O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Албатта, у ҳам агент…

Албатта, у ҳам агент…
141 views
01 March 2018 - 8:00

ГУЛНОР
(Ҳужжатли роман)
Аҳмад Бейжон Эржилосун (Ahmet Bican Ercilâsun)

Бу “роман”даги саргузаштли воқеаларнинг катта қисми 1986-йилда Ўзбекистонда рўй беради.

Романда тасвирланган персонажларнинг аксарияти бугун ҳаётда бўлган кишилардир. Улардан баъзилари муаллифнинг яқин дўстлари, танишларидир. Туркия ва Туркистон турклари ўртасидаги муносабатларни кузатиб бораётган ҳар бир киши романда тасвирланган воқеаларнинг реал ҳаётдан олиниб ёзилганига шоҳид бўлади.

Масалан, романдаги профессор Эрйигит — роман муаллифининг ўзи. Бошқа тўқима исм билан аталган олимлардан бири Турғут Дениз — ҳаётда профессор Дурсун Йилдиримдир.

Tошкент саёҳатида тасвирланган персонажлардан “Асан Али” — қримтатар ёзувчиси раҳматли Айдар Усмон бўлса, “Камол Эркин” — Рауф Парфидир.

“Mаҳмат Маъруф” эса, Мамадали Маҳмуддир.

Шунингдек, романда шоир Муҳаммад Солиҳ xам бор. У “Aнвар Мурот” исми остида тасвирланади.

Туркия туркчасидан ўзбек туркчасига ўгирган: Пирмуҳаммад Xoлмуҳаммад
Роман Истанбулда “Ötüken” нашрётида 1997 йилда Туркия туркчасида босилган

* * *

7-ҚИСМ

Турк ҳайъати Aнвар Mурод ва унинг дўстларини бошқа кўрмади. Иштвон Мандоқи қўнғирни ҳам кўришмади.

Сўнгги муҳим воқеа турклар озорийларнинг даъватини қабул қилишгани эди. Ўрхон Нодийнинг ўзбек маъмурларидан олган хабарига кўра, озорий олимлари КГБ агентлари эди. Шунга қарамай, уларнинг даъватини рад қилишмади. Аммо эҳтиёткор ҳаракат қилишиб, муҳим нарсаларни гаплашмадилар.

Озорийларнинг даъват қилган ери бар-ресторан эди, суҳбатлашишга мос жой эмасди. Ингичка мўйловли, узун бўйли Ойдин Маммедовнинг кўзлари чақнарди. У суҳбатни фалсафий йўналишга солмоқчи бўлиб кўрди, аммо уддасидан чиқолмади. Турк ҳайъатининг қулоғига қор суви кириб қолганди, сар берди, аммо сир бермади.

Гулнор бу ерга келмаганди, лекин бу учрашув ҳақида рапорт ёзди.

Иккинчи муҳим воқеа, Гулнорнинг профессор Ойша Қилич билан Ўғузни Tошкент бозорига олиб боргани бўлди. Ўғуз бунга икки сабабдан севинди: ҳам хўжа хоним билан суҳбатлашиш имкони туғилди, ҳам ўзбек халқи билан воситасиз кўришиш мумкин эди.

Бозор ранг-баранг эди. Сабза (яшиллик) ва меванинг кўплиги Ўғузни севинтирди. Москва кўчаларида чириган узум учун навбатда турган одамларни эслаб, ўзбекларнинг омадли эканидан севинди. Буни Гулнорга сўйлади. Гулнор ўзбекларнинг Москвага учоқда мева олиб бориб сотишларини айтди.

Ойша хўжа хоним бир неча метр атлас сотиб олди. Порлаган ранглар юқоридан пастга чизги-чизги тўкиларди. Ўзбек аёлларининг бир бутун парча ҳолда кийган атлас кўйлаклари уларга алоҳида ўзлик бағишларди.

Меҳмонлар кассета сотаётган сайёр сотувчи олдида тўхташганда уларни одамлар ўраб олишди. Гулнор бундан безовталанди. Ўғуз эса севинди. Ўғуз саволларга ҳасратли бир туйғу билан жавоб берарди.

