Алишер Навоий қитъалари ўта гўзал. Маънога тўла. Ўқиб қалб ҳузур қилади, гоҳо кўзлар ёшланади…
“Қитъа” сўзи парча, бўлак деган маънога эга. Фақатгина жуфт мисралари қофияланган ва арузнинг муайян вазнида битилган, ахлоқий-таълимий шеърлар қитъалардир.
Айтиб ўтиш жоизки, Навоийнинг соф исломий, тасаввуф йўлдаги бошқа шеърлари каби кўплаб қитъалари халқ кўзидан пана тутилади. Тўғри, китобларда чоп этилади, аммо бирор олим уларни ТВ, радио ёки бирор нашрда кенг омма учун шарҳ этмайди. Балки бир қарашда диний тушунчалар ярқ этиб кўзга ташланмайдиган ҳамда, энг муҳими, Каримов сиёсатига мослиниши мумкин бўлган шеърлар, хусусан, қитъалар ҳар йили такрорланади.
Яқин келажакда халқимиз чинакам эркни қўлга киритгач, Навоий хазинасидан тўлиғича баҳраманд бўлажак, иншаОллоҳ.
Қуйида Навоий ҳазратларининг қитъаларини насрий баёни билан тақдим этмоқдамиз.
Умид қиламизки, мутолаа онлари завқли кечажак, иншаОллоҳ.
ЎХҲ таҳририяти
***
Қаноат нақшининг ифшосию нақшбандия тариқининг адоси
Қаноат тариқиға кир, эй кўнгул
Ки, хатм ўлғай ойини иззат санга.
Десанг шоҳ ўлай еру кўк басдурур,
Бу бир тахту ул чатри рифъат санга.
Фано шуъласида ёшур жисмни,
Керак бўлса зарбафт хилъат санга.
Етар лола буткан қоя қулласи,
Мурод ўлса гулгун ҳашмат санга.
Эрур бас ариғ нуктаву қон ёшинг,
Дуру лаълдин зебу зийнат санга.
Десанг хилватим анжуман бўлмасун,
Керак анжуман ичра хилват санга.
Ватан ичра сокин бўлуб сойир ўл,
Сафардин агар бўлса меҳнат санга.
Назарни қадамдин йироқ солмағил,
Бу йўл азми гар бўлса рағбат санга.
Дамингдин йироқ тутмағил ҳушни
Ки, юзланмагай ҳар дам офат санга.
Бу тўрт иш била рубъи маскун аро,
Чалинмоқ не тонг кўси давлат санга.
Бу оҳанг ила бўлғасен нақшбанд,
Навоий, агар етса навбат санга.
Мазмуни:
Қаноат нақшининг фош бўлиши ва нақшбандия йўлини адо қилиш ҳақида
Қаноат йўлига кир, эй кўнгил, шунда сен иззат мақомини хатм қилган бўласан.
Агар шоҳ бўлай десанг, ер ва кўк етарли – бири сенга тахт, бири эса юксак чодирдир.
Фано нури ичра жисмингни яшир, агар сенга зарбоф тўн керак бўлса.
Муродинг гулгун ҳашамат бўлса, қоя минорасида битган лола сен учун етарлидир.
Агар дур ва лаълдан зийнат истасанг, покиза сир ва қонли ёшинг шундай зийнатдир.
Хилватим анжуман бўлмасин десанг, сенга анжуман ичида хилват керак.
Агар сафар машаққати зарур бўлса, Ватанда сокин бўлсанг ҳам сайр этгувчи бўл.
Агар бу муборак йўлга кириш учун рағбатинг – хоҳишинг бўлса, қадамингни назардан йироққа қўйма.
Агар бир нафас ҳам ҳушингни йўқотмасанг, сенга офат юзланмайди.
Агар сен бу тўрт ишни тўрт маскан аро қилсанг, давлат ноғоралари сен учун чалинса, не ажаб!
Навоий, агар сенга навбат келса, бу оҳанг билан нақшбанд бўласан.
Қисқача шарҳ:
Ушбу қитъада Навоий нақшбандия тариқатининг шартларини санаган. У нақшбандия йўлида қаноат бирламчи эканини айтган. Навоий қитъада тўрт ҳолатга диққат қаратган:
1) анжуманда хилватга эришмоқ (хилват дар анжуман) – жамият ичра юриб Оллоҳ зикрида бўлиш;
2) ўз маконингда бўлиб сафар машаққатини билиш (сафар дар Ватан) – бу оламнинг ўзини бир сафар – сайргоҳ деб тушуниш. Бу оламдан, албатта, ўтиб кетиш нақдлигини ёдда сақлаш;
3) ҳамиша кўзни оёққа қадаб юриш (назар бар қадам) – кўз орқали турли гуноҳларга йўл қўймаслик учун ҳамиша юраётган йўлга қараш;
4) ҳар нафасдан огоҳ бўлиш (ҳуш дар дам) – ҳар нафасда Оллоҳнинг икки марта зикр этмоқ: олинган ва чиқарилган нафасда.