O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Академик” Р. Абдуллаев “шарҳ”ларига жавоб

“Академик” Р. Абдуллаев “шарҳ”ларига жавоб
21 views
03 September 2013 - 15:24

Ёш шоир Ҳасан Ғойибнинг қуйидаги мақоласи минтакамизда Каримов диктатурасининг югурдаклари бўлмиш сохта “академиклар” тарафидан оловлантирилаётган миллатараро фитнага қарши бир ёш зиёлимизнинг исёнидир. Икки қардош халқ – ўзбек ва тожик тарихининг муштараклигини эслатиш бугун энг долзарб мавзудир 

(Редакция)

Биринчи жавоб

Ҳурматли Рустам ака!

Менинг ушбу фикрларимни ёзишимга сизнинг қуйидаги шарҳингиз бўлди:

“Рустамжон написали: Ҳасанбой! Шерингиз (?)Тожикистонлик, адашиб ўзларини “тожик” деб атаб юрувчи форсийзабон ўзбекларга боп бўлибди”.
Шарҳни ўқиб аввалига ҳайрон бўлдим. Чунки ушбу шеърда аксинча, икки халқни бирлашишга чорловчи фикрлар мавжуд. Буни дўстларимиз ё…зган шарҳлардан ҳам англаш мумкин. Сизнинг ушбу шарҳингиз ҳам ёзган мақолаларингизга уйғун эди.
Бирдан ўзимга савол бердим: Шундай ўқимишли олимнинг ушбу мақолаларни ёзишдан мақсади нима?
Бу шов-шувли мақолалар билан муаллиф кимнинг тегирмонига сув қуймоқчи?
Шундай ҳам мураккаб бир вазият ҳукмрон бўлган, сиёсий-иқтисодий муаммолари ўз ечимини кутаётган Марказий Осиёдаги вазиятни таранглашувидан ким манфаатдор?

Ростини айтишим керак, шу кунларда сизнинг ёзган мақолаларингиз катта баҳсу мунозараларга сабаб бўляпти. Марказий нашрияларнинг деярли ҳаммаси сизга жавоблар билан тўлиб тошган.

Шу билан биргаликда айтиш жоизки, сизнинг баъзи фикрларингиз тўғри, аммо, баҳсталаб ўринлари ҳам йўқ эмас. Буни ўзингиз яхши биласиз. Агар билмасангиз, бу фактлар сизга ёзилган жавобларда акс этган деб ўйлайман. Мен тарихчи эмасман. Аммо менимча бир тарихий ҲАҚИҚАТдан сира кўз юмиб бўлмайди. Бу ҳам бўлса -ТОЖИК ТИЛИ асрлар давомида Марказий Осиёда ДАВЛАТ тили бўлиб келган-бу тарихий факт.
Қуйида 2011- йилда ёзилган бир шеъримни келтириш ўринлидек туюляпти:
Тожик тили хақида
Дунёда тиллар кўп гўзал ва жозиб
Барчасин ўрганмоқ эрур ноимкон.
Гўзал сатрларни битсинлар дея
Шу тилни яратган Холиқи жаҳон.

Ҳатто Пайғамбар(с.а.в.) ҳам айтишларича
Тожикча лисонда «ду, ду»* деганлар.
Ўзининг улуғвор салтанатини
Шу тилда бошқарган не жаҳонгирлар.…

Канча шоҳ асарлар нақшланмишдир
Шу тилда тарихнинг китобларига.
Ҳофиз ғазаллари илҳом бермишдир
Донишманд Гётенинг шоҳбайтларига!

Озод жаранглайди бугун Ватанда,
Унинг садосидан хушдир ҳар оним.
Ғойиб чин юракдан таманно айтар:
«Оянданг бор бўлсин қутлуғ забоним.»
30.09.2011 йил 16.40.

Қуйидаги фикрларимни эса аввалроқ, “Икки тилли бир миллат” номли мақоламда ёзган эдим. Ўша мақоламдан иқтибослар келтираман, чунки ушбу фикрлар бугун ҳам менинг нуқтаи назаримни ифодалайди:

“Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак азалдан тожик ва ўзбек халқлари дўсту биродар бўлиб яшаб келишган. Мавлоно Румий ҳазратларининг “Ширу шакар” ғазалларини ўқиган одам бунга амин бўлади. (Мавлононинг бир ғазалларига банда мухаммас боғлаганман). Ёки ҳазрати Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг ўзлари Алишер Навоий бобомизни турк тилида ижод қилишга ҳидоят килганлар. Худога минг шукрким, ҳозирда ҳам динимиз, мазҳабимиз, дилимиз, қолаверса урфу одатларимиз бир бир бўлган халқмиз! Ватанни танламайдилар дейдилар, мен Тожикистонда туғилиб вояга етганимдан, шу жафокаш ва маърифатли халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаётганимдан ҳамиша ифтихордаман. Тожиклар ҳам Ўрта Осиёда қадимдан яшаб келишган.
Тожик халқи хақида Узбекистоннинг забардаст шоири шодравон Асқар Маҳкам «Оқ китоб»ида шундай ёзади:
«Тожиклар дунёнинг энг донишманд, баланд маданиятли, иймон-инсофда тенги йўқ, шеърдўст ва хоксор халқ. Тожиклар эхтимол мусулмон деб аталмиш Иброҳим миллатининг бугунги кунгача сақланиб қолган асл қатлами. Бу халқ тарих давомида ақалли бир ҳафта бўлсин ёруғ кун кўрган эмас. Бу ерлардан ўтиб кетган ҳар қандай йўлчи, ҳоҳ қўлда қуроли бўлсин, ҳоҳ харита ушлаган бўлсин, бу халқни албатта эзғилаб, тупроққа қориб ўтган. Хар тўрт томондан тоғу тошлар ва асосан, туркий халқлар билан қуршалган тожиклар жисман қул бўлсаларда, маънан Осиёнинг МУРШИДИ бўлганлар. Туркий халқлар ялпи ана шу мазлум ва бенаволарга қўл берганлар, мурид тутинганлар. Албатта, қулоғим остида бир неча бадбахт ва нодоннинг маломати шундоқ янграб турибди, аммо, начора, ҳақиқат шу!»
«ОҚ КИТОБ».
Фикрларимизни жонли бўлиши учун Рус шарқшуноси А. Шишковнинг 1910-йилда тожиклар хақида ёзган сўзларини келтираман: «Дар таърихномаи соли 122- то мавлуди Исо давлати точикон ёдовар гардидааст, дар таърихи Геродот ёдаш омадааст. Сар аз замони арабҳо дар саёхатномаҳо зикр намешавад. Танҳо дар замони Темуриҳо ин калима эҳё мешавад ва истифодаи пуррааш аз нимаи дуюми карни XVII огоз меёбад» (Иқтибос аз китоби Устод Иброҳим Усмон «Марди замон» гирифта шудааст).
Таржимаси: «Исо пайғамбар таваллудидан олдинги 122-йил тарихномасида, Геродот тарихида тожиклар номи келган. Араблар ҳукмронлиги замонида саёҳатномаларда тожик номи зикр қилинмайди. Фақат Темурийлар (!) замонида бу калима қайта тикланади ва XVII-аср иккинчи ярмидан тожик калимаси тўлиқ қўлланила бошлайди». (Иқтибослар Устоз Иброҳим Усмоннинг «Замон фарзанди» китобидан олинди).
Мусулмончиликда барча Иброҳим халилуллоҳ миллатидан, Муҳаммад с.а.в. умматидан ҳисобланади.
Шу ерда яна иккита мисолни келтириб ўтмоқни лозим кўряпман.
1-мисол. «Абу Ҳурайрадан (р.а) ривоят қилинган бир ҳадисда : «Илм Сурайё юлдузида бўлса ҳам, уни форс кишилари олажак» дея марҳамат қилинган. Имом Суютий айтадиларки : «Бу ҳадиснинг асли саҳиҳдир. Унда Абу Ҳанифага ишора бор»».
2-мисол. «Аҳли суннатнинг икки имоми бор. Битталари ҳазрати шайх Абу Мансур Мотуридийдир. У киши Самарқандга яқин бўлган Мотурид мулкидан бўлган бир туркий олимдир. Иккинчилари эса ҳазрати шайх Абу-Ҳасан ал-Ашъарийдир.
Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақидасига асослангандир». (“Аҳли суннат вал-жамоат ақидаси» китоби ).
Биз юқорида айтганимиздек, Иброҳим ҳалилуллоҳ миллатидан, Муҳаммад с.а.в. умматидан эканмиз, алҳамдулуллоҳ шундаймиз;
-барчамиз аҳли суннат вал жамоатнинг Ҳанафия мазҳабидан эканмиз, яъниким Имомимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бўлсалар, демакки, тожик халқи билан динимиз бир, миллатимиз бир, мазҳабимиз бир, қадимдан бир маконда, бир хил шароитда яшаб келаётган бўлсак, Оллоҳнинг ўзи бизни тақдирдош қилиб яратган экан, нега энди биз бировларнинг иғвосига учиб, сену менга боришимиз керак? Бугунги иқтисодий бўҳронлар ҳам ўтиб кетади. Бизнинг аждодларимиз ҳеч қачон бир-бирига мушт ўқталмаган. Аксинча, уларда ҳамиша бағрикенглик, раҳму шафқат туйғулари устувор бўлган. Бугунги кунда ҳам «Мўъмин-мўъминнинг биродари»деган ақидага риоя қилиб, икки халқ ўртасидаги биродарлик, дўстлик ришталарини янада мустаҳкам боғлашимиз даркор.
Даврлар ўтаверади, лекин иймоним комилки, эту тирноқ бўлган икки халқни ҳеч қандай куч ажрата олмайди!” (“Икки тилли бир миллат” 13.04-24.04.2013-йил).

