12 феврал куни ўтган президентлик сайловларида 97 фоиздан кўпроқ овоз олган 54 ёшли жаноб Бердимуҳамедов бир оёғида тиз чўкиб, туркман байроғини ўпган ва мамлакатда кўппартиявийлик тизимини жорий этишга ваъда берган. Мухбирлар унинг 2007 йилдаги маросимдан фарқли ўлароқ, марҳум Президент Сапармурот Ниёзов номини тилга олмагани ва “Руҳнома” билан қасам ичмаганига эътибор қаратишган. Швецияда яшаётган туркманистонлик таниқли журналист ва адиб Ак Велсапарнинг айтишича, жаноб Бердимуҳамедовнинг ваъдалари билан Туркманистондаги ҳақиқий воқеълик ўртасидаги жарлик жуда катта.
Велсапар: Менимча, Бердимуҳамедов ўзининг берган ваъдасини мажбурият сифатида қабул қиладиган босқичдан ўтди. У ҳозиргача уч марта Туркманистонда кўппартиявийлик тизимини жорий этишга ваъда берди, аммо учаласида ҳам қуруқ ваъдадан нарига ўтгани йўқ. Қўрқаманки, Бердимуҳамедов Туркманбошининг изидан бориб, ҳеч қачон мамлакатда кўппартиявийлик тизимини жорий этмайди.
Би-би-си: Аммо ижобий ўзгаришлар ҳам бор, масалан, “Президент сайловлари тўғрисида” ва яқинда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Жаноб Бердимуҳамедов ойларнинг номини қайта тиклагани ва нафақаларни қайта тўлашни йўлга қўйгани Туркманистон аҳолиси учун муҳим ўзгаришлар. Шундай эмасми?
Велсапар: Ҳа, буларнинг ҳаммаси тўғри. Аммо бир ўйлаб кўрайлик, унинг ой ва ҳафта номларини ўзгартирмасдан бошқа иложиси бормиди? Ёки нафақахўрларга нафақаларини қайта тикламаса бўлармиди?. Бу ҳолатда у узоғи билан икки йилда ижтимоий ҳалокат ёқасига келиб қолган бўлар эди. Аслида у Туркманистонда фавқулодда бир ўзгариш ясагани йўқ. Фақат Туркманбошидан аввал мавжуд бўлган одатий тартибни жойига қўйди, холос. Унинг ўзида эса ҳеч қандай сиёсий ташаббус кўрингани йўқ. Буларнинг ҳаммаси ташқаридан қараганда барқарорлик бўлиб кўринадиган ҳолатни сақлаб туриш учун қилинган “косметик” ўзгаришлар, холос. Мақсад диктатуранинг умрини узайтириш.
Би-би-си: Бугунги инаугурация жараёнини ёритган журналистлар жаноб Бердимуҳамедовнинг “Руҳномани” ушлаб, Туркманбошига садоқат ҳақида қасамёд қилмаганига эътибор қаратишган. Бу сизнингча нимани англатади?
Велсапар: Бу фақат Бердимуҳамедов эндиликда ўзини Туркманбошининг ўқувчиси эмас, балки ундан ҳам муносиброқ Президент сифатида кўраётганини англатади. У ўзини туркманларнинг энг севимли доҳийси бўлишга лойиқ, деб ҳисоблайди. Аммо у ваъда қилган ва туркманлар узоқ вақтдан буён кутаётган ислоҳотлар Бердимуҳамедовнинг иккинчи президентлик муддатида ҳам амалга ошмайди.
Би-би-си: Сиёсий ислоҳотларни бир четга қўйиб турсак, иқтисодий соҳада баъзи ўзгаришлар борми? Масалан, қўшни ўзбекистонликлар учун Туркманистонда газ ва электрнинг текинлиги, бензиннинг арзонлиги жуда катта ижтимоий имтиёз бўлиб кўриниши мумкин. Умуман, туркманларнинг бугунги ҳаёт даражаси ҳақида нима биламиз?
Велсапар: Туркманистон ёпиқ мамлакат, шунинг учун биз халқ беш-ўн йил аввалгидан кўра яхшироқ яшаяптими ёки ёмонроқми, билмаймиз. Ташқаридан қарасангиз ва ё баъзи одамларнинг гап-сўзларига ишонадиган бўлсак, ҳаёт беш – ўн йил олдингига қараганда бир қадар яхшиланган. Дейлик, Ашхободда ўрта табақа пайдо бўлганининг баъзи белгилари бор. Аммо бу фақат Ашхободдами, бошқа минтақаларда ҳаёт қандай, билмаймиз. Аммо аниқ биламизки, Туркманистонда жўяли иқтисодий ислоҳотлар ҳам амалга оширилгани йўқ.
Би-би-си: Айрим туркман мухолифатчилари Араб баҳори эртами, кечми, Туркманистонга ҳам етиб боради, деб ишонишади. Бу сизга ҳаддан ташқари умидбахш башоратдек туюлмайдими?
Велсапар: Мен Араб баҳори Туркманистон, Ўзбекистон ва бутун минтақага таъсир кўрсатиши муқаррар, деган фикрга қўшиламан. Менинг назаримда Бердимуҳамедовнинг ҳам, Каримовнинг ҳам диктатураларининг умри тугаб бормоқда. Эҳтимол, беш-саккиз йилдан кейин Ўзбекистонда ҳам, Туркманистонда ҳам диктатура бўлмайди. Воқеаларнинг айнан қандай ривожланишини ҳозирдан башорат қилиш қийин. Чунки Туркманистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам мухолифат, афсуски, жуда заиф. Бу эса Каримов ва Бердимуҳамедовларнинг тузуми сиёсий саҳнадан кетгач, қийин даврнинг бошланишини англатади.
BBC