O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Азиз Раҳматуллаев: Фуқарога Ҳорижга Чиқиш Стикери берилаётганда ота-онасининг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳам, албатта, инобатга олинади….

Азиз Раҳматуллаев: Фуқарога Ҳорижга Чиқиш Стикери берилаётганда ота-онасининг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳам, албатта, инобатга олинади….
170 views
29 April 2018 - 21:47

Ички Ишлар Вазирлиги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси катта инспектори Азиз Раҳматуллаев: Фуқарога ҳорижга чиқиш стикери берилаётганда ота-онасининг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳам, албатта, инобатга олинади.

2018 йилнинг 26 апрель куни фуқаро Алимбекованинг аризасига асосан Тошкент шаҳар маъмурий судида судья Нилуфар Усмонова раислигида навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Маълумки, мана, беш йилдирки Алимбековага ҳорижга чиқиш рухсатномаси берилмайди.

Мамлакат Бош Қомусида белгилаб қўйилган эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи оёқ ости бўлаётганлиги сабабли Зарнигор Алимбекова Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари устидан судга арз қилишга мажбур бўлганди.

Дастлабки суд мажлисида Чилонзор туман ички ишлар бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг суддаги вакили Алимбекованинг чет элга чиқишини таъқиқлашга асос бўлган ҳужжатларни судга тақдим эта олмади. Шу сабаб, судья Усмонова Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармасига чақирув қоғози юборишга мажбур бўлганди.

26 апрель, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 10.30 га белгиланган суд мажлисида Республика Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасидан икки нафар ходим суд мажлисида ҳозир бўлди.

Вакиллардан бири катта инспектор Раҳматуллаев Азиз Ҳотамжонович, яна бирлари инспектор Алиқулов Жўрабек Исмоил ўғли эди.

Даставвал вакиллардан бири Азиз Раҳматуллаевга сўз берилди.

“Бизнинг ташкилотда электрон ахборот маълуомтномаси мавжуд бўлиб, биз ушбу маълумотномалар орқали Алимбекова Зарнигор хусусида керакли маълумотларга эга бўлдик.

1994 йилнинг 19 янвраь куни Самарқанд вилоятида туғилган Алимбекова 2016 йилнинг 16 март куни Самарқанд вилоят Ички ишлар Бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига анкета ариза билан мурожаат қилган ва унга стикер бериш рад этилган.

Алимбекова 2017 йилнинг 24 февраль куни Чилонзор туман ички ишлар бўлимининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига яна қайта ариза-анкета топширган. 27 март куни унинг чет элга чиқиши мақсадга мувофиқ эмас деб топилганлиги сабабли, Алимбековага ҳорижга чиқиш рухсатномаси берилмаган” деди катта инспектор Азиз Раҳматуллаев.

Судья Нулуфар Усмонованинг “Қайси важларга асосан Алимбекованинг чет элга чиқиши мақсадга мувофиқ эмас деб топилган?” деган саволига катта инспектор Раҳматуллаев:
“Вазирлар маҳкамасининг 8-сонли қарорига асосан Зарнигор Алимбекованинг чет элга чиқиши мақсадга мувофиқ эмас” деб топилган” дея жавоб қилди.

Худди шу ўринда Алимбекованинг ишончли вакили, яъни мен, Эшонқулова “Сиз айтаётган Вазирлар Маҳкамасининг 8-сонли қарорида “Бўйнида қарздорлиги бор фуқаролар, иши терговда бўлган ва ёки жиноий жавобгарликка тортилган, жиноят иши қўзғатилган фуқаролар, давлат сирини биладиган шахслар, ва яна ҳорижий мамлакатлардан бирида бўлиб, ўзи бўлган мамлакати қонунларини бузган шахсларнинг чет элга чиқишларини таъқиқлаш назарда тутилган. Ана энди айтингчи, Алимбекова ўша тоифалардан қай бирига тўғри келади?: Давлат сиридан воқифми, ёки бўйнида қарздорлик мавжудми? Ёинки, иши терговдами ва ё жиноий жавобгарликка тортилганми, иши суддами? Ёхуд чет элга борган ва ўша мамлакат қонунини бузганми? Мана шу юқорида санаб ўтилган важларнинг қай бирига асосан Алимбекованинг чет элга чиқишига таъқиқ қўйлиган?” дея савол бердим катта инспекторга.

