O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Азимжон Асқаров иши БМТ инсон ҳақлари қўмитаси тавсиясига биноан қайта кўрилмоқда

Азимжон Асқаров иши БМТ инсон ҳақлари қўмитаси тавсиясига биноан қайта кўрилмоқда
222 views
11 July 2016 - 11:30

150715084559_uzbek_human_rights_defender_azimjon_asqarov_azimjan_azimzhan_azimzhon_askarov_640x360_bbc_nocreditБугун, 11 июл эрталаб 9 да Қирғизистон Олий маҳкамаси 2010 йил июнида оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришда айбланиб қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини БМТ инсон ҳақлари қўмитаси тавсиясига биноан қайта кўриб чиқишни бошлаган.

Азимжон Асқаровнинг ўзи маҳкамага олиб келинмаган. Ҳакам Эсенканов ҳимоянинг Азимжон Асқаровни маҳкама мажлисига чақириш талабини рад қилиб, “зарурият туғилса келтирилиши”ни билдирган.

Ҳимоячи Нурбек Тохтахунов ҳакамдан Олий маҳкаманинг 2011 йил 20 декабрда чиқарган қарорини бекор қилиш ва Асқаровни қамоқдан озод қилиб, жиноий ишини тўхтатишни сўраган.

2016 йил 21 апрелда БМТ инсон ҳақлари бўйича қўмита Қирғизистон ҳукуматидан Азимжон Асқаров қамоқда ноқонуний ушлаб турилганини айтиб, унга нисбатан жиноий ишни адолатли қайта кўриб чиқиш талабномасини юборган эди.

БМТ қўмитаси Асқаровга нисбатан маҳкамагача ва маҳкамадан кейин қийноқлар қўлланилгани, ҳимоя томони гувоҳлари сўроқ қилинмагани ҳолатларини қайд этган.

Инсон ҳақлари қўмитаси Қирғиз ҳукуматидан Асқаровни авф қилиш, тутқунликдан озод қилиб, товон пули тўлашни талаб қилган. Қўмита Асқаров иши Қирғиз ҳукумати билан муҳокама этилмаслиги, уни зудликда озод қилиш кераклигини таъкидлаган шунингдек.

Ҳимоянинг қайд этишича, БМТ қўмитаси Асқаров ишида инсон ҳақлари кўп маротаба бузилганини мисол келтириб ўтган. Агар маҳкумга нисбатан оқлов чиқарилмас экан, унга нисбатан қийноқлар давом этади, таъкидлаган ҳимоячи Тўхтахунов.

Сўзга чиққан адвокат Валеряьн Вахитов ҳам Асқаровни озод қилишни сўраган.

Маҳкамада қатнашган жамоатчи ҳимоячи Толекан Исмоилова Асқаров тергов пайтида қийноқларга солингани тўғрисида мисоллар келтирган.

Азимжон Асқаров 2010 йил 16 июнда Қирғизистон жанубидаги фожеавий июн воқеаларидан кейин қамоққа олинган.

Ҳуқуқ фаоли Асқаров оммавий тартибсизликларни ташкиллаштириш ва милиция ходими ўлимига алоқадорликда айбдор топилиб, сентябр ойида туман маҳкамаси томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2011 йил 20 декабрда Қирғизистон Олий маҳкамаси ҳукмни кучида қолдирган.

Орадан ўтган олти йил давомида халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари ва маҳаллий фаоллар Азимжон Асқаров ноҳақ қамалганини, айбини исботлайдиган далиллар йўқлигини айтиб, Қирғизистон ҳукуматидан уни озод этилишини талаб қилиб келадилар.

Азимжон Асқаровнинг ўзи ва турмуш ўртоғи ҳам бу борада бир неча бор халқаро ташкилотларга мурожаат этган.

Азимжон Асқаров ўзига қўйилган айбловларни ҳамиша инкор этган.

141118180108_azimjon_asqarov_640x360_bbc_nocredit

АҚШ ҳамда Оврўпо Иттифоқи Азимжон Асқаровга чиқарилган маҳкама ҳукмидан ўз норозиликларини билдирганлар, Азимжон Асқаровнинг дастлабки ҳибс пайти шафқатсиз қийноқларга тутилгани маҳкама томонидан инкор этилгани қайта-қайта таъкидланган.

АҚШ Давлат департаменти 2015 йил июлида Азимжон Асқаровни “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти билан мукофотлагани Қирғизистон расмийларини ғазаблантирди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги таниқли ўзбек инсон ҳақлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан тақдирланганини қоралаб баёнот эълон қилди.

Азимжон Асқаров мукофотланганига жавобан Қирғизистон АҚШ билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини бекор қилди.

Шу йилнинг 21 апрелида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси экспертлари 2010 йил ёзидан буён ҳибсда қолаётган Азимжон Асқаровни озод этишга чақириқ билан чиқдилар.

БМТ қўмитаси Азимжон Асқаровнинг ҳибсга олиниши Қирғизистон қонунларига зид бўлгани, изоляторда инсон чидаб бўлмас шароитда сақлангани, шафқатсиз қийноқларга тутилгани ҳамда ўзини маҳкамада ҳимоя қилиш имкониятларидан маҳрум этилганини урғулаган.

Бу билан Қирғизистон ўзи аъзоси бўлган бир неча фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пактларини поймол этган, дейилади БМТ экспертлари хулосасида.

Манба: bbc.com/uzbek