O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Алишер Навоий қитъалари (9)

Алишер Навоий қитъалари (9)
168 views
26 February 2016 - 4:15

alisher navoiy(Боши)

Алишер Навоий қитъалари ўта гўзал. Маънога тўла. Ўқиб қалб ҳузур қилади, гоҳо кўзлар ёшланади…

“Қитъа” сўзи парча, бўлак деган маънога эга. Фақатгина жуфт мисралари қофияланган ва арузнинг муайян вазнида битилган, ахлоқий-таълимий шеърлар қитъалардир.

Айтиб ўтиш жоизки, Навоийнинг соф исломий, тасаввуф йўлдаги бошқа шеърлари каби кўплаб қитъалари халқ кўзидан пана тутилади. Тўғри, китобларда чоп этилади, аммо бирор олим уларни ТВ, радио ёки бирор нашрда кенг омма учун шарҳ этмайди. Балки бир қарашда диний тушунчалар ярқ этиб кўзга ташланмайдиган ҳамда, энг муҳими, Каримов сиёсатига мослиниши мумкин бўлган шеърлар, хусусан, қитъалар ҳар йили такрорланади.

Яқин келажакда халқимиз чинакам эркни қўлга киритгач, Навоий хазинасидан тўлиғича баҳраманд бўлажак, иншаОллоҳ.

Қуйида Навоий ҳазратларининг қитъаларини насрий баёни билан тақдим этмоқдамиз.

Умид қиламизки, мутолаа онлари завқли кечажак, иншаОллоҳ.

ЎХҲ таҳририяти

***

Ақлнинг барча тариқида маошни душвор билмагу жунунға қарор бермак

Важҳи маош учун кишиким деса фикр этай,
Қисмат ризосидин анга бегоналиқ керак.

Кунжи қаноат арчи эрур салтанат валек
Элдин тамаъни узгали мардоналиқ керак.

Ким ишқ асири ўлсаки, мумкин эмас висол
Дарду балоға ҳамдаму ҳамхоналиқ керак.

Лаззоти нафс тарки самари офият берур,
Лек ул шажарни эккали фарзоналиқ керак.

Тажрид нуридин киши кўз ёрутай деса,
Аҳбоб ҳажри шамъиға парвоналиқ керак.

Гар анжуманни деса муриду мутиъ этай,
Кўп нуктаву фасонада афсоналиқ керак.

Ботин ҳаримида тиласа махзани ҳузур,
Зоҳир уйи асосиға вайроналиқ керак.

Зоҳир юзидин ар тиласа тожу иззу жоҳ,
Дарду бало муҳитиға дурдоналиқ керак.

Десанг халос ўлай борисидин Навоийдек,
Бехудлуғу май ичмагу девоналиқ керак.

Мазмуни:
Ақлнинг барча йўлида тирикликни душвор билмак ва жунунга қарор бермак ҳақида

Инсон тириклик учун фикр этай деса, қисматга ризо бўлмаслиги керак.

Қаноатнинг ўзи бир салтанат, аммо элдан таъма қилмаслик учун мардоналик зарур.

Агар ким ишққа асир бўлса, висол мумкин эмас, у дарду балога ҳамдаму ҳамхона бўлиши шарт.

Нафс лаззатини тарк қилишнинг меваси офиятдир – омонликдир, лекин бу мевани берадиган дарахтни экиш учун фидойилик керак.

Тажрид – ёлғизлик – Оллоҳ билан қолиш нури ила кўзни ёритаман деган инсон дўстлар айрилиғининг шамига парвона бўлиши лозим.

Агар киши кўпчиликни истаса, бошқаларни мурид қилай, мутеъ қилай деса, жуда кўп билим ва сеҳр борасида сеҳргарлик керак бўлади.

Кимки, ботин ичидан ҳузур хазинасини истаса, зоҳир уйини вайрону устига қуриши лозим.

Агар инсон зоҳир юзидан тож, иззат ва давлат тиласа, дарду бало ичида дурдона бўлиши керак.

Агар буларнинг ҳаммасидан Навоий каби халос бўлай десанг, ҳушингни йўқотишинг, май ичишинг ва жинни бўлишинг керак.

(Давоми бор)