O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Алихонтўра Соғуний ҳақида

Алихонтўра Соғуний ҳақида
654 views
29 May 2021 - 17:00

У кишининг Амир Темур Тарағай Баҳодир ўғли каламига мансуб “Темур тузуклари”, Аҳмад Донишнинг “Наводир-ул вақое”, Дарвешали Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”,  Херман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарларини ўзбекчага ўгирилиши она Туркистон фозила маданиятини сақлаб қолиш йўлида холис бажарилган улкан хизматнинг дебочаси эди. Улардан баҳраманд бўла олганлар, ушбу ишни энг олий мақомда бажарувчи фақат кучли алломагина эмас, балки забардаст тарихий шахс бўлганлар.

Ислом оламида ўзига хос ўринга эга бўлган “Тарихи Муҳаммадий”, миллат эркини ўйлаб ёзилган “Туркистон қайғуси” китоблари ҳазратнинг нақадар миллатпарвар бўлганлигидан далолат беради. У киши тўғрисида эл орасида бир томондан “комил диний олим”, “маршал ота”, “хитойлик генерал”, “уйғурларнинг ҳибс қилинган подшоси” деган, иккинчи томондан “советлар душмани”, “панисломист, пантуркист”, “сиёсий кочоқ” “Сталиннинг яқини”, “КГБ билан ҳамкор”, “ўзбек совет разведкачиси” каби овозалар юрарди. Ҳукумат идораларида масъул бўлиб ишлаб юрганлар эса Алихонтўра ҳақида, одатда, сукут сақлардилар.

Раҳматли адибларимиз Эркин Воҳидов ва Тоҳир Маликлар билан суҳбатлашганимда у зотнинг номларини доим эҳтиром билан тилга олишарди. Эркин ака тоғалари Каримбой Саҳибоевнинг уйларида бўладиган машваратда Соғуний ҳазратларининг иштирокини, у кишининг Фузулийни “Банимким ғамларим вордир, бийирин учтина қўйсанг, / Чиқар кофир жаҳаннамдим, / Куйиб аҳли азоб ўйнар…” байтини нозик таҳлил қилиб берганликларини, Эркин Воҳидовнинг 15 ёшида “Қора қушлар қўнарлар мажнунтолнинг шохига…” шеърини тинглаб, буюк шоир бўлишларига дуо қилганликларини кўп марта таъкидлардилар.

Ёзувчи устозимиз Тоҳир Малик эса Соғуний ҳазратларининг , “Ўзбеклар наҳорги ош атрофида тўплангандек бирлашса эдилар, биздан кучли миллат бўлмас эди…” деган ибратомуз гапларини иқтибос сифатида келтиришни яхши кўрардилар.

Шайх Зайниддин бобо қабристонида жойлашган Ҳазрат Алихонтўра Соғуний сағанаси 2019 йил 4 октябрда Маданий мероснинг миллий рўйхатига киритилган.

Яқин йилларда уларнинг ҳаёт, фаолиятларига бағишланган музей ташкил этилса не ажаб?

Ҳазрат Алихонтўра Соғуний музейини кўриб у кишининг ҳаётлари, жасорати, шиддаткорлиги, юксак маърифати ва илмидан миллатимиз ёшлари ибрат оладиган маскан бўларди.

Нигора Умарова