Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН
АЖАЛ МИНОРАСИ
Мудҳиш минор,
ажал минори,
ёвуз маскан,
шафқатсиз маскан.
Ҳақми ундан,
ноҳақми ундан
ташланарди бир вақтлар
пастга.
Сукут сақлаб,
кўзни чирт юмиб
қурбонларни қилмоқдасан ёд.
Қулоғингга фарёд
келади.
Кўз олдингга
келади
жаллод.
Қуюқ-қуюқ киприкларингга
инжу-инжу тизилар
ёшлар.
Кўз олдингда жудолик,
фироқ
минорага айлана бошлар.
Ўзингсан шоҳ,
ўзинг гуноҳкор,
ўзинг жаллод.
Сен ўзинг —минор.
Ўзингни сен олиб чиқиб шахд,
ўртаб тергай бошлаётирсан.
Ўзингни сен ҳукм этиб ўзинг,
ўзингни сен ташлаётирсан.
Тўхта, эй шоҳ,
тўхта, эй минор.
тўхта, жаллод,
тўхта, гуноҳкор!
Бахтим менинг,
нобуд бўлмайсан,
юрагимда бўлмайди аза.
…Қутлуғ бўлсин,
кўзларингни оч!
Омон қолдинг,
қучоғимдасан!