Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳига Тошкент шаҳар Сергили тумани, Чош тепа кўчаси 8-проезд, 4-хонадонда истиқомат қилувчи, нафақадаги 65 ёшли Азиза Ахмедова ариза билан мурожаат қилди.
Унинг эри, олий маълумотли, иқтисод фанлари номзоди, ўрта профессионал таълим муассасаларини ривожлантириш Институти иқтисод ва менежмент кафедраси мудири, 1949 йилда туғилган Тўхтахўжаев Аваз Абдуваҳобович 1999 йилнинг 26 ноябр куни “Хизб-ут–Тахрир” партиясига алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган.
Тергов жараёнида айбга иқрор қилиш мақсадида шафқатсиз қийноқларга солинган. 2000 йилнинг 6 март куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйча суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159, 216 ва 244-1-моддалари бўйича 13 йил озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган.
Маҳкама жараёнида Тўхтахўжаев Авазнинг айби исботланмаган, шунингдек судланувчининг ўзи ҳам айбни тан олмаган. КИН 64/29 сонли жазони ўташ муассасасида сақланган, 2001 йилнинг баҳорида соҳта жиноят иши билан қўшимча 3 йилга судланган ва қатъий режим колонясида қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2002 йилда соҳталаштирилган иш билан маҳкамага тортилиб жазо муддатига яна 5 йил қўшиб берилган, 2010 йилнинг октябр ойидан махсус режим колонясида сақланиб келинган. 2010 йилнинг ноябр ойидан Бухоро шаҳридаги СИ-3-сонли тергов изоляторида сақланган ва яна тергов ўтказиб, натижада яна 3 йил қўшиб берилган, 2013 йилда эса яна 16,5 йил қўшишган…
Шундай қилиб, ноқонуний қамалган иқтисодчи-олим Тўхтахўжаев Авазга Жиноят Кодексининг 221 моддасига кўра ёлғон айбловлар билан озодликдан маҳрум қилиш муддатлари қўшиб берилди. 3 марта, умумий ҳисобда 27,5 йил қўшилиб, 40,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳозирда Қоровулбозор туманидаги КИН 64/25 да жазони ўтамоқда. Азиза Ахмедованинг сўзларига кўра эрининг саломатлиги ёмонашган, 18 йил доимий қийноқлар натижасида юрак қисмида тез-тез оғриқлар пайдо бўлган, тирноқлари кўкариб, оёқ қисмидаги қон томирлари ёрилиб кетган.
Унинг қизи, 1982 йилда туғилган Тўхтахўжаева Дилноза 2007 йилда Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича суди ҳукми билан 3 йилга озодликдан маҳум этилган. Тергов иши Тошкент вилояти ИИБ терговчиси А.В.Аулов томонидан соҳталаштирилган. Жиноят Кодексининг 244-2-моддаси билан “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни ташкил этиш, бошқариш, иштирок этиш”да айбланган. 2010 йилда жазо муддати тугаши муносабати билан озодликка чиқарилган.
Яна бир қизи, 1986 йилда туғилган Тўхтахўжаева Гўзал 2008 йилдан буён ЖКнинг 159 ва 244-2 моддалари асосида қидирувга берилган, ҳозирда унинг қаерда эканлиги номаълум. Азиза Ахмедовани унинг қизи Гўзални қаерда эканлигини айтиши талаби билан милиция ходимлари тез-тез безовта қилишади.
2017 йилнинг 16 ноябр куни эртлабки соат 6 да ИИВнинг фуқаролик кийимидаги 8 нафар ходими келиб, Азиза Ахмедованинг уйида тинтув ўтказишни бошлашган, уй ётоқхонасида полларни қўпариб ташлашган, шу тарзда қизи Гўзални қидиришган. Азиза Ахмедова ва Дилноза Тўхтахўжаевани 9 ойлик чақалоғи билан биргаликда 4 нафар вояга етмаган болалари билан Тошкент шаҳар Учтепа туман ИИБга олиб кетишган. 10 соат давомида тергов қилиб, 9 ойлик чақлоқ йиғлайвергандан кейин уйга кетишга рухсат берилган.
2017 йилнинг 20 ноябр куни Азиза опа ва қизи Дилноза Зангиота туман халқ қабулхонасига мурожаат қилишган. Уларни Юлдуз исмли юрист ва Зангиота туман ИИБ бошлиғи Мирсалиев Муродилла қабул қилган ва ҳеч қандай ёрдам бераолмаслигини айтиб. Тошкент шаҳар халқ қабулхонасига мурожаат қилишни тавсия қилган…
Азиза опа шундай дейди: 18 йил давомидаги ички ишлар ходимларининг мунтазам таъқиблари натижасида саломатлигим ёмонлашди, кечалари ухлаёлмайман. Бизни яна қачонгача қийнашади?..
22.11.2017 й.
Сурат Икромов
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи раиси
E–mail: surat.i@rambler.ru, suratikramov@gmail.com