“Алимбековага биз томонимиздан таъқиқ қўйлимаган. Ички ишлар вазирининг 233-сонли бўйруғи мавжуд бўлиб, мазкур буйруққа асосан 3-4 та вазирликлар, яъни Ички ишлар Вазирлиги, Ташки ишлар Вазирлиги, Миллий Хавфсизлик хизмати, Мудофа вазирлиги ҳорижга чиқиш истагида ариза – анкета берган фуқаронинг ҳужжатларини тафтиш қилади. Мабодо, юқорида номлари келтирган вазирликлардан бирортасида фуқаронинг чет элга чиқишига монеълик қиладиган факт бўлса, ўша вазирликдан МваФРББошқармасига таъқиқ қўйилганлиги хусусида расмий хат келади. Биз ўша хатга асосан фуқаронинг чет элга чиқиши учун паспортига стикер уриб бермаймиз” деди Азиз Раҳматуллаев.

“Яхши, нега у ҳолда Тошкент шаҳар МваФРБ бошлиғи Сайфуллаев бир эмас икки маротаба “Алимбекова, Вазирлар Маҳкамасининг 8-сонли қарори 3-бўлим “з” бандига асосан сизнинг ҳоришга чиқишингиз мақсадга мувофиқ эмас деб топилган” дея жавоб хати йўллаган? Вазирлар Маҳкамасининг 8-сонли қарори 3-бўлим “з” бандида “з) агар шахсга нисбатан Ички ишлар вазирлигида ёки Ташқи ишлар вазирлигида ваколатли органларнинг ушбу шахснинг чет элда бўлган вақтда келган мамлакати қонунларини бузганлиги (қонун бузилишлари рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) тўғрисидаги ахбороти, … мавжуд бўлса — ахборот ҳисобга олинган кундан бошлаб икки йил ўтгунга қадар” дейилган. Алимбекова қайси бир ҳорижий мамлакатда бўлган? Марҳамат қилиб, Сайфуллаев ва ёки сиз вакил сифатида Алимбекованинг қай бир ҳорижий мамлакатда бўлганлиги ва қайси мамлакатнинг қонунини бузганлигини суд залида асос келтиринг” дея талаб қилди ишончли вакил.

“Йўқ, сиз адашаяпсиз? Сиз ўша “Ҳорижга чиққан” деган гапга ёпишиб олгансиз. Энг аввало, сиз ўша “з” бандни яхшилаб ўқинг, мазкур бандда “… шунингдек бориши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатадиган ахбороти мавжуд бўлса… ” деган жумла ҳам бор…. Бу дегани, Алимбекова чет элга бориб, ҳорижий мамлакатнинг қонунини бузганлиги учун унинг чет элга чиқишига таъқиқ қўйилган дегани эмас, Зарнигорнинг чет элга бориши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатадиган бошқа бир ахборот, муҳим маълумотлар ҳам мавжуд” деди катта инспектор Азиз Раҳматуллаев.

“Жуда соз! Биз ҳам айнан ана шу сиз айтаётган “жуда муҳим маълумотни, ахборот”ни билиш мақсадида судга мурожаат қилганмиз? Айтингчи, Алимбекованинг чет элга чиқишига таъқиқ қўйилишига асос бўладиган қандай муҳим маълумот мавжуд?” савол берди ишончли вакил.

“Буни сизга айтолмаймиз, бу давлат сирига алоқадор” деди “ОВИР” вакили.

Судья Нилуфар Усмонова “Ҳурмтали вакиллар, сизлардан Алимбекованинг ҳорижга чиқишига таъқиқ қўйишга асос бўлган ҳужжатларни судга тақдим этишингиз талаб этилган эди. Ҳужжатларни келтирдингизми?” деб сўради.

Судьянинг сўровига жавобан “Ҳурматли судья, бу ҳужжатлар давлат сири ҳисобланади. Давлат сирига алоқадор ҳужжатларни ошкор қилишга ҳаққимиз йўқ. Мабодо, судга лозим бўлса, сиздан сўров хати бериш талаб қиланади” деди Раҳматуллаев.

Судья Усмонова ўтган суд мажлисида айтган сўзларини яна қайта такрорлади: “Қонунчилигимизга кўра, давлат сирига оид ҳужжатларни кўриб чиқиш учун судларга, маъмурий судларга ҳам ҳуқуқ берилган. Давлат сирига алоқадор бўлса, ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқамиз. Қолаверса, суд сизларга сўровнома юборишга мажбур эмас. Сабаби, фуқаро “Менинг ҳуқуқларимни бузишмоқда” дея сизларга даъво қилмоқда. Сизлар эса фуқаронинг ҳуқуқини бузмаганлигингизни тегишли ҳужжатлар асосида исботлаб беришингиз керак бўлади. Бу – суд олдидаги сизнинг мажбуриятингиз” деди судья.

