Яқинда Туркия Парламентига бир ажиб қонун лойиҳаси киритилди. Бу лойиҳага кўра бозорларда тижоратчиларнинг ўз молларини бақир-чақир йўли билан сотиши тақиқланиши керак экан. Яъни, бу қонун лойиҳаси буйича бозорчилар бундан кейин “кеб қолинг, олманинг каттаси бу ерда, картошканинг ширинини олинг” ва шунга ўхшаш баланд овоз билан ўз молларини “реклама” қила олмайдилар. Бу қонун таклифи менга талабалик йилларимни эслатди. Бир марта талаба дўстлар билан “Пахтакор” стадионига бориб, “гол” кайфини чиқармоқчи бўлдик. Қулоғимга орқа тарафдан бир сотувчининг бақириғи эшитилди: “Қайноғи шўтта, қайноғи шўтта…”. Ўгрилиб қарасам бир сотувчи музқаймоқ сотаётган экан.
Дунё ҳаёти бозорга, инсонлар эса истасалар ҳам, истамасалар ҳам тижоратчиларга ўхшаб кетишлари бир ҳақиқат бўлса керак. Бу дунёда ҳамма ниманидир сотади ёки сотиб олади. Ҳаммамиз деярли ҳар куни бозорга ёки дўконга чиқиб, бирор нарсалар сотиб оламиз. Бирон жойда арзонлик борлиги эшитилса, ўша жойга инсонлар дарё каби оқиб борадилар…
Бизнинг замонамиз бозор нуқтаи назаридан исроф замони эканлиги ҳам маълум. Уйларда шу қадар кераксиз майда чуйда -нарсалар, кийим- кечаклар, электрон жиҳозлари йиғилиб қоладики, инсофли инсоннинг энсаси қотиши шубҳасиздир. Баъзан шундай уйларга борамизки, муҳташам бинонинг хоналари мебель дейилган дивану, креслолар билан тўлдириб ташланган бўлади. Уч-тўрт меҳмон жамоат бўлиб намоз ўқишига жой топилмайди…
Социалистик иқтистод эртаги бўшга чиққандан кейин, бозор иқтисоди дейилган ваҳший капиталистик тузумнинг ишоратлари қўрқинч ажиналар каби халқимизнинг ҳаётига кириб кела бошлади. Яқинда ватанимизга қўнғироқ қилиб, шуни ўргандик: Ҳозир бир киши бошқа кишига 500 доллар қарз берса, бир йилдан кейин 1000 доллар истар экан. Яъни, берган қарзига 100 фойиз фойда истайди қарз берган. Инсоф йўқ, биродарлик йўқ, ёрдамлашиш йўқ…Пул, пул, пул…
Ҳозир ҳамма сотувчи, ҳамма тижоратчи бўлган бир замонда яшаяпмиз. Кимдир полизда етиштирган қовун-тарвузини сотади. Кимдир бир –икки йил боқиб, семиртирган ҳўкизнинг гўштини…Кимдир виждонини сотади бу бозорда. Яъни, ҳийла ва ёлғон билан, судхўрлик билан, порахўрлик билан олувчининг терисини шилийди. Кимдир торазидан уриб қолади, кимдир миршабман, дея бозорга келадиган сотувчини ҳам, олувчини ҳам талайди…Кимдир вужудини сотади бу бозорда. Бу гап бозори чаққон фоҳишаларга тегишли бўлса-да, аслида бу “дўконнинг” сотучиси ҳам, олувчиси ҳам “тижоратчилар” ҳисобланади. Ҳатто бундай “товар”ни сотиб олган уни сотгандан янада пасткашроқдир…
Тижорат одам фарзандларининг энг қадимий муносабатларидан бири эканлиги ҳам бир ҳақиқатдир. Олиш-бериш ижтимоий ҳаётда бир зарурат, яъни инсоният бор экан бозор ҳам доимо бор бўлади. Аммо бу дегани ҳамма нарсани ҳам бозорга чиқариб сотаверса бўлади, дегани эмас албатта. Масалан, илм ўрганиш ва илм ўргатиш ҳам ўзаро “”олиш-сотишга” асосланган бўлсада, бу ерда бозор иқтисодиётининг ваҳший қонунлари амал қилмаслиги керак. Аммо бугунги Ўзбекистондаги илм даргоҳлари бундан мустасно, албатта. Бу ерда ўқишга кириш ҳам, “зачет” ҳам, имтиҳон ҳам, диплом иши ҳам, дипломнинг ўзи ҳам сотилади. Талабани сотиб олиш осону, аммо агар исталадиган бўлса, бемалол домлаларни ҳам сотиб олиш мумкин. Талаба ўз устозига сохта илм учун пора берар экан, бемалол домла мен сизни сотиб олдим, сиз энди менинг ихтиёримдаги мол-мулкимдир, дейиши мумкин, албатта…Бундай илм тужжорларининг энг даҳшатлилари шубҳасиз дин тижоратчиларидир. Яъни, дину имонни ўзларига байроқ қилиб, Аллоҳ таолонинг оятларини арзон пулга сотаётган баъзи имому домлалардир. Шундай домлалардан бирига бир кун жамоат келиб шундай дейди:
-Домла, кўчада бир трактор бир сигирни уриб кетибди.
-Сигир ўлдими?
-Йўқ, сал оқсаяпти холос.
-Ундай бўлса, зарари йўқ. Сигир эгаси тўлов берилмаса ҳам бўлади…
-Домла, аммо сигир сизнинг сигирингиз экан..
-Э, шундайми? Қани китобларни кўрайликчи, бошқа фатволар топилиб қолар…
“Албатта, Аллоҳ китобда туширган нарсани беркитганлар ва уни озгина баҳога сотганлар, ана ўшалар қоринларига оловдан бошқа нарсани емаслар, уларга Аллоҳ қиёмат куни гапирмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоблар бор” (Бақара сураси 174)
“Улар Аллоҳнинг оятларини озгина баҳога сотиб, Унинг йўлидан тўсдилар. Дарҳақиқат, уларнинг қилганлари қандай ҳам ёмон бўлди?! “ (Тавба сураси 9)
Аллоҳ таоло инсонларга Ўзининг оятларини оз баҳога сотмасликларини амр этгандир:
“Ва сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширган нарсамга иймон келтиринг. Унга биринчи куфр келтирувчи бўлманг. Менинг оятларимни оз баҳога сотманг ва Менгагина тақво қилинг”. (Бақара 41)
Мадомики, дунё ҳаёти бозорсиз ўтмас экан, ҳақиқий тижоратни ҳам Парвардигори оламнинг буйруқлари кўра амалга ошириш энг тўғри йўлдир:
“ Эй иймон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан нажот топтирувчи тижоратга далолат қилайми? Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар. Шундоқ қилмоқларингиз, агар билсангизлар, ўзларингиз учун яхшидир. Ана шунда, У зот гуноҳларингизни кечирур ва сизларни адн жаннатидаги остидан анҳорлар оқиб турган боғларга ва яхши масканларга киритур. Бу улуғ ютуқдир.” (Саф сураси 10-12)
Эй Роббимиз, модам бу дунё ҳаёти бозорга ўхшар экан, бизларни унга имон билан кирадиган ва ундан яна имон билан чиқиб кетадиган бандаларингидан айла! Омин!
Йўлдош Абдулла ўғли, 7 февраль, 2012 йил.