Ойша хўжа хоним ва Ўғуз бир неча кассета сотиб олишди. Гулнор “бу ерда узоқ турмасак яхши бўлади”, дегандан сўнг, меҳмонлар йўлида давом этди. Катта кўча канорларида кабоб ва полов сотаётган кўчма дўкконлар бор эди. У ердан олган шашлик Ўғузга программадаги зиёфатда ейилганлардан лаззатлироқ туюлди.

Гулнорнинг рапорти ҳар кунгидан анча батафсил бўлди.

Самарқанд саёҳати бир ярим кун давом этди. Ўғуз тарихнинг ичида яшаётганни ҳис этди. Бибихоним мадрасасининг боғчасидаги чинни парчаларидан бирини Гулнорнинг рухсати билан ўзига олди. Ўғузнинг фируза ва яшил ранглар ўртасида бориб-келган боқишлари Гулнорнинг диққатини тортмаганди. Амир Темурнинг турбаси устида туркларнинг қўл кўтариб фотиҳа ўқиши ўзбекларни ҳам, xорижий саёҳатчиларни ҳам ҳайрон қолдирди. Гулнор Ўғузга қўшилиб, қўлини фотиҳага кўтармокчи бўлди-ю, аммо кўтармади. Бундай ҳаракатни бошлиқларга изоҳлашда қийналишини ўйлади. Лекин қўлини кўтармасдан, ичида фотиҳа ўқиш истаги келди, бундан Гулнорнинг ўзи ҳам ҳайратланди. Илк даъфа Ўғузнинг жозибасига асир бўлдиммикин, деган фикр келди. Буни кечириш мумкин эмасди. У ўз мамлакати ва давлатини севарди. Бундай хаёллардан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилиш керак деб ўйлади. У ўз рапортида турк ҳайъатининг фотиҳа ўқишини ва Ўғузнинг олган чинни парчасини ипидан-игнасигача тасвирлади. Лекин рапортда унинг хаёлига келган хиёнатчи фикрлар ҳақида ёзмади.

***

Конференция тугади. Меҳмонлар уй-уйига жўнаб кетишди. Ўзбеклар Москва, Олма ота ва Бокудан келган ҳайъатларга кўникишганди. Ҳатто Оврўподан келган ҳайъатлар ҳам уларга у қадар бегона эмасди. Фақат Tуркиядан келган олимлар ҳайъати Ўзбекистон учун жуда янги воқеа эди. Ўзбек зиёлилари бу ҳақда кўп гапиришди.

Гулнорнинг ҳолати бошқа эди. Москвадан ва Бокудан келганлар ҳам унинг учун янгилик эди. Tуркиядан келганлар ўзини тутишлари, кийинишлари билан эксплуататор капиталист тузум мансублари эканини дарров намойиш қилгандилар. Лекин Гулнор шуни сезганди-ки, уларда ташвиқотчилик руҳи йўқ эди. Уларнинг фикрлари ҳар хил ва буни эркин ифода этаолишарди. “Ўзбек турки” ёки “озорий турки” каби иборалар пантуркистик терминологияга оид булишига қарамай, турклар уларни кундалик сўзлари каби ишлатишаверарди. Гоҳ-гоҳ “ўзбек турки” демасдан, “ўзбек” ёки “ўзбек туркчаси” демасдан, “ўзбекча” деб ҳам бемалаол айтишаверарди. Шундай экан, наҳотки, турк ҳайъати аъзоларининг ҳаммаси агент бўлса?

Гулнор лоақал бир нечтасининг мутлоқо агент эмаслигини англаганди. Лекин Ўғузни у “агент эмас” дея олмасди. Таниқли, донгдор олимларнинг ичига бир аспирантнинг қўйилиши шубҳали эди. Ўғузнинг кам гапириб, атрофдагиларга қулок солиши бу шубҳани янада кучайтирарди. Фақат мавзу достонларга келганда ёки Гулнор билан ёлғиз қолгандагина Ўғуз тилга кирарди.

Гулнорни энг кўп безовта қилган нуқталардан бири “турк” сўзи эди. “Ўзбек” ва ”турк” сўзларини ёнма-ён қўйиш мумкинми? Гулнорнинг билган турклари шу масxат турклари эди. 1944 йили Ўзбекистонга келиб, ўзбеклардан ҳам яхшироқ яшай бошлаган уддабуррон кишилар. Улар илмий социализмга тўғри келмаган капиталист руҳли учарлар эди. Шулар билан ўзбекларни қиёслаш Гулнорнинг ғашини келтирарди.

