O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Айиқ пулими ёки ўлик пули?

Айиқ пулими ёки ўлик пули?
175 views
09 June 2013 - 20:52

Ҳар куни болаларимни мактабга жўнатиш мен учун муаммо. Улар дангасалигидан мактабга боришни истамайди эмас, бунинг бошқа сабаби бор. Бугун ҳам мактабнинг тўққизинси синфини тугатаётган қизимни мактабга боришга мажбур қилдим. Натижада орамизда қуйидагича сухбат бўлиб ўтди:

-Ойи, умримга ачинмайсизми?

-Мактабга боришлик умр исрофи эмас.

– Ўн битта фандан ўқитувчи йўқ. Иккита ўқитувчи ўн бир фандан бизга дарс ўтади.

-Уларнинг мутахассислиги нима?

-Биттаси кутубхоначи, биттасини мутахассислиги ҳам йўқ, менимча коллеж маълумоти билан қолган. Эрталаб дарсга борганимизда баъзи кунлари олти соат бир-биримизга тикилиб ўтириб кейин уйга қайтамиз. Ўқитувчимиз ҳар доим кундалигингиз тўлиқ турсин текшириш бўлиб қолиши мумкин дейди.Дарс ўтилмагач, кундалик қаёқдан тўлсин? Синфдошларимдан кундалигингни кўчириш учун бериб тур,дейман.Ҳозир май ойи аммо улар сентябрдаги бир хафталик дарсни қайта-қайта-қайта ёзишган. 1-параграфни. Кундалигингни тўлдириш учун истаган нарсангни ёз, муҳими у тўлиқ турсин. Текширувчилар олдида шарманда бўлмайлик. Дарс ўтилаётгани билиниб турсин, дейди,ўқитувчимиз ҳар доим.

Қизимни гапларини тинглар эканман юрагимда Катта Фарғона каналидан ҳам каттароқ ёриқ пайдо бўлгандек ҳис қилардим ўзимни. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Болаларим уйимиздан ўн беш чақирим узоқликдаги мактабга қатнайди ҳар куни уларни қўлига йўл кирага пул бераман. Аммо ўғлим  мактабдан сим қоқади, ойи, пулим йўқ, ўқитувчимиз шимларимизни ечтириб ички чўнтакларимиздаги пулгача олиб қўяди. Пул йиғишга шунақа сабаблар кўпки, ҳар бир боламни қўлида дафтари бор, дафтар устига “ Безвозмездная помощь” деб ёзиб қўйилган. Сабабларнинг рўйхатига бир назар ташланг-а: Мактаб фонди, синф фонди, кўчат пули, ремонт пули, тозалик учун пул, қулф олиш учун пул, мардикор пули ( мактаб ҳовлисини тозалаш учун мардикор ишлатишади) парда пули. Бир куни уғлим “шахсият “ учун уч минг бериб юборинг, деган хатни кўтариб келди. Сиз ниманидир тушундингизми ўқувчим мен ҳеч нарсани тушунмадим. Пуллик шахсият борасида.

Ўтган йили ўқув йилининг бошида енгил зилзила бўлганини эслайман. Сентябрнинг бошида болалардан “зилзила пули” йиғишди. Эмишки зилзилада мактаб деворлари кўчди, уни қайта таъмир қилиш керак.

Яна қизимни гапиртираман: Тарих фани ўқитувчимиз хомиладор бўлди. Биз саккиз ойу йигирма кун мобайнида у кишига шоколад ташидик. Сабаби у синфга кириб, мен хомиладорман, дўхтирлар қонинг кам, шоколад ейишинг керак дейишмоқда, баҳоларинг яхши бўлишини истасаларинг партани устига бир пачкадан шоколад қўйларинг, дерди. Дарс охирида у 25-30 пачка шоколад билан синфдан чиқиб кетар эди.

Яқинда математика фани ўқитувчимиз ўлиб қолди. Рус миллатига мансуб ёлғиз аёл кекса ойиси билан яшар эди. Биз ўқитувчимизни ўлигини ўликхонадан олиб чиқиш учун тўрт мингдан пул йиғдик.

Ўлик пули ҳам қўшилди… марҳамат истасангиз йиғланг, истасангиз кулинг.

Ўқитувчилар янги одат чиқазишди пул бермаган болани дарс сўнггида сумкаси ҳам қўлига берилмайди. Ота-онасидан кимдир бориб керакли пулни бериб болани портфелини олиб келади. Гаров пули менимча бу…

Болаларим ҳар гал пул сўрар экан Айиқ пули ёдимга тушади.  Айиқ пули ҳақидаям бир эшитиб кўринг-да, жуда мутаносиб бир-бирига

Тарихий манбаларда қайд қилинишича, ишнинг кўзини биладиган бир овчи Қўқон хукмдори Худоёрхонга Қолгандарё тўқайидан тутиб олинган айиқни совға қилади.Ўша пайтда тўй-томошаларда, сайилларда “ айиқ ўйини” расм бўлган эди. Камёб совғага эга бўлган хон эса ҳар куни “ айиқ ўйини”ни томоша қилиш имкониятига эришади.Айиқни сақлаш учун махсус қўтон ажратилиб, уни парвариши учун махсус сайис тайинланади. Тўқимтабиат хукмдор айиқнинг икки оёқлаб лапанглаб юришини кўрган захоти тиззаларига шапатилаб кула бошларди.”Ажаб буни нимаси кўлгили экан?- деб ўйлар эди нафосатдан хабардор одамлар. Жисмоний нуқсондан фақат ахмоқ кулиши мумкин…”

Майли айиқполвоннинг қўпол хатти-ҳаракатларидан хон ҳазратлари тиззаларига шаппатилаб кулиб ўтираверсин.

Шундай қилиб айиқ ҳам хон саройида “тенг ҳуқуқли” текинхўрлар сафидан ўрин олди. Энди уни боқиш керак , семиртириш керак. Айиқ—ит эмас, ювинди ичмайди, хондан оталиққа, оталиқдан бекларбегига, бекларбегидан девонбегига,девонбегидан офтобачига, ундан ботирбошига, сўнг қушбегига ва ниҳоят, қоровулбегига ўтиб ўн еттита оғиздан кейин ғажилавериб қуп-қуруқ устихонга айланган суякка у қайрилиб ҳам қарамайди. Айиқ асал ейди, янги гўшт ейди.  Пархез сақлаб, сув ичиб офтобшувоқда думалаб ётади… Сарой дастурхончисининг боши қотган: нима қилиш керак? Омборда асалдоннинг таги кўриниб қолган, хонга аталган кийиклар ҳам аллақачон айиқ полвоннинг ошқозонида ҳазм бўлиб кетган. Хуллас хазиначи ва довонбеги ичкаридан олий фармонни кўтариб чиқишади. Бу фармонга мувофиқ айиқ пули деб аталган янги солиқ жорий қилинади.

– Халойиқ, эшитмадим деманглар! Мархаматли хон ҳазратлари иноят қилиб, айиқ пули солиғини жорий этдилар! Фармони олий шу бугундан бошлаб кучга киради, ҳо-оо-о!

Қўқон шаҳридаги Ўлкашунослик музейидаги ичига сомон тиқилган қўнғир айиқ тулуми бор. Музей ходими саёхатчиларга” Илгари Қолгандарё тўқайида қўнғир айиқлар истиқомат қилар эди. Афсуски бу айиқлар қирилиб кетган, дея изоҳ беради. Бу изоҳ  айиқ пули ва унга қўшиб ўлик пулини ҳам ёдимга солиб  мени маюс торттиради.

Муаййада Шукур қизи