O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Академик Аҳмадқул Эргашев ҳикояти

Академик Аҳмадқул Эргашев ҳикояти
149 views
09 July 2018 - 8:00

(Суратда: Анвармирзо Ҳусаинов ва Аҳмадқул Эргашев)

Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири

АКАДЕМИК АҲМАДҚУЛ ЭРГАШЕВ ҲИКОЯТИ
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)

Дейдиларки, аввал ақл,
илм-ақл чироғи,
Олим киши Яратганнинг
юлдузидир, маёғи.

Илм азиз бўлган жойда
инсон бахтга ёр бўлар,
Илм қайда абгор эса,
инсон унда хор бўлар…

Юртимизда олимлар кўп,
юксалгандир маърифат,
Аҳмад ака кўз ўнгида
китоб эрур табиат.

Саксон икки ёшида ҳам
шу китобни ўқийди,
Шу китобдан дарсликлару
рисолалар битади.

Унга сирдош ўлкамизнинг
ери, суви, қуёши,
У шуларни ўйлаб гаҳи,
қилар менга кўз ёши…
“Анвармирзо,– дейди, – ётиб
кечалари, ўйласам,
Уйқум учар, адосига
етолмайман, сўйласам…

Тупроғимиз хазинадир,
жавоҳирга чўмилган,
Аммо юз бир ҳавзасида
заҳар-заққум кўмилган.

Йўқ уларни қабр деманг,
юздан ортиқ мозор денг,
Ҳар бириси майдон эрур,
неча гектар ерга тенг.

Яна қандоқ оғулардир!
Айтсанг, бошдан учар ҳуш,
Уран, симоб чиқиндиси,
бутефосу маргимуш…

Юртимизда мерос улар
тоталитар замондан,
Қамал қилиб турар бизни
гўё ҳамма томондан.

Аждаҳодек ер остида
бири писиб ётибти,
Қатлам-қатлам тупроқ аро
униб-ўсиб ётибти.

Тупроқ аро ётса ҳамки,
тошлар узра муаллақ,
Самарқанду Бухорода
бошлар узра муаллақ.

Бири Сурхон водийсини
мўлжал олиб турибти,
Бири Тошкент денгизига
таҳдид солиб турибти

Ёмғир ювиб, очилса йўл,
юз бергуси ҳалокат,
Қандай қўрқинч офат бўлур,
қандай мудҳиш фалокат!..

Амалдорлар бу тўғрида
ўйламайди унча ҳам…”
Мен дейманки, чораси бор,
чекаверманг мунча ғам.

Алломага таскин бериб,
ўзим ғамга ботаман,
Узун тунлар тўшагимда
қайғу чекиб ётаман.

Авлод ўсар бойликка ўч,
китобга йўқ рағбати,
Наҳот бир кун давлат бўлур
илмсизлар давлати?

Жоиз эди олим агар
борса деҳқон қошига,
Нега энди ҳоким билан
миршаб борар бошига?

Яна дейман: ўткинчидир
бу савдолар барчаси,
Бу ўлканинг чинори бор,
ўриги бор, арчаси…

Миллий-ақлий заҳирада
ҳали қанча қувват бор,
Яна қўлни қўлга бергай
ақл ила иқтидор.

Бир жамғарма, фонд тузамиз,
билимдонлар қўллашар,
Ўзбекларнинг саховатли
бойлари бор, қарашар.

Авлодларга биздан қолар
тиниқ, тоза табиат,
Яна китоб азиз бўлар,
подшо бўлар маърифат.

Ўзанидан оқар илм,
тошиб дарё мисоли,
Академик Эргашевлар
бунинг тирик тимсоли…

Академик Аҳмадқул Эргашев ҳикояти
Аллома Аҳмадқул Эргашев таржимаи ҳолига чизгилар

Аҳмадқул Эргашев 1932 йилда Қозоғистоннинг Чимкент вилояти, Сайрам райони машҳур 55 олим, 11 фан доктори ва 8 академик вояга етган Қорамурт азалдан ўзбеклар яшайдиган қишлоғида туғилди. Олим ўзининг кичик ватани, унинг одамлари, тарихи ва бугунги куни ҳақида “Мен Қорамурт фарзандиман” деган китобида фахрланиб ҳикоя қилади.

