АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙ
Дин, жамоат ва давлат арбоби, етук уламо, моҳир таржимон Алихонтўра Шокирхўжа ўғли СОҒУНИЙ ҳазратлари (Алихон Шокирхўжаев) Туркистон ўлкасининг Боласоғун (Тўқмоқ) шаҳрида (ҳозирги Қирғизистон Республикаси) 1885 йил 21 март куни туғилган. Миллати ўзбек.
Алихонтўра Шокирхўжа ўғли Дастлаб Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасасида, кейинчалик эса Мадинаи мунавварадаги мадрасалардан бирида таҳсил олган. Ҳаж сафарини икки марта (1905 ва 1924 йиллари) адо этган.
1915 – 1924 йиллари Бухоро мадрасасида дарс берган. Чор Россияси маъмуриятининг ерли аҳолини мардикорликка (аскарликка) олиш сиёсатига қарши чиққан Алихонтўра Шокирхўжа ўғли оқ подшонинг махфий полицияси томонидан таъқиб қилинган. Совет тузумини танқид қилгани учун эса 20- йиллари тўрт марта ҳибсга олиниб, Пишпек шаҳар қамоқхонасида сақланган.
1930 йилнинг ноябрь ойида шўро органлари томонидан яна ҳибсга олиниб, 10 йил муҳлатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лагерлар ва қамоқхоналар Бош бошқармаси (рус. ГУЛАГ) тасарруфидаги лагерлардан бирига жўнатилишидан олдин қамоқдан қочиб, 1931 йили Совет-Хитой чегарасини кесиб ўтганча, Шарқий Туркистоннинг Ғулжа шаҳрида қўним топган. Тез орада номи чиқиб, шаҳар масжидларининг бири «Бейтулла» масжидига имом этиб тайинланган.
Тарихий меъморлик обидалари ва қадимги қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилган Алихонтўра ҳазратлари Ғулжада қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, балоғат, мантиқ, табобат, тарих, сийрат, жўғрофия, назму наср ва бошқа фанлар билан шуғулланган. Аҳмад Донишнинг «Наводир-ул вақоэ», Дарвиш Али Чангийнинг «Мусиқа рисоласи», шунингдек «Темур тузуклари» каби асарларни таржима қилган. «Девони Соғуний» шеърий тўплами, «Тарихи Муҳаммадий», «Шифо ул-илал» («Хасталиклар давоси») каби асарлар яратган.
1937 йили омма орасида ҳуррият ғояларини тарғиб қилгани учун Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.
1941 йили маҳаллий диний арбобларнинг саъй-ҳаракати билан қамоқдан озод қилинган. Қамоқдан чиққач, сиёсий фаолиятини яширин давом этган.
1943 йили «Шарқий Туркистон озодлик ташкилоти»ни яратган.
1944 йил 12 ноябрь куни Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилинди, Алихонтўра эса Муваққат инқилобий ҳукумат раиси этиб сайланди. Миллий армия яратилиб, унга қўмондонлик қилди.
1946 йил 28 июль куни совет махсус хизмати ходимлари томонидан қўлга олиниб, Совет Иттифоқи ҳудудига яширинча олиб чиқилди ва умрининг охиригача Тошкентда уй қамоғида сақланди.
1976 йил 28 февраль куни 91 ёшида вафот этди.
Алихонтўра СОҒУНИЙ ҳазратлари Тошкентдаги Шайх Зайниддин бобо қабристонига дафн этилган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Тошкентнинг Яккасарой туманидаги ўрта мактабга, Чилонзор туманидаги маҳаллага, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага унинг номи берилган.
Ҳазратнинг «Тарихи Муҳаммадий» асарини рус тилига таржима қилиш менинг орзуимга айланган.
Шокир Долимов