Би-Би-Си радиосининг хабар берешича, Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси ўз Фейсбук саҳифасида Тошкент шаҳрининг 4-Юнусобод кварталида чинорлар ноқонуний равишда кесилгани ва ундан атроф-муҳитга тушган зарар деярли 164 миллион сўм бўлганини хабар қилган.
Чинорлар кесилаётгани тўғрисидаги шикоят қўмитага @EcoControl_bot Телеграмм-боти орқали келиб тушган.
Қўмита текширувчилари ҳудудга борганларида диаметри 68дан 78 сантиметргача бўлган беш дона чинор кесилганига ва яна 11та чинорга шикаст етказилганига гувоҳ бўлганлар.
Қўмита хабар қилишича, “Биллур” маҳалласидаги чинорларнинг ноқонуний кесилишига “Метин коммунал сервис” бирлашмаси раҳбари А.Ф.Исохўжаева масъулдир ва мазкур ҳодиса бўйича ҳужжатлар прокуратурага топширилади.
Фейсбукдаги саҳифадан маълум бўлишича, мазкур мурожаатлар аҳоли вакилларидан Давлат экология қўмитасига бот-бот келиб тушмоқда, аммо давлат идораси ҳозирча азим чинорларнинг ноқонуний кесилишини тўхтатишга муваффақ бўлгани йўқ.
Хусусан, 27 июнь куни келиб тушган аризага кўра, Оҳангарон шаҳрининг 2-массивидаги чинорлар ёппасига кесилаётгани айтилганди.
Қўмита мазкур ҳодиса ортидан Оҳангаронга вакилларини юбориб, чинорлар кесилишида қонун бузилмаганини эълон қилди.
“Оҳангарон шаҳри ободонлаштириш бўлими Оҳангарон шаҳар ҳокимининг 25та декоратив дарахтларнинг санитар мақсадларда кесилиши тўғрисидаги №82 сонли фармонига мувофиқ равишда амалга оширилган”, – дейилади қўмита баёнотида.
Кўп йиллик чинорларнинг кесилиши бутун республика бўйлаб давом этмоқда.
Баъзи ҳолларда бу амаллар ободонлаштириш дастури билан изоҳланса, бошқаларига умуман изоҳ йўқ.
Хабар.уз сайти мухбири Улуғбек Орипов 5 июлда ўз Фейсбук саҳифасидаги постида бу каби аҳволга Қашқадарёда ҳам гувоҳ бўлганини ёзди.
“Китоб шаҳрида ҳам чинорлар аямай кесилмоқда! Салқин шаҳар жазирамада қолиб кетди, дейишяпти. Буларни тўхтатадиган борми ёки билганини қилаверадими, ҳаммаси?” – дея савол қўйди у.
“Дарахтларга қатлиом бошланган. Қирғин болалар шифохонасигача бориб қолди. Яқин икки йилда соя-салқин Китобимиз Қарши чўлида қурилган посёлкага ўхшаб қолса керак”, – дейди унинг пости остида муносабат билдирган китобликлардан бири.
ЎХҲ ахборот бўлими