсонийликка ярашмайдиган амаллардир. Шундай экан, жинсий муносабат масаласида ахлоқий қоидаларни асос олиш, жамиятда оиланинг аҳамиятини кучайтиришни йўлга қўйиш мутлақ зарурийликдир. Жинсий муносабат масаласида фитна фасод чиқарадиганлар ва бу йўлда амалий ишлар қилганлар ҳам албатта жазосиз қолдирилмаслиги керак. Акс ҳолда жамиятнинг маънавий бузуқ кишилар билан тўлиб кетиши ҳам бир ҳақиқатдир.
Инсоннинг номуси ва шарафини қўриш ҳаққи инсонларнинг ўзаро муносабатларида ва уларнинг жамиятдаги эътиборларини қўришда муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки инсонлар номусли ва шарафли инсонлар билан алоқа ва ҳамкорлик қилишни истайдилар. Шунинг учун ҳам номусли ва шарафли инсонларга туҳмат қилиб, уларнинг обрўйини тўкиш катта гуноҳ ва жиноят ҳисобланади. Масалан, покиза ва иффатли аёлга ёки қизга зинокор, дея туҳмат қилиш бу аёлнинг шахсий ҳаётига ва жамиятдаги ўрнига катта зарар беради. Инсонлар бундай аёллардан ўзларини олиб қоча бошлайдилар, агар турмуш қурмаган бўлсалар, улар учун эрга тегиш муаммога айланади. Худди шундай гапни гуноҳсиз ҳолда ўзларига туҳмат қилинган эркаклар ҳақида ҳам айтиш мумкиндир. Шундай экан, бегуноҳ инсонларнинг номуси ва шарафини қўриш жамиятда муҳим масала ҳисобланаши керак. Бу масалада туҳмат ва иғволарни қиладиганлар эса адолатли маҳкама қарорлари билан жазолантирилиши лозим бўлади. Айтиш керакки, ҳозирги вақтда инсонларнинг шахсий ҳаётини тадқиқ қилиш, бу орқали жосуслик билан (видео жиҳозлари, фотосуратлар, уларни монтаж қилиш ва ҳк) инсонларни обрўсизлантиришнинг турли усуллари ўйлаб топилган. Бундай фитналарга йўл қўймаслик учун ҳам жамиятнинг маънавий асослари кучайтирилиши ва бу соҳадаги ишларни кўриб чиқишда ашёвий даллиларга эмас, кўпроқ воқеа гувоҳларининг эътирофларига, жабрланувчи ёки жиноятчининг шахсий кўрсатмаларига эътибор қаратилиши керак бўлади.
Ушбу айтилганларни хулосалайдиган бўлсак, жамиятда адолатнинг устун бўлиши учун аввало инсонлар ўзларининг ақидавий ва ахлоқий ҳолларини ислоҳ қилишлари керак бўлади. Шундан кейин ҳуқуқий жамият қуриш ва унда адолатни устун қилиш масалаларини кун тартибига келтириш мумкиндир.
Намоз Нормўмин
25 август 2012 йил