Олимнинг 1950 йилдан кейинги ҳаёти ва илмий меҳнат фаолияти Тошкент шаҳри билан боғлиқ. У киши Ўрта Осиё Давлат Университети (бугунги Ўзбекистон Миллий Университети) биология факултетини тугатган. Шу ерда биология фанлари номзоди ва доктори илмий даражалари учун десертациялар ёқлаган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Фанлар Академияси биология илмий-таъдиқот институтида илмий ҳодим, лабаратория раҳбари бўлиб ишлаган. Олим сув ҳавзалари жумладан Амударё ва Сирдарё экологик ҳолати, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига доир 400 дан ортиқ илмий тадиқотлар ўтказган. Бу икки дарёни Аҳмадқул ака Ҳиндистон ва Тянь-шан тоғларидан то минтақамизгача пою-пиёда босиб ўтиб, ҳар бир қаричининг биологик ҳолатига баҳо берган. Бу ҳақда республика, иттифоқ ва ҳалқаро илмий анжуманларда маърузалар қилган, матбуотда мақолалар эълон қилган. Шу туфайли Ўзбекистон, Ўрта Осиё, Қозоқстон ва Россия илмий доираларида катта обрў-эътибор қозонган алломадир. Аҳмадқул ака Халқаро инсон ва табиат хавфсизлиги фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.

Аҳмадқул Эргашев ўтган асрнинг 90 – йиллари бошида Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика Университетининг энг эътиборли профессор-ўқитувчиларидан бири эди. Эндигина 60 ёшга қадам қўйган жисмонан, ақлан ва руҳан йигитлардек тетик профессор Ўзбекистоннинг қутлуғ мустақиллигини ва шу туфайли пайдо бўлган илмий – ижодий эркинлигини катта қувонч билан кутиб олган эди. Табиатан ташаббускор ва ватанпарвар фуқаро бўлган олим, шўролар тузуми даврида ният қилган аммо амалга ошира олмаган орзусини рўёбга чиқаришга шахдам киришди. Мамлакатимизда биринчи бўлиб Тошкенда Низомий номидаги педагогика университетида экология кафедрасини очди ва ўзбек, рус тилларида дастлабки экология фани асослари дарслигини яратди. Завқу шавқ билан экология фанидан ўрта мактаблар, лицейлар, коллежлар ва олийгоҳларда ушбу янги фандан дарс берувчи ўқитувчиларни ўқув-қўлланмалари-дарсликлар билан таъминлашга, уларни малакасини ошириш учун таълим беришга киришди. Бироқ бу бахтли давр узоқ давом этмади. 1992 йилги ёзги таътилдан қайтган профессор Эргашев қадрдон олийгоҳини маънавий ва ташкилий ночор ҳолга тушганига гувоҳ бўлди. Олийгоҳ талабалари мамлакат раҳбарига ўз ўқув юртларида профессор-ўқитувчилар орасида таъмагирлик ва порахўрлик касали кенг тарқалгани ҳақида коллектив шикоят хати ёзиб, аҳволни яхшилашга ёрдам сўрашганди.Республикада етакчи педагогика олийгоҳида жиноятчиликни йўқотиш ва маънавиятни соғломлаштириш борасида кескин чоралар кўрилмоқда эди. Ўнлаб ўқитувчилар, амалдорлар қамоққа олинган, ундан ҳам кўпроғи ишдан бўшатилган эди.