Қорлиғашов Гулнорга янги вазифа берди. Гулнор Aнвар Mурод ва унинг дўстлари билан яқин бўлиб, улар ҳақида маълумот бериб турадиган бўлди. Уларга яқинлашиш учун заминни Қорлиғашов тайёрлади. Ёзувчилар Уюшмасидаги одамлари орқали Aнвар Mуроднинг шеър ҳақида суҳбатини уюштирди. Гулнор тингловчи сифатида қатнашди. Гулнор суҳбатдан кейин сирли саволлар билан Aнвар Mуроднинг диққатини тортди. Шеърда метафоранинг роли ҳақида айёрларча саволлар берган Гулнор Aнвар Mуродда сатр остида маънони англайдиган одам таассуротини қолдирди. Савол-жавоб ўрталарида махфий келишувни вужудга келтирди. Учрашув сўнгида Aнвар Mурод “сиз билан учрашиб турайлик”, деди. Ўша кундан бери Гулнор Aнвар Mуроднинг уйида бўладиган суҳбатларнинг доимий муштарийси бўлди.

Гулнор Aнвар Mуроднинг уйида бўлган суҳбатлардан турклар билан бўлган алоқанинг бутун тафсилотларини ўрганиб, Қорлиғашевга рапорт ёзди. Ташкилот (КГБ) энди Aнвар Mуроднинг турклардан “Туркчилик асослари” китобини сўраганини ҳам билар эди.

***

Сариқ, муйловли одам асли қипчоқ эди. У халқаро маданий алоқалар шартномаси программаси бўйича Совет Иттифоқига келганди. Tошкентда ҳам икки кун бўлиши керак эди.

Қорлиғашов Гулнорга янги вазифа сифатида бу сариқ одам, профессор Тургут Денизга “йўл кўрсатувчи” бўлишни топширди.

Сариқ, мўйловли бу одам ўша Можор профессорга жуда ўхшарди. Гулнор Иштван Мандоқининг сўзларини тинглаган кунини эслади.

Профессор Тургут Денизни ҳаво майдонида кутиб олишди. Унинг йўғон овози Гулнорнинг диққатини тортди.

Меҳмонхонада номерига кириб чамадонини қўяркан, профессор Тургутнинг мўйлови Иштван мандоқини эслатишини ўйлади Гулнор.

Гулнор икки кунлик программани профессорга икки дақиқада тушунтирди.

–Сизнинг программа ташқарисида истагингиз борми?, — деди Гулнор.

–Ташаккур, — деди профессор, — яхши программа тайёрлабсиз, зотан мен ҳам фолклорист олимлар билан кўришишни орзу қилгандим. Академияда уларни кўрарканмиз…

–Албатта, эртанги зиёратингизда улар билан сизни кўриштирамиз, — деди Гулнор.

–Олпомиш достонининг пластинкаларини ҳам топсак яхши бўларди, — деди профессор Дениз.

–Уни ҳам топамиз. Мен истагингизни керакли одамларга айтиб қўяй, вақтимиз оз, пластинкаларни топишда қийналиб қолмайлик…

Профессор Дениз бу қизнинг телефонга қараб юришини кўриб, унинг дуркун қомати ва шахдам қадамларини фикран қайд этди. Қизнинг яшил кўзлари яна-да кўпроқ диққат чекарди.

Профессор Дениз Совет Иттифоқига биринчи келиши эмасди. Ва бу “йўл кўрсатувчи”ларнинг аксарияти агент бўлишини биларди. Шунинг учун ҳам Aнвар Mуродни кўрмоқчи эканини Гулнорга айтмади.

Профессор Дениз Mаҳмат Эрйигит билан университетнинг бошланғич курсларида танишганди. 1963 йилнинг куз ойлари Тургут Дениз каби Mаҳмат Эрйигитнинг ҳам ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлди.

Абдулҳак Ҳамид анфиси, Сулаймония кутубхонаси, Ускудор ўчоги ва Мармара қироатхонаси бу икки дўстнинг ҳаётини шакллантирган имконлар эди.

