Алишер Навоий қитъалари ўта гўзал. Маънога тўла. Ўқиб қалб ҳузур қилади, гоҳо кўзлар ёшланади…
“Қитъа” сўзи парча, бўлак деган маънога эга. Фақатгина жуфт мисралари қофияланган ва арузнинг муайян вазнида битилган, ахлоқий-таълимий шеърлар қитъалардир.
Айтиб ўтиш жоизки, Навоийнинг соф исломий, тасаввуф йўлдаги бошқа шеърлари каби кўплаб қитъалари халқ кўзидан пана тутилади. Тўғри, китобларда чоп этилади, аммо бирор олим уларни ТВ, радио ёки бирор нашрда кенг омма учун шарҳ этмайди. Балки бир қарашда диний тушунчалар ярқ этиб кўзга ташланмайдиган ҳамда, энг муҳими, Каримов сиёсатига мослиниши мумкин бўлган шеърлар, хусусан, қитъалар ҳар йили такрорланади.
Яқин келажакда халқимиз чинакам эркни қўлга киритгач, Навоий хазинасидан тўлиғича баҳраманд бўлажак, иншаОллоҳ.
Қуйида Навоий ҳазратларининг қитъаларини насрий баёни билан тақдим этмоқдамиз.
Умид қиламизки, мутолаа онлари завқли кечажак, иншаОллоҳ.
ЎХҲ таҳририяти
***
Сўзга қулоқ солмоқу оғиз очмамоқ, гавҳарни териб, ўз гавҳарин сочмамоқ
Қулоқда асра гаронмоя сўзнию фикр эт
Ки, дурсиз ўлса, не бўлғусидур садаф ҳоли.
Сўзунгни дағи кўнгул ичра асрағилким, ҳайф
Ким, уйла дуржни гуҳардин эткасен холий.
Бу дуржу икки садафни тўла дур этканга,
Зиҳе улувви гуҳар, балки гавҳари олий.
Мазмуни:
Сўзга қулоқ солиб оғиз очмаслик, гавҳар териб, ўз гавҳарини сочмаслик ҳақида
Қулоғингда қимматбаҳо сўзни асра ва фикр эт: агар дур бўлмаса, садаф қандай ҳолга тушади?
Сўзингни яна кўнгил ичида сақла, агар шундай қилмасанг, қутиндан гавҳарларни сочганингдек ҳайф бўлади.
Бу дуржу – кўнгилни ва икки садафни – қулоқни дурга тўла қилган одамга офарин! Балки унга янада олийроқ гавҳарлар насиб этсин!
Тамом