ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)
АКАДЕМИК ЭРКИН ЮСУПОВГА МАКТУБ
Қадрли Эркин ака!
Афсуски, бугунги миш-мишлар, хусусан, “Совет Ўзбекистони”даги “иккитиллик масаласига” оид мақолангиз ва телевидениедаги сўнгги чиқишингиз атрофидаги гаплар Сизнинг ҳам, ўзбек зиёлиларининг ҳам обрўсига яхши бўлмаяпти.
Сиз тил бўйича комиссия раисидирсиз. Эҳтимол, бу комиссия хулосаси жумҳурият фикри бўлиб қарор шаклига кирар.
Масъулият катта. Тилимиз давлат тили бўлиши шарт. Бу “бир ҳовуч зиёлилар” истаги эмас, балки бутун халқнинг орзу-армони.
Буни ўзингиз жуда яхши биласиз. Бас, шундай экан, биз халқ тарафда турмасак, ким туради?.. Сиздан илтимос ва илтижомиз шуки, тилимиз билан дилимизни бир қилайлик.
Бугун биз тарихий воқеа бўсағасида турган бўлишимиз мумкин. Мансаб, обрў, раҳбарлик ўтиб кетади. Аммо халқимиз, тилимиз, ватанимиз қолади. Бизни фарзандларимиз қарғаб юрмасин.
Бугунги ҳисобга кўра, Ўзбекистонда 72 фойиз ўзбеклар, 13 фойиз рус тилида гапирувчилар, 4 фойиз тожиклар (қолганлари туркий халқ вакиллари) яшайдилар.
Биз ўзбек тилини билмайдиган 13 фойиз учун ўз тилимизни қурбон қила олмаймиз. Агар бу “фойиз” 25 ёки 40 бўлганда ҳам биз ўз тилимизнинг ўз еримизда давлат тили бўлишини истаган бўлардик. Чунки, акс ҳолда, ўша Сиз доим таъкидлаётган байналмилалчилик тушунчасининг бир чақалик қадри бўлмас эди.
Борди-ю, Сиз бошқараётган комиссия вазифасини адо этолмаса ёки адо этишни хоҳламаса, жамоат ўз тилини ҳимоя қилишга тайёр.
Ишонинг, у ўз ҳуқуқини қатъий талаб этажак. Бизнинг Ёзувчилар уюшмасига келаётган хатлар шундан дарак бериб турибди.
Сизга соғлиқ тилаб, Сиздан умид қилиб, укангиз Муҳаммад Солиҳ.
P.S. Тазйиқ факат сизга эмас, ҳаммага ўтказилаяпти. Аммо бу ўзимизни оқлаш учун ҳуқуқ бермайди. Мен Сизга ўзимни яқин ўйлаб, шу гапларни ёзишга ҳаддим сиғди. Йўқса, Сизнинг қимматли вақтингиз олиб ўтирмас эдим. Афу этинг.
12.01.1989
(31)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (151-152-саҳифалар.)