Янги ректор унинг ҳузурига кирган профессор Эргашевни талабаларнинг норозилик хати нусхаси билан таништирди. Унда барча таъмагир ўқитувчилар исми- шарифи номма-ном берилган эди. “Сиз бу рўйхатда йўқсиз, талабалар билан учрашувда сизни ҳалол ва талабчан домла деб ижобий баҳо беришди. Марҳамат, меҳнат фаолиятингизни давом эттиринг” – деди ректор. Аммо ориятли инсон Аҳмадқул домла олийгоҳ раҳбарининг таклифига кўнмади. “Минг афсусларким мен севган, фахрланган олийгоҳнинг юзи қаро бўлди. Бу ишда шахсан менинг иштироким йўқ, бироқ ушбу уятли, ачинарли аҳволни олдини олишга етарли ҳаракат қилмаганман. Шунинг учун талабалар ва ўқитувчиларни юзига қарашга уяламан.” деб ўқитувчиликдан ва кафедра мудирлигидан озод қилишни сўраб ариза топширди. Ҳалол инсон ва олим сифатида академик Эргашев ўз-ўзини шундай қаттиқ жазолади. Олийгоҳдаги иссиқ ўрни ва юқори лавозимидан виждон амри билан кетди. Ватаним, ҳалқим деб ёниб яшайдиган инсон тез орада жамиятдаги ва илм дунёсидаги фойдали ўрнини топди. У бутун ақлий ва илмий салоҳиятини мактаблар, лицейлар, коллежлар, олийгоҳлар, ҳалқ хўжалигининг турли соҳалари раҳбарлари ва мутахассислари учун экология фанининг турли қирралари бўйича дарсликлар яратишга сарф этди. Ўтган йилларда забардаст олим 23 дарслик ва 200 дан ортиқ рисолалар, мақолалар ёзди.

Шу ўринда Эргашевлар хонадонининг ажойиб бир фазилати ҳақида гапириш лозим. Экология фани бўйича дарсликлар ва рисолалар жамият, халқ ва айниқса ёшлар учун ниҳоятда зарур бўлса-да, уларни нашр қилиш ва элга етказишга ҳеч бир нашриёт шошилмасди. Шундай мураккаб шароитда олим Аҳмадқул акага ўғли Темур ёрдамга келди. У, Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш идораси олдидаги жамоатчилик жамғармасини бошқарар эди.Бахтимизга олим ота ва олим-тадбиркор ўғилни халқимизга сув ва ҳаводек зарур дарсликлар ва қўлланмаларни тайёрлаш ва нашр қилиш борасида ҳамкорлиги ва ҳаммуаллифлиги бошланди. Ёш олим Темур отасига чин маънода ҳаммуаллиф бўлди. Китоблардаги статистика, илмий ахборотлар, фото ҳужжатлар, ҳукумат қарорлари ва қонунлар шарҳларини айнан у тайёрлаган. Миллатимиз тарихида ниҳоятда оз учрайдиган ота-ўғил самарали, ижодий-илмий ҳамкорлиги ва ҳаммуаллифлиги чорак аср давом этди.

Темур Эргашевнинг табиат муҳофазаси борасидаги илмий ва амалий фаолияти Ўзбекистонда ва хорижларда ҳам кенг эътироф этилди. Темур Эргашев 2013 йилда МАНЭБ – Халқаро инсон ва табиат экологияси хавфсизлиги фанлар академияси мухбир аъзолигига сайланди.

Академиклар Аҳмадқул ва Темур Эргашевларнинг ҳаёти, олимлик ва табиат ҳимоячиси сифатидаги самарали амалий фаолияти, фаол фуқаролик ибрати уларни ватанимиз янги тарихининг чин қаҳрамонлари деб аташга арзийди.

…Бугунги кунда ҳам фанимиз фахрийларидан бири бўлмиш Ахмадқул ака фаол ҳаракатда. Устоз олим ва ул зотнинг фарзанди аржуманди Темур Эргашев ва мен, ҳамкорликда “Орол денгизи тарихи, бугунги экологик аҳволи ва келажагига оптимистик назар” деган қомусий асар нашрга тайёр.

Табиатимиз саломатлигининг жонкуярлари Аҳмадқул ва Темур Эргашевларнинг орзулари чексиз. Шўролар замонидан юртимизга шум меърос бўлиб қолган саноат ва кимё заҳарли чиқиндилари кўмилган жойлар (гўрлари ва мозорларини) йўқотиш жамғармасини тузиш ниятидалар. Иншооллоҳ, бу эзгу мақсадга ҳам биргаликда эришамиз.

Анвармирзо Ҳусаинов – МАНЭБ – Халқаро инсон ва табиат экологияси хавфсизлиги фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, Муфтий Бобохоновлар тарихи кўргазмаси жамоатчилик кенгаши раиси.

facebook.com