O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Айбномалар ва айғоқчилар

Айбномалар ва айғоқчилар
290 views
17 September 2016 - 5:00

MS yo'lnoma_1Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(83)

 АЙБНОМАЛАР ВА АЙҒОҚЧИЛАР

Сентябр  ойида  «Мавжуд  ҳокимиятга  параллел  ҳокимият яратишга  интилди,»  деб  бир  гуруҳ  «Эрк»  ва «Бирлик»чига жиноий иш  очилди.  Бунинг  баробарида  «Эрк»  газетасидаги  молиявий қонунбузарликларни  «фош  қилган»  комиссия  «Эрк»  газетаси муҳаррири  ва  барча  ходимларига  қарши  жиноий  иш  қўзғотди.

Айни  пайтда,  ҳукумат,  «Эрк»  партияси  биносининг  ижара  ҳаққини тўлаган  бир  ширкатга  (ширкат  бошлиғи  бухоролик  Тошпўлат Тожиддинов  деган  киши  эди)  тазйиқ  қилиб,  пулини  қайтариб олишга  мажбур  қилди  ва  «Эрк»  партиясига  рус  рубли  билан  1,5 миллион  сўм  фактура  берди.  Буни  зудлик  билан  тўламасанглар, бинодан ҳайдаласизлар, дея таҳдид қилишди. Биз бу маблағни бир ҳафта  ичида  дўстлардан  тўплаб,  кассага  тўладик,  аммо  яна бошимиз балога қолди: энди бу пулни берган одамларни бирма-бир милисага  чақириб,  пулни  қаердан  олганлиги  ҳақида тилхат ёзишга мажбур  қилдилар.  Август  ойида  «Миллий  мажлис»  тузиш ташаббускори  сифатида  Бобур  Шокиров  деган  одамни  қамоққа олишганди,  унинг  кўрсатмаларига  асосан,  октябр  ойида  «Эрк» газетаси  компютери  ва  бошқа нашр жиҳозлари мусодара қилинди.

«Миллий  мажлис» программаси шу компютерда ёзилган экан.  Октябр-ноябр  ойларида  «Эрк»  партиясининг  учта  вилоят газетаси таъқиқланди. Марказий «Эрк» газетаси ҳам график бўйича чиқишдан  тўхтаб, ойда уч марта чиқа бошлади, декабр ойида эса, сўнгги  сони  чиқди.  Мен  билан  партиянинг  бошқа раҳбарлари 1992 йил  июл  ойидан  то  декабргача  КГБнинг  яқин  таъқиби  остида яшадик.  Мен  дўстларимникига  ҳам,  жуда  зарур  бўлмаса, боролмайдиган  бўлдим.  Чунки,  бировникига  бориб  кетганимдан кейин,  ўша  одамникига  КГБчилар  келиб,  уй  номерини  ва  уй эгасининг  отини  ёзиб кетадиган бўлишди.

Сентябр  ойида  уйимизга  «ёш  шоирман,»  деб  бир  қиз  кела бошлади.  Исми  Зебунисо  ёки  Нодира  (машҳур  шоираларимизнинг исми)  эди.  Бизнинг  хоним  ҳақида  бир  мақола  ёзиб  «Оила»  деган газетада  бостирди,  янглишмасам.  Менга  жуда  кўп  шеърларини келтирди,  хонимнинг  «босими»  билан  «  ўқиб,  фикр  билдириб» турдим.  Ҳар  ҳафтада  бир  марта  келарди,  оиламиз  ўрганиб  ҳам қолди  сўнгида.  Аммо  декабр  ойида  қиз  сархуш  бўлиб  келиб, бизнинг  хонимга  ўзининг  КГБ  айғоқчиси  эканини  айтибди.  Уни
КГБ билан президент саройидан бир шоир ёллаганини, уларга ярим йил давомида Муҳаммад Солиҳ ҳақида маълумот бериб турганига иқрор  бўлиб  йиғлабди.  Сизлар  эса,  менга  қучоқ  очдингиз,  доим яхшилик  қилдингиз,  дебди.

Хотинга  бу  воқеани  менга  айтганингни  айтма,  келиб юраверсин.  Уни  кечирганингни  сўйла,  кўнглини  ол,  дедим.  Қиз бизникига  қатнашда давом этди.

Аммо  айғоқчиларнинг  ҳаммаси  ҳам  бу  қиздай  тажрибасиз эмасди.  Бизнинг  оила  дўстларимизга  дўст  бўлиб  80-йиллар охиридаёқ  бизнинг  ишончимизни  қозонган  баъзи  шахслар  1992-95 йилларда  фаолиятимизга  катта  зарар  етказди.  Уларнинг  КГБ кадрлари эканини  тасбит этиш учун уч йил керак бўлди.

Октябр  ойида  мухолифат  лидерларини  қамоққа  олишга буйруқ  чиқибди,  бир  баҳона  уйдириб,  ҳибсга  ола  бошлайдилар, деган  миш-миш  тарқалди.  Буни  КГБнинг  тарқатгани  шубҳасиз. Мухолифат  сафларида  поракандалик  яратиш,  фаол  шахсларни пассив  ҳолатга  туширишнинг  эски  усуллари  эди бу. Бу психологик тазйиқ  дарров  ўз  таъсини  кўрсатди,  «Бирлик»  ҳаракатининг баъзи раҳбарлари Ўзбекистонни тарк этди. Декабр ойида «Миллий мажлис» иши бўйича Б. Шокировдан кейин  «Бирлик»  фаоли,  инженер-олим  Ҳазратқул  Худойберди ҳибсга  олинди.  Ундан  кейин,  22-декабрда  «Эрк»  партияси  котиби Отаназар  Ориф  ушланиб,  Ички  ишлар  вазирлиги  ертўласига ташланди.  Яна  декабрда  Тошкент  шаҳар  прокурори  Жўраев чақириб,  «Миллий  мажлис»  иши  бўйича  менга  ҳам  жиноий  иш очилганини  билдирди  ва  Тошкент  шаҳридан  чиқмаслигим  ҳақида тилхат ёздириб олди. Ортиқ мен уй ҳибсида эдим.

(давоми бор)