Иккинчи жавоб

Ҳурматли Рустам ака!
Сизнинг Исмат Хушевнинг сайти хақида билдирган фикрларингизга жавобимда шундай фикрларни ёзган эдим. Ушбу жавобда аҳилликка, бирдамликка чорловчи фикрларим баён этилгани учун шу жойда келтиришни лозим топдим:

Рустамжон Абдуллаев:” Ҳасан Ғойиб, ука! Мен шахсан сизга сира қўшила олмайман. Чунки “Дунё ўзбеклари” деган сайт – бу барча ўзбекларнинг сайти эмас, балки Канадада муҳожирликда яшайдиган Исмат Ҳушев деган журналистнинг ҳусусий сайти ҳолос. Тўғри, хозир бу сайтни, Исмат Ҳушевнинг ўзи ёзиши бўйича, 120 дан зиёд мамлакатларда яшаётган ўзбеклар кириб ўқишяпти экан. Лекин шуни айтишим мумкинки, мен Ўзбекистонда шу йилнинг апрел ойида давлат рўйхатидан ўтказиш орқали очиб, рахбарлик қилаётган сайтга 140 дан зиёд мамлакатлардан хар ҳил миллатларга мансуб одамлар кириб, уни ўқишаётган бўлса ҳам, мен уларни байроқларини сайтимга жойлаштирганим ҳам, бу билан ҳеч кимга мақтанаётганим ҳам йўқ. Айтмоқчиманки, сиз ҳали бизга нисбатан ёш бўлганлигингиз учун, соддалик қилиб ўзбек халқининг маданий ва манавий бойлиги билан, унинг бир вакили мулкини чалкаштирипсиз, деган фикирдаман. Албатта сиз ўз нуқтаи назарингизда қолишингиз мумкин, чунки ихтиёр сизда… (Шу гапингиз учун рахмат!) Буни устига мен бу фикирларни Исмат Ҳушев ёки уни сайтини ёмонлаш учун эмас, балки иқтисодчи сифатида “Дунё ўзбеклари” сайтининг мавқеи иқтисодий нуқтаи назардан қандайлигини сизга тушунтириш учунгина айтяпман ҳолос. Омон бўлинг.”

Бу эса менинг жавобим: “”Буни устига мен бу фикирларни Исмат Ҳушев ёки уни сайтини ёмонлаш учун эмас, балки” (Р.А.) -Жуда туғри фикр! Яхши тарафини олинг,ёмон тарафини худога ҳавола қилинг! Мутлоқ Хақ- Оллоҳнинг ўзи. “Беайб Парвардигор” деган мақол хам бор халқимизда. Беш кунлик дунёда муроса қилиб яшашга нима етсин! “Мо барои васл кардан омадем, на барои фасл кардан омадем”деб айтганлар Мавлоно Румий. “Бўлинганни бўри ер”дейди доно халқимиз. Буни хаётимизда кўриб турибмиз. Умр эса югурик. Ким киму аммо ўзини зиёли ҳисоблаган инсоннинг нияти, ҳар бир сўзи, ҳаракати инсонларни ТАФРИҚАга эмас, БИРДАМЛИКка чорлагани афзал. Шахсан менинг ўз олдимга кўйган миссиям хам, устозларимнинг менга қилган насиҳатлари хам шунақа. Саломат бўлинг”.

