Америкада ишланган аксилисломий мазмундаги фильм юзасидан Миср, Тунис ва Яманда кузатилаётган зўравон намойишлар манзарасида Ислом Олимлари халқаро уюшмаси дунё мусулмонларини исломий ахлоқларга риоя этишга чақириб чиққан.
Норозиликларга сабаб бўлаётган “Мусулмонларнинг соддадиллиги” номли фильмнинг 53 ёшли АҚШ фуқароси Сэм Бэсил томонидан тасвирга олингани, фильмни тарқатган эса, мисрлик насроний-қиптий муҳожир экани айтилмоқда.
Аммо, сўнгги тафсилотлардан аён бўлишича, унда тушган актёрлар фильмдан бу йўлда фойдаланиш ниятида бўлинганидан бехабар бўлганликларини айтишган.
Калифорниялик қиптий насроний эса, фильмни яратиш жараёнида ўзининг бирор бир иштироки йўқлигини баён қилган.
Бугун Миср пойтахти Қоҳирада фильм Ислом динини мазах қилганини айтган оломон ва полиция кучлари ўртасида зўравон тўқнашувлар келиб чиққан.
Тунисда эса, бир неча соатлик тинч намойишлардан сўнг, одамлар АҚШ элчилигига бостириб киришган. Яманда ҳам худди шундай ҳолат юз берган.
Нато эса, Афғонистондаги кучларини эҳтимолий зўравонликлар хавфидан огоҳлантирган.
Кеча Ливияда айни шу фильм устидан келиб чиққан зўравонликлар АҚШ элчисининг ўлими билан якун топганди.
Бугун дунёнинг қатор мусулмонлари давлатлари аксилисломий мазмунда экани айтилаётган ушбу фильмни қоралаб чиқишган.
Жумладан, Ислом Олимлари уюшмаси раҳбари Юсуф Қарзовийнинг айтишича, аксилисломий мазмундаги фильмни сўз эркинлиги билан оқлаб бўлмайди.
Унга кўра, бу – ислом сиймоларини қоралаш орқали мусулмонлар хуқуқларини поймол қилишдир.
Қарзовий ҳазратлари бутун исломий ташкилотларни ушбу фильмга алоқаси бўлган ҳар бир шахсни қонуний жавобгарликка тортиш учун уларга қарши тегишли идораларга даъво аризаларини топширишга ҳам чақирган.
BBC радиосида ЎХҲ Муассислар мажлиси аъзоси Намоз Нормўмин ва собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев давра суҳбатида қатнашиб, энг аввало мусулмонларнинг бу қабила хатти-ҳаракатларига муносабатларини билдирдилар.
[soundcloud id=’59714031′]