Алишер Навоий қитъалари ўта гўзал. Маънога тўла. Ўқиб қалб ҳузур қилади, гоҳо кўзлар ёшланади…
“Қитъа” сўзи парча, бўлак деган маънога эга. Фақатгина жуфт мисралари қофияланган ва арузнинг муайян вазнида битилган, ахлоқий-таълимий шеърлар қитъалардир.
Айтиб ўтиш жоизки, Навоийнинг соф исломий, тасаввуф йўлдаги бошқа шеърлари каби кўплаб қитъалари халқ кўзидан пана тутилади. Тўғри, китобларда чоп этилади, аммо бирор олим уларни ТВ, радио ёки бирор нашрда кенг омма учун шарҳ этмайди. Балки бир қарашда диний тушунчалар ярқ этиб кўзга ташланмайдиган ҳамда, энг муҳими, Каримов сиёсатига мослиниши мумкин бўлган шеърлар, хусусан, қитъалар ҳар йили такрорланади.
Яқин келажакда халқимиз чинакам эркни қўлга киритгач, Навоий хазинасидан тўлиғича баҳраманд бўлажак, иншаОллоҳ.
Қуйида Навоий ҳазратларининг қитъаларини насрий баёни билан тақдим этмоқдамиз.
Умид қиламизки, мутолаа онлари завқли кечажак, иншаОллоҳ.
ЎХҲ таҳририяти
***
Маъни аҳлидин гадолиғ башорати ва суврат аҳлидин шоҳлиғ ишорати
Аҳли маъни гуруҳида зинҳор,
Ҳеч ор айлама гадолиғдин
Ким, буларға гадолиғ ортуғдур,
Аҳли сувратқа подшолиғдин.
Мазмуни:
Маъно аҳлидан гадолик хушхабари ва суврат аҳлидан шоҳлик ишораси Маъно аҳли даврасида гадо бўлишдан ҳеч қачон ор қилма, чунки булар учун суврат аҳлига шоҳ бўлишдан кўра гадолик афзалдир.