Ушбу фикрларга бир нарсани қўшимча қилмокчиман. Муҳожиратдаги журналист Исмат Хушевнинг сиздан фарқи шундаки, у кишининг шахсий мулки бўлмиш “Дунё ўзбеклари” сайти бутун дунёдаги ўзбекларнинг минбарига айланиб бормоқда.
Агар ҳар бир миллат вакили ўз иқтидори, мулки ёки сармояси билан миллатга, унинг бирлашувига хизмат қилганда эди, (бу ерда яна “айбдор” Исмат Хушев бизга ўрнак бўлиб турибди), нур устига аъло нур бўлар эди.
Чунки “Беайб Парвардигор”, инсон эса яшар экан, у-ҳаракатдадир. Ҳаракатда экан у албатта хато қилади.
Мана шу қилган хатолари унга оқ-қорани ажратиб олишга ёрдам беради. Чунки бандаси учун Тавба эшиги ҳамиша очиқдир.
Оллоҳ кўнгилларимиздаги ўзгаришларни кўргувчи ва билгувчидир.
Биз қанчалик ёмонламайлик(ғийбатдан асрасин), агар Оллоҳ авф этса, аксинча, тавбаси қабул бўлган одамнинг гуноҳларини ҳам савобга айлантириб қуйиши ҳеч гапмас. Бу менинг шахсий фикрим.

Ўз фикрларимни 2012-йилда ёзилган “Исмат Хушевнинг “Дунё Ўзбеклари” интернет газетаси ҳақида” деган мақоламда ёзган эдим. Ушбу мақолани шу ерда тўлалигича келтираман:

“Журналист Исмат Хушевнинг «Дунё ўзбеклари»
мустақил интернет газетаси ҳақида”

Менинг назаримда бугунги кунда ушбу газета учта муҳим талабга жавоб бера олади.
Биринчи талаб газета мустақиллиги. Иккинчи талаб воқеъликнинг ҳаққоний тасвири. Учинчи талаб касбий маҳорат, яъни профессионализм.
Газетанинг яна бир ютуғи унда фикр эркинлигининг мавжудлиги.
Баъзи нашриялар воқеъликка бир томонлама ёндошадиган бугунги кунда бу жуда хам муҳим. Ушбу газета орқали дунёда бўлаётган воқеа, ҳодисалардан ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, газета саҳифаларида ўзбек ва жаҳон адабиётига оид энг сара асарларнинг чоп этилиши ҳам ўқувчиларнинг маънавий оламининг бойишига хизмат этмоқда. Маънавияти бой одам ўзлигини англайди. «Ўзлигини англаган Яратганни англайди» дейдилар машойихлар. Яратганни англаган одам ўзининг дунёга нима учун келгани, тангрининг оламни яратишдан мақсади одам, яъни унинг ўзи эканлигин теран англаб етади.
Ушбу ҳақиқатни англаган одам Мавлоно Жалолиддин Румий хазратларининг «Мо барои васл кардан омадем, На барои фасл кардан омадем» деган машҳур сатрларининг маъносини тушуниб етиши шубҳасиз.
Машҳур ҳинд мутаффакури Робиндранат Тахурнинг «Инсонларнинг қалбини битта қилиб боғлаш адабиётнинг қўлидан келади. Адабиётнинг вазифаси-ҳаммани бирлаштириб, ҳамжиҳат қилиш» деган ҳикматли сўзлари бор.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак Исмат Хушевнинг «Дунё узбеклари» мустақил интернет-газетаси дунёнинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган миллат вакилларини ҳамжиҳатликка даъват қилар экан, албатта донишмандларимизнинг панду насиҳатларини амалда тадбиқ этишга интилиш ҳаракатидадир.
Мен Исмат Хушевга ушбу шарафли ҳамда масъулиятли ишида улкан зафарлар тилайман.
2012йил.

Менинг сизга айтмоқчи бўлганларим шу фикрлардан иборат эди. Агар бирор ножўя сўз айтиб билмасдан сизни ранжитган бўлсам узримни қабул қилинг!
Худо барчамизга ИНСОФ берсин!
Одам фарзандларига билиб билмай зарар келтиришдан, кўнгилларини ранжитишдан паноҳ берсин!
Чунки, инсонларнинг кўнгли улар қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъий назар-Хақ таолонинг назаргоҳидир!
Парвардигор барча мўъминлар қаторида бизларга ҳам кўнгилларимизни турли шубҳа гумон, исёнлардан, одамларни тафриқага чорловчи фикру амаллардан ПОК тутишни насиб этсин! Сизга ҳурмат билан укангиз

Ҳасан Ғойиб

16.08.2013-йил.

www.dunyouzbeklari.com