O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Алишер Навоий Бухорони нега Маккага қиёслаган эди?

Алишер Навоий Бухорони нега Маккага қиёслаган эди?
192 views
18 July 2020 - 6:31

Бухоро — 2020 йилда “Ислом олами маданияти пойтахти”

Она – юртимиз тарихини ўрганиш бугун бизга Ватан туйғусини камолга етказиш учун жуда ҳам керак. Каминадан баъзан “Улуғларимиз Бухоронинг шариф шаҳар эканлиги хусусида қандай битиклар қолдиришган?”, дея сўраб қолишади.

Буюк муҳаддис – Имом Бухорий етишиб чиққани учун ислом оламида Бухоро шариф шаҳар сифатида шуҳрат қозонган.

Алишер Навоий “Фавойид ул-кибар”нинг бевосита Муҳаммад алайҳисссалом таърифларига бағишланган наът ғазалларидан бирини:

Билди чу ҳадисингни саҳиҳ эмди Навоий,
Маскан чу тилар бўлса не Батҳо, не Бухоро,

–дея тугатади. Батҳо – Маккайи мукарраманинг эски номи. Биласизки, Имом Бухорий тузган ҳадислар мажмуаси “Саҳиҳи Бухорий” номи билан машҳур.

Навоийнинг лирик қаҳрамони: “Ҳадисингнинг саҳиҳ, яъни ишончли эканини билганидан кейин Навоий Маккага бориб юриши шарт эмас, Бухорони маскан тутса ҳам, бўлаверади”, – дея лутф қилади. Шу тариқа Бухоро мусулмон дунёсида бевосита Макка билан чоғиштириладиган муқаддас шаҳарлардан бирига айланган эди.

Баҳоуддин Нақшбанд туфайли эса Бухоронинг шуҳратига шуҳрат қўшилди. Адабиётда ҳам бу шаҳри шарифнинг талай таърифлари пайдо бўлди.

Муҳаммад Ҳусайннинг “Силсилаҳойи тасаввуф” номли китобида Бухоронинг авлиёлар макони– “кони валоят” экани тилга олинади:

Он хок чй хок аст, ки шуд кони валоят,
Чандин гуҳар аз маъдани икром дар он жост.

Таржимаси: “Бу қандайин тупроқки, авлиёларга кон бўлибди, у ердаги карам маъданидан қанчадан-қанча гавҳар чиқибди”.

Чиндан ҳам, Бухоронинг деярли хар бир қадимий қадамжосида бир буюк авлиё ётибди. Бухоро айнан ана шу муқаддаслиги жиҳатидан Батҳою Ясриб, яъни Маккаю Мадинадан кейинги шаҳар ҳисобланади.

Комилжон Раҳимов,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, манбашунос

Манба: facebook.com