9 июнь куни «Нафс устуворлигида ўтган датлабки суриштирув қотиллик ҳақиқатини аниқлашга қаратилган эмас» сарлавҳали мақолада бир жиноят иши остида яширинган қонунбузарликлар ва суриштирув органларининг таъмагирлиги ортидан бир ўсмирнинг жиноят ишида айбланувчига айланиб қолиши ҳақида ҳикоя қилинганди. Қуйида мазкур жиноят иши билан боғлиқ тавсилотларнинг давомини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Наҳотки, мухрланган пакет ўз-ўзидан мухрланмаган бўлиб қолса? Нахотки, оқ пахта тампонга суртма олинган қизил доғлар бир ойдан кейин қора рангли куйган моддалар ёпишган пахта бўлагига айланиб қолса?
19.09.2010 да, Прокуратура терговчиси Н.Қўлдошев томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 135-137-моддаларига риоя қилинган ҳолда, ҳолислар иштирокида ҳодиса жойи кўздан кечирилганда; NЕХIА автомашинаси орқа ўриндиғи оёқ остидаги резина тўшама устидан йиғма пичоқ борлиги, ушбу пичоқ кўздан кечирилганда унда қизғиш рангли қонга ўхшаган доғлар мавжудлиги аниқланган.
Пичоқдаги қизғиш қонга ўхшаш доғларидан оқ пахта тампонга суртма равишда наъмуналар олиниб, пакетга қадоқланиб, ҳолислар ва терговчининг имзолари билан МУҲРЛАНДИ – деб расмийлаштирилган (Ж/ишининг 1-томи 7-ички варағи 6-абзаци).
ИЗОҲ: Аммо ушбу баённомада, пичоқ куйиб кетганлиги ҳамда пахтага қора рангли куйган моддалардан суртма олинганлиги хақида эътироф этилмаган.
Орадан роппа-роса бир ойдан кейин, 19.10.2010 да, Қашқадарё вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси, суд биология бўлими №662-Х сонли хулосасининг 4-варағида экспертлар томонидан далилий ашёларни ёзишда: Ушбу пакет кўздан кечирилганда Қоғоз ўрамининг ўлчамлари 10х10х2см, охири елимланган, МУХРЛАНМАГАН лиги, устидаги ёзув 19.09.2010й. Нуробод кўча, пичоқдан тампонга олинган қизил тусли қонга ўхшаш доғлаор; Ҳолислар ва терговчи имзоси борлиги қайд этилган.
Пакетни очиб ичи текширилганда пакетнинг ичидан қора рангли куйган моддалар ёпишган ҳолда пахта бўлаги топилганлиги қайд этилиб, объект №12 қилиб белгиланган.
ИЗОҲ: Наҳотки бир ой ичида мухрланган пакет ўз-ўзидан муҳрланмаганга айланиб қолса? Наҳотки пичоқдан оқ тампонга суртма олинган қизғиш рангли қонга ўхшаган доғлар, бир ой ичида қора рангли куйган моддага айланиб қолса? …
№662-Х сонли Экспертиза хулосасининг ТЎХТАМ и: Тақдим қилинган пичоқлардан ва пахта бўлакларидан ҚОН топилмади.
Эксперт: имзо: Хушвақтова З.О.
19.октябр 2010йил.
( СТЭ хулосаси. Ж/ишининг 2-томи 31-ички варағи)
Савол туғилади: Нега қотиллик содир этилган автомашинадан топилган пичоқ ва пичоқдаги қизғиш қонга ўхшаш доғларидан пахта тампонга олинган суртмадан қон топилмади?
Демак ушбу пичоқ қотиллик қуроли эмас экан-да.
У ҳолда, қотиллик қуроли пичоқ қаерда, нега топилмади, нега ҳеч ким эътибор бермади? Наҳотки, қотилликни ҳам арвоҳлар содир этиб изсиз йўқолишган бўлишсалар?
Ёки ростдан ҳам, автомашинадан топилган пичоқдаги қизғиш қонга ўхшаш доғлардаги қон ва улардан оқ пахта тампонга олинган суртмалардаги қон, бир ой ичида ўз-ўзидан қон таркибини ўзгартириб, ўзга бир моддага айланиб қолармикан?
Мана шу саволга, халқаро эксперт-биологлардан холисона хулоса беришларини илтимос қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий судига, дастлабки тергов органи томонидан қасддан содир этилган ушбу қонунбузиш ҳолатларини мавжуд ёзма далиллар билан асослаб берган шикоятларимизга, жиноят ишлари бўйича судлов хайъати раиси в.б. судъя И.Муслимов, ишни процессуал қонун нормалари асосида синчковлик билан назорат тартибида ўрганиб, қонуний муносабат билдириш ўрнига, аксинча Жиноят-процессуал қонуни нормаларига зид равишда, -«суд қарорлари қонун доирасида» -деган 27.06.2013 йилдаги №МБ- 01ум-11-сонли асоссиз жавоб хатини йўллаган!
Қашқадарё вилояти хуқуқ-тартибот органлари томонидан, вояга етмаган Бахриддинжон Абдурахимовга оид жиноят ишини юритиш даврида, қонун ижроси таъминланмасдан, аксинча қонун нормаларига зид равишда: -«жиноят ишида ўта мухим бўлган ашёвий далиллар, суриштирув-тергов органи томонидан қасддан муҳри бузилиб йўқ қилиниб, қонга ўхшаш қизил доғлардан суртма олинган пахта тампон қасддан алмаштирилиб қўйилганлиги» оқибатида, вояга етмаган Бахриддинжон Абдурахимовнинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилиб, асоссиз ва адолатсиз равишда қотилликда айбланиб 14 йилга озодликдан маҳрум этилган…
Айбсиз кишини, айниқса у вояга етмаган бўлса, айблаб номини қора қилиб, қотилга-жиноятчига чиқариб қўйиш жуда осон, аммо айбсиз кишининг айбсизлигини исботлаш ўлимдан ҳам оғир экан.
Зероки, вақти соати келиб ҳар бир инсон қилган яхшилигию-қабиҳлиги учун Яратганнинг олдида жавоб бериши муқаррардир!
Адолат ва хақиқат ўрнатилишида одилона ва ҳолисона муносабат билдиришларингизни илтимос қиламиз.
Ҳурмат-эҳтиром ва умид билан
Баҳром Абдурахимов
Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Тинчлик МФЙ, Эркин -38;
тел. +998907210725; +998912140916;
E-mail: bahrom2661@mail.ru;
Skype; bahrom6126