Mаҳмат Сулаймонияга тез-тез борар, у ерда Отсиз билан учрашарди. Тургутнинг фикрича, Отсиз 20-асрнинг бахшиси, ҳатто шомани эди. Уни муқаддас санарди ва унинг ёнида ўзини Mаҳматчалик эркин тутолмасди.

1965 йилда икки дўст катта иш бажаришди. Истанбул ёшлар бўлими вакили сифатида Анқарага бориб ЖкМП (Жумҳуриятчи қишлоқчи миллиятчи партия) қурултойида Бошбуғу (Алпарслон Туркаш)нинг сайланиши учун овоз бергандилар…

Гулнорнинг телефонда бу қадар узоқ гаплашишига сабаб нима? Албатта, у ҳам агент. Қизиқ, булар Турғутнинг Бошбуғу билан алоқаси борлигини билишармикин?

1968 йил апрел ойининг ўн бешинда Xожиамин ўғли билан қилган узун тортишмасини эслади профессор. Хожиамин уғли яхши миллиятчи эди, Турғут уни жуда ҳурмат қиларди. Лекин партияга яқинлашмасди…

Гулнор мутлоқо компартия эъзоси эди.

15 апрел Турғутнинг туғилган куни эди. Аммо қишлоқдан келган пролетар оилаларда туғилган кун нишонланмасди. У 1968 йил 15 апрелда ҳам ўз туғулган кунини нишонламади, профессор Нажмиддин Xожиамин ўғли билан партия мунақашасини қилди. Мунақаша натижаланмади, аммо Xожиамин ўғли:

–Турғут, менинг шошилинч ишим бор, бу мавзуни эртага тортишсак бўладими?, — деганди.

–Албатта, хўжам, — деганди Турғут ва хонадан чиққанди.

Фақат хўжанинг қандай шошилинч иши борлигини билмасди. Бошбуғу фикрлари ўлканинг қутқарувчиси эканига хўжа ҳам Турғут каби ишонарди. Лекин партияга яқинлашмасди. Турғут Оқсарой тарафга юраркан, хўжа билан бўлган тортишмани зеҳнида тафтиш қилди. У кун Турғутнинг туғилган куни эди. Лекин ухлаш учун ётоғига узанар экан Mаҳматнинг никоҳ куни эканини эслади ва ўрнидан сапчиб турди. Энг яқин дўстининг бахт кунини қандай унутиши мумкин?

Аммо фойдасиз эди, кеч бўлганди. Қайтадан узанди, лекин кўзига уйқу келмади…

Бу воқеани кейинроқ Mаҳмат билан жуда кўп эсладилар. Mаҳмат:

–Ҳа, Турғут, сенга “шошилинч ишим бор” деган Xожиамин ўғли никоҳ қиювчи эди, — дерди кулиб.

–Мен қаердан билибман? — деди Турғут, — хўжа шошилинч ишим бор, деб чопди. Айтсайди, Mаҳматнинг никоҳ тўйига бораяпман, деб, мен эса хўжани партияга киришга ундан овора бўлибман, — дерди Tурғут.

Ҳар сафар, бу кулгили воқеани эслашаркан, Tурғут соддалик билан такрор-такрор афсусланарди. Mаҳмат эса тинмай куларди…

Ўн кун аввал Mаҳмат ўз кутубхонасидан “Туркчилик асослари”ни олиб, Турғутга узатар экан:

–Буни мутлақо Aнвар Mуродга етказишинг керак, — деганди, — Биласан, бу китоб бозорда йўқ. Қоплон хўжанинг нашри. Саҳифа четларига ёзувларим ҳам бор эди, аммо илож йўқ, юборишимиз керак.

Турғут китобни оларкан, буни нашрга тайёрлаган Қоплон хўжанинг дарсларини эслади. “Туркчилик асослари”нинг тадқиқотчиси эди. Нозим Ҳикмат ҳақида у билан тортишганини эслади Турғут. Қисқаси, улар туркологиянинг ҳашарий болакайлар эди.

Юзида табассум билан ёнига келган Гулнор ҳам ҳашарий бола эди холос.

Акс ҳолда, унинг юзида бундай тоза кулимсираш пайдо бўлмасди.

(давоми бор)