Шунда ички ишлар Вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси катта инспектори Азиз Раҳматуллаев шундай деди: “Ҳурматли судья, маълумот сифатида шуни қўшимча қилмоқчи эдимки, ҳорижга чиқиш анкетасига “Оила аъзолари, ота-онаси ҳақида маълумот” деган графа бекорга киритилмаган. Чет элга чиқиш учун рухсатнома берилаётганида фуқаронинг ота-онасининг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳам албатта инобатга олинади!” дея урғу бериб ўтди.

Шунда Алимбекованинг ишончли вакили сифатида мен шартта ўрнимдан турдим-да, “Раҳматуллаев, мана, мен Зарнигорнинг ишончли вакили, онаси – Эшонқулова бўламан. Қани айтингчи, менинг ёки отасининг хавфлилик даражаси миқдори қанчалик экан?” дея сўрадим.

“Мен сизнинг қизингизни назарда тутмаяпман. Мен умумий қилиб айтаяпман” жавоб қилди Раҳматуллаев.

“Ҳурмтали судья” – деди Алимбекованинг ишончли вакили, яъни мен – қонунчилигимизда фарзанд ота-онасининг ҳаракатлари учун жавоб бермаслиги назарда тутилган. Қолаверса, яқингинада президентимиз Шавкат Мирзиёев “Бугундан эътиборан фарзандлар ота-оналари учун жавоб бермайдилар. Илгари эди у, отаси қамалганми деб сўраларди, қамалган бўлса, ишга олинмасди… Шунинг ортидан биз жуда кўп кадрларимизни бой бериб қўйдик. Бўлди, энди бунга йўл қўйлимайди” деган мазмунда маъруза қилган эди. Нима учун қизим Алимбекова менинг фаолиятим учун тавон тўлаши керак?… Ҳурматли судья, ўзингизга маълум, собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров, Тошкент шаҳар прокурор ўринбосари-ю, Миллий хавфсизлик хизматининг айрим ходимларининг кирдикорларини Шавкат Мирзиёевнинг ўзи аямасдан очиб ташлади, жиноятларини фош қилди. Илгари эди у, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари кўнглининг кўчасига келган номаъқулчиликларини қилишарди. Истаса, чет элга чиқишга рухсат беради, агар улар ҳоҳламаса, йўқ. Мен ўша Хавфсизлик хизмати томонидан қизимга қўйилган таъқиқнинг бемани эканлигига аминман. Талаб қилинг, ўша ноқонуний ҳужжатларни келтиришсин судга! Келтира олишмайди. Негаки, қизимнинг Бош Қомусимизда белгилаб қўйлиган эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чеклашларига асос бўладиган ўша ҳужжатнинг ўзи йўқ” дедим баралла.

“Ким сизга қизингизга Хавфсизлик хизмати таъқиқ қўйган деяпти?” деди катта инспектор Азиз Раҳматуллаев.

Мана, сиз “Таъқиқ ички ишлар вазирлиги томонидан қўйилмаган” деб шаҳодат бераяпсиз. Ички ишлар Вазирининг 233-сонли қарорига асосан фуқародан чет элга чиқишга рухсат сўраб топширилган анкета-ариза Ташқи ишлар Вазирлиги, Мудофа Вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати томонидан кўрилиб чиқилар экан, Алимбекованинг ҳарбий хизмат билан муаммоси йўқ, демакки, Мудофа Вазирлиги таъқиқ қўймайди, Зарнигор умрида чет элда бўлмаган. Демакки, ўз-ўзидан Ташқи ишлар Вазирлигида ҳам таъқиқ қўйишга асос йўқ. Биргина Миллий хавфсизлик хизмати қўяди-да таъқиқни? Нега миллий хавфсизлик хизмати, яъни давлат хафвсизлик хизмати томонидан таъқиқ қўйилган деб айтишга бунчалар қўрқаяпсиз?” дедим Раҳматуллаевга қарата.

Шу билан судья “давлат сирига алоқадор ҳужжатларни келтириш” хусусида жавобгар томонга такрор мажбурият юклади. Навбатдаги суд мажлиси 3 май куни соат 17.30 га белгиланди.

Малоҳат Эшонқулова

Мустақил журналист