Алишер Навоий қитъалари ўта гўзал. Маънога тўла. Ўқиб қалб ҳузур қилади, гоҳо кўзлар ёшланади…
“Қитъа” сўзи парча, бўлак деган маънога эга. Фақатгина жуфт мисралари қофияланган ва арузнинг муайян вазнида битилган, ахлоқий-таълимий шеърлар қитъалардир.
Айтиб ўтиш жоизки, Навоийнинг соф исломий, тасаввуф йўлдаги бошқа шеърлари каби кўплаб қитъалари халқ кўзидан пана тутилади. Тўғри, китобларда чоп этилади, аммо бирор олим уларни ТВ, радио ёки бирор нашрда кенг омма учун шарҳ этмайди. Балки бир қарашда диний тушунчалар ярқ этиб кўзга ташланмайдиган ҳамда, энг муҳими, Каримов сиёсатига мослиниши мумкин бўлган шеърлар, хусусан, қитъалар ҳар йили такрорланади.
Яқин келажакда халқимиз чинакам эркни қўлга киритгач, Навоий хазинасидан тўлиғича баҳраманд бўлажак, иншаОллоҳ.
Қуйида Навоий ҳазратларининг қитъаларини насрий баёни билан тақдим этмоқдамиз.
Умид қиламизки, мутолаа онлари завқли кечажак, иншаОллоҳ.
ЎХҲ таҳририяти
***
Покрав нисо таърифидаким, инсон онсиз холидур ва олудаваш рижолким, нурсизлиқдин дажжоли бемисолдур
Юз туман нопок эрдин яхшироқ
Пок хотунлар аёғининг изи,
Лут ўғлин кўрки солди тийралик
Динға нафс илгида табъи ожизи.
Даҳр аро ёқти сиёдат машъалин,
Покравлиқтин расулуллоҳ қизи.
Мазмуни:
Ўн миллион нопок эрдан кўра покиза аёлларнинг оёғи излари яхшироқдир, мана, Лут алайҳиссалом ўғлини қара – динга унинг нафс кўйида қоралик солди.
Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, қизлари – Фотима онамиз розияллоҳу анҳо – у кишидан кейин бу дунёда улуғлик машъалини пок бўлгани учун ёқди.